
Айни кунларда Улуғ Ватан урушининг афсонавий қаҳрамонларидан бири, юртдошимиз, мардлиги ва жасорати тилларда достон бўлган Совет Иттифоқи Қаҳрамони Бўтабой Содиқов таваллудига 100 йил тўлмоқда. Мазкур сана баҳонасида сайрамлик жангчининг ҳаёт йўлини яна бир бор эслаб ўтишни жоиз топдик.
Совет Иттифоқи Қаҳрамони Бўтабой Содиқов 1916 йилнинг 23 февралида Жанубий Қозоғистон вилояти Сайрам туманининг Сайрам қишлоғида туғилган. Қуролли Кучлар сафига чақирилгунга қадар Сайрамдаги МТСда ҳисобчи бўлиб ишлаган. 1941 йилда Сайрам тумани ҳарбий комиссариати томонидан ҳарбий хизматга сафарбар этилган.
У 1-гвардиячи қизил байроқли Глухов артиллерия дивизияси таркибидаги 3-гвардиячи бригаданинг 167-гвардиячи артиллерия полкида тўп расчёти командири бўлиб хизмат қилди. Ҳарбий унвони – катта сержант.
Бўтабой Содиқов ўзининг жанговар ишлари билан полкда энг яхши тўпчи сифатида шуҳрат қозонди, фашист босқинчиларига қарши мардонавор жанг қилди. У жанглар давомида 13 та танкни, 5 та артиллерия ва миномёт батареясини, душманнинг 23 ўқотар нуқтаси ва блиндажини яксон қилди, икки батальондан ортиқ пиёдаларни ер тишлатди. Жангларда кўрсатган мардлиги ва жасорати учун унга “Қизил байроқ”, I даражали “Ватан уруши” орденлари ҳамда “Жасурлиги учун” медали берилди.
Днепр дарёсини кечиб ўтиш чоғида Бўтабой Содиқов ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатиб, шуҳрат қозонди. Губдин қишлоғи ёнида у ўз тўпи билан душманнинг саккизта пулемёт уясини, учта тўпини, миномёт батареясини яксон қилди, душманнинг бир неча ҳужумини қайтарди. Тўпчиларнинг мардона ҳаракатлари пиёдаларимизнинг эгаллаган марраларини ушлаб туришларига ёрдам берди. Ана шу жанг учун гвардиячи катта сержант Бўтабой Содиқов Совет Иттифоқи Қаҳрамони юксак унвонига сазовор бўлди.
Урушдан сўнг, у “Казсельхозтехника” туман бўлимида, Сайрам қишлоқ кенгашида ҳисобчи, Сайрам қишлоқ кенгаши раиси бўлиб ишлади.
XXI чақириқ Сайрам тумани халқ депутатлари сессиясининг 1993 йил 27 мартдаги 13-223-сонли қарорига мувофиқ, Совет Иттифоқи Қаҳрамони Бўтабой Содиқовнинг номини абадийлаштириш мақсадида Сайрам қишлоғидаги “Қизил октябрь” тўлиқсиз ўрта мактабига унинг номи берилди. Шунингдек, Сайрам даҳасидаги кўчалардан бири ҳам унинг номи билан юритилади.
Б. Содиқов 1993 йил 18 январда вафот этди.
* * *
Бўтабой Содиқов командирлик қилган 76-сонли тўп расчёти жанговар варақасига қуйидагилар ёзилган: “16 танк портлатилган ва ёндирилган, 4 артиллерия ва миномёт батареяси яксон қилинган. 4 ўзиюрар қурилма, 1 “Тигр” маркали танк портлатилган, 23 пулемёт ва миномёт, ўт очиш нуқталари йўқ қилинган. 500 дан ортиқ немис солдати ва офицерлари ўлдирилган”.
* * *
Бу расчётнинг тўпи Львов шаҳридаги Закарпатье ҳарбий округининг “Жанговар шуҳрат” музейида кўргазмада турибди.
З. АҲМАДЖОНОВ тайёрлади.



