Алоқа | Обуна

Кўнгилда қолган жароҳат

Бир оилада ака-ука, опа-сингил вояга етиб, катта бўлиб, уйли-жойли бўлгунча аҳил-тотув яшайдилар. Вояга етгач эса, ҳамма ўз рўзғор ишлари, оиласи билан банд бўлиб, бир зумгина бир-биридан хабар олишни ҳам унутиб қўйишар экан.
Орага совуқчилик тушишига ҳам арзимас баҳоналар сабаб бўлади. Чунки ҳар бир кўнгилнинг тори чертилганда ўзига яраша садоси, ҳайқириқли нидоси эшитилиб туради. Сизни ранжитишга заҳри қотилга тенглашгувчи сўз заҳри ҳам етарли бўлади. Ахир, бежизга, қори кетса ҳам музи кетмайди ёхуд тиғ яраси битса ҳам-ки, тил яраси битмайди, дейишмаган доно халқимизда.
Ўзганинг отган тошидан, яқининг отган увада қаттиқ тегаркан. Кўнгилда сўз ханжари қолдирган жароҳатнинг ўрни тўлмайди. Ўша заҳм етказган инсонингизни кўрган чоғингизда, нимагадир, эски хотиралар янгиланиб, янгиси эса — ҳеч ҳам ёддан чиқмай туравераркан. Одамзод боласи шунчалар мукаммал яратилса ҳам-ки, қилинган яхшиликларни тезда унутиши мумкин экан-у дилига озори теккан сўзнинг дилдан ўчирилиши қийин экан…
Эрталаб Зоҳиднинг уйи олдига укасининг машинаси келиб тўхтади. Нимадандир безовта бўлган Зоҳид апил-тапил кийиниб, кўчага чиқди.
– Ака, тезда шифохонага етиб боришимиз керак. Акамдан хабар олайлик. Уйида нимадир бўлганга ўхшайди, – деди Адҳам кўзларини ерга тикканича.
Шифохонада икки тарафдан анчагина одамлар тўпланганди. Келинойиси Адолатнинг ака-укаларининг кайфияти ҳам мақтовли эмасди. Жон сақлаш бўлимининг ёнига яқин келганида, укаси яна Зоҳидга қаради.
– Зоҳид ака, Жасур ўз жонига қасд қилибди. Боя сизга айтишга ботинмагандим, – деди-да, кўзлари ёшланди.
Бошга кулфат тушганида, биринчи галда, яқинларнинг қовурғаси қайишади. Воҳид акасининг ўғлини ўз боласидай яхши кўрган Зоҳиднинг миясида чақин чаққандай бўлди. Мусулмончиликда майитни тезда ювиб, жаноза ўқиш буюрилган. Акасининг бошига тушган мусибатни елкаси билан кўтаришга тайёр турганди. Керакли бўлган ҳамма нарсани ўз гарданига юклади.
Ака ота ўрнида, деган иборани отаси дамодам такрорлаб турарди. Шундай вазиятда қўлтиғига суянч бўлолмаса, унинг укалиги қаерда қолди… Югур-югур ишларнинг барини режалаб, ҳамма расм-русумларнинг тўлиғича адо этилишини таъминлади. Авлод катталари ҳам қараб туришмади, албатта. Лекин ҳамма ишни бошқариб туриш учун бир жон ачиринг бўлмаса қийин бўлади. Бирин-кетин маъракалар ҳам ниҳоясига етди. Ишдан эртароқ қайтиб, акасидан хабар олай, деган Зоҳидни йўл-йўлакай Адҳам ушлаб қолди.
– Қаерга бораяпсиз, Зоҳид ака? – дея сўради.
– Анчадан бери Воҳид акамни кўрмадим. Юр, бирга бориб келамиз, – дея уни ҳам акасининг уйига боришга ундади.
– Бормайман, сиз ҳам борманг! Эрталабдан кечгача ишда юриб, маҳаллада нима гаплар бўлаётганлигидан хабарингиз йўқ экан-да. Келинойим ҳам қулоғини беркитиб олганми? Адолат келинойим бизни шарманда қилди-ку. Бир фолбиннинг уйига борса, ўзингнинг яқинларинг ўғлингнинг ўлимига сабабчи, дебди. Шунинг учун, биздан гумонсираб, ҳаммага бизни ёмонлаб юрибди. Унинг дастидан кўчада юргиликсиз бўлиб қолдик. Акам ҳам кирсангиз — гапиргиси келмай, бетини тескари қаратиб олаяпти, – деди йиғламоқдан бери бўлиб.
Зоҳид укасининг гапига ишонқирамай, акасининг уйига йўл олди. Эшикдан ичкарига кирганидан кейин, унинг гаплари нақадар тўғри эканлигига амин бўлди. Келинойисининг ўғлини йўқлаб йиғлашидан, акасининг унга қайрилиб ҳам қарамай, жим ўтираверишидан кўнгли озор чекди. Демак, Адҳамнинг гапида жон бор…
– Вой, боламнинг бошига етганлар у дунё-ю бу дунё рўшнолик кўрмасин. Улар ҳам бола боқиб ўтиришибди. Олдидан оқмай-томмай келсин, илойим. Бизга қилганлари ўзларига балодай ёпишсин. Вой, ёлғон дунёнинг қизиғини кўрмай кетган, болам. Онанг ўлсин, болам-а, онанг ўлсин, – деб тиним билмай тиззасини шапатилаб йиғларди келинойиси.
Унинг фарёдидан юраклари тилка-пора бўлди. Уларга ҳеч қандай ёмонлик қилмаса ҳам, бошига мусибат тушган акасининг оиласига ич-ичидан ачинди. Фолбин ҳаммасини кўриб тургандай, бор маҳорати билан ёлғон сўзларига чиппа-чин ишонтирган эди.
– Жонимни қоқай, мана мени айтди, дерсиз, ўзингиз билан бирга юриб, бирга турган, тузингизни ичиб, тузлиғингизга тупурган, эрингизнинг яқинларидан бошқа ҳеч ким қилган эмас бу ишни. Болагинани жувонмарг кетсин, деб қилмаган жоду-амали қолмабди. Менга ҳаммаси ойдай равшан бўлиб кўриниб турибди. Сизнинг болаларингиз вояга етиб, шундай кунларга етганингизни кўролмаганлигидан шундай қилишаяпти, – деганмиш Орзигул фолбин.
Зоҳид бир неча бора акаси билан муносабатни йўлга қўйишга ҳаракат қилди. Лекин иккинчи томондан унга яраша жавоб бўлмаганидан кейин — у ҳам ҳаммасига қўл силтади. Орадан йиллар ўтса ҳам-ки, икки ака-ука ўртасидаги муносабат яхшиланмади.
Бу орада Зоҳид ўғлига, онасининг розилиги билан, узоқ қариндошининг қизини унаштирди. Онаси шу вақтгача бирор ерининг оғриганлигидан шикоят қилмаганди. Тўй куни яқинлашгани сари онасининг дарди оғирлашаверди. Зоҳид борида акаси, акаси келганида Зоҳид бу уйга келмас эди. У тўй тадориги билан бўлиб, онасидан тез-тез хабар ололмасди.
Уйни тўй баҳона таъмирдан чиқармаса, бошқа пайт бунга имконият бўлмайдими, билмадим, ишқилиб, у ҳам ҳамма қилган ишни қилаётганди.
Шарифа аяни кўрсатмаган шифокори қолмади. Кимни олиб келмасин, қарилик асоратлари, дейишдан нарига ўтишмасди. Онаси Зоҳиднинг келганини сезиб, оёқларини уқалаб қўйишини илтимос қилди. Онасининг заиф ва ночор оёқларини қўллари билан силар экан, беихтиёр, кўзлари ёшланарди. Дилидаги хўрсиниш овозларини бутун дунё эшитаётгандай эди, гўё.
Мана шу фарзандларини боқиб, катта қилгунича, ўқишга киргизиб ўқитгунича, уйлантириб-узатиб, уйли-жойли қилгунига қадар бирор сония ҳаракатдан тўхтамаганди бу оёқлар. Мана, энди ўғлининг бақувват қўлларидаги кучнинг ёрдамига муҳтож бу оёқлар. Аммо кечиккан ёрдамнинг онасига заррача ҳам фойдаси йўқ эди.
Зоҳид эсини таниганидан бери бирор марта онасининг оёқларини уқалаб қўйганини эслолмади. Шу куни у бутун ташвишларини йиғиштириб қўйиб, онасининг олдида ўтирди. Онаси ҳар замонда бошини кўтариб, эшик томонга қараб қўярди ва ҳазин товуш билан:
– Охири келмади-я, тентаккина-я, – деб қўярди аламли хўрсиниб.
Зоҳид онасининг кимни назарда тутаётганини ич-ичидан сезиб турса ҳам:
– Онажон, кимни кутаяпсиз? Бировни чақириб келайми? – дея савол берди.
Онаси ҳам бошини базўр қимирлатиб, рад жавобини берди. Кунлар бир зумда зувиллаб ўтиб борарди. Онаси ўзи ният қилганидай, набирасининг тўйини кўра олмади. Эрта-индин тўй бошланай, деганида, қариндош-уруғига рози-ризолик беришга улгуриб, бу фоний дунёни тарк этди. Кампиридан кейин қадди букилган, кўнгли ярим отаси қолди.
Катта-кичик ўртага тушиб, ака-ука икковини яраштириш пайида бўлдилар. Инсоннинг бошида ҳар хил синовлар борлиги аниқ. Шу орада Зоҳид ишидан бўшаб, бекорчига айланди. Даврада шаънига мақтовлар ёғдирган дўстларининг кўпчилиги уни тарк этдилар. Онасининг вафоти Зоҳидга қаттиқ таъсир қилди. Кўчага чиқса, таниш-билишларининг ҳаммаси акаси билан ярашиш таклифини билдирарди. Бу орада яқин дўсти ҳам тўсатдан вафот этди. Ўшанинг вояга етиб турган ўғил-қизларининг тўйида камарбаста бўлиб турди.
Орзу-ҳаваслари ушалиб, дўстининг хонадонига келин тушди. Дўстининг аёли тўйдан кейин ҳаммани келин кўрарга, яъни келиннинг қўлидан чой ичсин, дея чақирибди, фақат Зоҳиднигина айтмаган. Бундан унинг кўнгли ранжишини Зулфизар билмагандир ҳам. Лекин одам ёши катта бўлгани сайин, кўнгли нозиклашиб, арзимас нарсалардан хафа бўлишга мойиллик сезилар экан.
Зоҳид ниманики орзу қилган бўлса — ҳаммасига эришди. Ишига қайта жойланиб, олдингидан ҳам яхшироқ маблағ топа бошлади. Бир пайтлар: сен ҳеч ким эмассан, деганлар келиб, соясига салом бердилар. Лекин бу сохта муомаланинг азобини олдинроқ татиб кўргани учун, энди уларга унчалик рўйхушлик бермади. Янгидан топган дўстлари билан яқин муносабатда бўлди.
Барча дарднинг давоси вақт, деймиз-у бунга айрим пайтда ўзимиз ҳам ишонгимиз келмайди. Вақтлар ўтиб, акаси ўз хатосини тушуниб етди. Укаси билан қучоқ очиб кўришди, янгаси Зоҳиднинг чаккаларидан ўпиб, узрини айтгандай бўлди.
Зоҳиднинг кўнглининг бир чеккасида чироқ ёқилгани билан, бир чеккасида қоронғилик ҳукм сурарди. Мана шу хатоликни англаб етишлари учун шунча вақтни қўлдан бой беришлари шартмиди? Онасининг розилигини олгани билан юрагининг бир чеккасидаги армони, фарзандларининг ўртасидаги муносабатдан қолган доғ бўлиши мумкин-ку.
Умр бир дарёга қиёсланади. Дарё тошганида ўз сатҳига сиғмай кетади, тинч ҳолида мавжланиб, бир хилда оқиб туради. Одамзод ҳам Оллоҳнинг берган неъматларига шукур қилмас экан, унинг савобидан баҳраманд бўлолмайди. Ёт-бегона сизга бағри-жигар бўлмайди, ахир. Сизнинг дардингизни енгиллаштира олмайди. Тўй-маъракангиз яқинларнинг ташрифларисиз чиройли ва файзли эмас.
Барчамизнинг хатоларимизни Роббимнинг ўзи мағфират этсин. Банда ҳар доим адашади, шу йўлдан тўғри йўлга ўзи бошласин, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатдан мосуво бўлмайлик, азизлар! Қариндош-уруғларнинг борида қадрлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш — савоб ва эзгу амалларимизнинг кўпайишига сабабчи бўлсин, иншооллоҳ!

ГУЛНАВО.

Изоҳнинг ҳожати йўқ