
Бошинг осмонга етса ҳам,
ерга қараб юр.
Ўзбек халқ мақоли.
Камтарлик инсон қиёфасини безовчи бебаҳо фазилатлардан биридир. Ҳақиқий камтарлик инсонпарварлик ва одамийлик хислатлари билан узвий боғлиқ.
Халқимиз камтарликни доимо қадрлаб келган. Киши жамиятда ўзини камтар тутиши, манманликка берилмаслиги қайта-қайта уқтирилади: “Камтарлик – жасорат тожи”, “Камтар бўлдинг, гавҳар бўлдинг”, “Камтарлик одамга ҳусн беради”, “Камтарга камол”, “Камтар кам бўлмас”, “Камтар бўлсанг, ош кўп, манман бўлсанг, тош кўп”, “Камтарлик аълодир, мағрурлик балодир”, “Ўзинг осмонда бўлсанг ҳам, оёғинг ерда бўлсин” каби ҳикматли сўзлар минг йиллар синовидан ўтиб келмоқда.
Қадимги замоннинг машҳур алломалари камтарликка юксак баҳо бериб, манманликни, кибр-у ҳавони қоралашган. Кибр-у ҳаво кирган жойда, меҳр-у вафо қочади. Мевасиз дарахт осмонга тиралур, мевали шох бўлса, ерга эгилур, дея камтарликни улуғлашган.
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с. а. в.): “Ким ўзини бошқалардан юқори санаса, ёки юриш-туришда бошқаларни кўзга илмаса, қиёмат куни унга Оллоҳ таоло нафрат билан қарайди” — деган эди. («Минг бир ҳадис», 549-бет).
Буюк шоир Алишер Навоий ўзининг “Фарҳод ва Ширин” достонида Фарҳоднинг қанча билими, қобилияти бўлмасин, унинг камтарлигини одамийликнинг энг юқори белгиси, деб билади.
Камтарлик оддий нарса эмас, у – одат, ижтимоий мавқе, кўпчилик ҳурмат қиладиган асл фазилат ҳисобланади. Зеро, камтарлик кичиклик эмас, инсонийликдир. Камтарлик – одамнинг теварак-атрофидагилар билан муносабатида, ўзига тегишли қандайдир имтиёз ёки ўзга бир ҳуқуқ бор, дея англамаслиги, жамоатчилик итоат этган тартиб-қоидаларга ўз ихтиёри билан бўйсуниши, ўз эҳтиёжини теварак-атрофга қараб, маълум даражада чеклай олиши, барча инсонларга ҳурмат билан қараши, ўз хоҳишига қарши келадиган якка инсонларнинг майда-чуйда камчиликларига сабр-тоқат кўрсатиши, ўзи билан ўзгаларнинг иш ҳаракатига танқидий кўз билан қараши, бошқа инсонлар олдида, табиат олдида, жамият олдида жавобгарлигини ва бурчини ҳис қила билишидир.
Камтарлик – оддийликда, самимийликда, бошқалардан ажралиб туришга ҳаракат қилмасликда, ўзининг хизматини юқори кўтармасликда кўринади.
Ундайлар ота-она, дўст-биродарларига самимий муҳаббат кўрсатиш, кўзлаган мақсадига сабр-бардош билан интилишни ўз ҳаётларининг мазмун-моҳияти, деб биладилар. Ўтмишда яшаб, ижод этган кўплаб алломаларимиз ҳаёти ва фаолияти бу соҳада бизга ўрнак бўлиб келмоқда.
Хожа Аҳмад Яссавий ўз ҳаётида жуда камтарин бўлган, ўзини ўзгалардан устун қўймаган. Валиман, деб кибр-у ҳавога йўл бермаган, ўзини, ўзгаларни камтарликка чақирган. У ўз ҳикматларида камтарлик, ростгўйлик, покликни баланд тутган. Кўнгил ва тил бирлигини қадрлаган.
Инсон ўзини ақлли, ўзгаларни ақлсиз, дея тасаввур қилмаслиги, ҳар қандай яхши ишни ўзига лойиқ, ўзгаларга нолойиқ, дея ҳисобламаслиги керак.
Борди-ю юқоридаги айтилганларга йўл қўйса, демак, бу худбинлик бўлади. Худбин одамлар ўз камчиликларини кўрмайдилар, кўрсалар ҳам уни камчилик, деб ҳисобламайдилар ёки тан олишни истамайдилар, бошқаларнинг камчилигини кўриб қолсалар, шов-шув кўтарадилар.
Кибр-у ҳаволи ва такаббур киши ўзининг ушбу жирканч касалини пайқамайди, ҳатто ўзини камтарлар камтари, дея ҳисоблайди.
“Баъзилар ясама камтарликни, камтарлик сифатида кўрсатмоқчи бўладилар. Ясама камтарлик яхши фазилат эмас” — дея таъкидлаган эди Абай. XVIII асрда яшаган итальян драматурги Карло Гольдони: «Ясама камтарлик ҳам манманликка ўхшаш жирканчдир» — деган эди.
Манман одам ўзини бошқалардан юқори санайди, фақат мақтовни ёқтиради, бошқа сўзларни эшитгиси келмайди, насиҳатга қулоқ солмайди. Шундай қилиб, нодонлик ботқоғига ботади.
Мақтанчоқни синчковлик билан кузатсанг, унда ақл ва ҳаёт ҳақидаги тажриба ва тасаввур етишманганлигига иқрор бўласан. Ўзини ҳаммадан донишманд, дея ўйлаш ақлсизлик нишонасидир. Аксинча, оилада, турмуш шароитида, юриш-туришида, кийинишида ортиқча зеб-у зийнатга берилиб кетмай, оддий яшаш, кишиларга маданий муносабатда бўлиш, одамларга самимият билан яхшилик қилиш, сохта шуҳрат, мақтанчоқликдан холи бўлиш, ютуқлар олдида мағрурланиб кетмаслик, катта ёшдагиларга ҳурмат, болаларга меҳрибонлик кўрсата билиш, ўзини билағон қилиб кўрсатмаслик, мансабпарастликдан холи бўлиш, бошқаларга лаганбардор бўлмаслик, ҳар қандай шароитда одамийликни унутмаслик камтар инсоннинг хислатларидир.
Камтарлик ҳам ёшликдан тарбияланади. Бола каттага қараб ўсади. “Отага қараб – ўғил, онага қараб – қиз ўсади” — деган доно халқимиз. “Онасини кўриб, қизини ол…” каби мақоллар маъноси шунга олиб боради. Агарда ота-оналар, катталар ўзлари ибрат кўрсатмасалар камтарлик ва оддийликнинг ажойиблиги тўғрисидаги сўзларнинг таъсири бўлмайди.
Бу тўғрида уйдаги, оиладаги, мактабдаги сўз билан иш орасида чинакам алоқа, давомийлик бўлиши лозим.
Ёшларни имонлиликка, ҳалоллик билан яшашга, доимий камтар бўлишга тарбиялаш лозим. “Улуғ бўлсанг, кичик бўл” — деган халқимизнинг ибратини каттамиз ҳам, кичигимиз ҳам эсдан чиқармай, миллий тарбия талабларига хос ҳаёт кечиришга интилишимиз керак.
Имон ва ҳалоллик билан яшаш, доимо камтар бўлиш, инсонпарварлик қилиш, тўғри йўлдан адашмаслик ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Каримжон ЮСВАЛИЕВ,
жамоатчи мухбир.

