
Эшитдингизми? Энди иқонликлар қизларининг ёки молларининг ўғирланишидан хавотирга тушишмайди. Тун ярмида кўчада дайдиган бекорчиларнинг ножўя ҳаракатларига чек қўйилади. Шунингдек, маҳаллалар тозалиги ҳамда экинзорларнинг пайҳонланмаслигига алоҳида эътибор қаратилади. Энг асосийси, қишлоқда қиморнамо ўйинлар тўхтатилади. Кўчаларга чироқлар қўйилиб, асфальтланади. Қувонарлиси, халқ билан биргаликда, ҳамкорликда ишлаш масаласи йўлга қўйилади…
Буларнинг ҳаммаси Эски Иқон қишлоғи ҳокимиятида уюштирилган фаоллар йиғилишида муҳокама этилди ҳамда тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Ўсиб келаётган келажак авлодга намунали мерос сифатида нима қолдира оламиз, дея қайғурган иқонликлар ушбу долзарб масалаларга бефарқ эмасликларини билдиришди. Йиғилишда қишлоқ оқсоқоллари, фаоллари, устозлар, “Нур Отан” партияси аъзолари, ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Тозалик – соғлик гарови
– Яқинда қишлоғимизга вилоятдан меҳмонлар ташриф буюришди. Ростимни айтсам, уларни қандай кутиб олишни билмадим, – дея сўзини бошлади Иқон қишлоқ округининг ҳокими Ҳасан Муслимов. – Негаки, бизларда тозаликка эътибор сусайиб кетган. Бир неча йил илгари қиш қаттиқ келиб, қишлоғимизни сув босиши хавфи туғилганида, ариқ қазиш ишлари амалга оширилганди. Бугун ўша ариқлар ахлатга тўла: айримлар уйига сиғмаган қоп-қоп чиқиндиларни, айримлар эса, ҳаром ўлган молларнинг жасадларини ташлашяпти. Ахир бу нодонлик-ку?
Барчамизга маълум, бизда февраль ва март ойлари қийин кечади. Демак-ки, кутилмаган табиий ҳодисалар юз бериши мумкин. Масалан, ҳозирги кунда Қорачиқ ва Бобойқўрғон қишлоқларида сув тошқини хавфи мавжуд. Шундай экан, ҳаммамиз биргалашиб, ариқларни, йўл бўйларини тозалайлик. Зеро, булар, нафақат ўзимиз учун фойдали, қолаверса, ўсиб келаётган авлодимиз-да ана шундай тартибга ўрганади…
– Сайрам туманининг бир қанча қишлоқларида бўлганман. Кўчада юрсангиз, баҳри дилингиз очилади. Ариқ бўйларига тизилган ранг-баранг гуллар кўзни қамаштиради, ям-яшил дарахтларини айтмайсизми? Бизда бундай манзарани яратсак, ё кимнингдир бебош моли кириб пайҳон қилади, ёки айрим ёшлар дарахтларни синдириб кетишади. Ахир бу қандай аҳмоқлик? – дейди қишлоқ оқсоқоллар кенгашининг аъзоси Айниддин Абубакиров.
Қишлоқни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Иштирокчилар томонидан кўплаб яхши таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Қишлоқ маҳаллалари ҳашар йўли билан тозаланадиган ва ахлат тўкиладиган махсус жойлар ажратиладиган бўлди. Ҳар ким уйининг олдига дарахт кўчатлари ўтқазсин, дея келишилди.
Тўғри юрсанг, ўсарсан…
Қишлоқ минг йиллик тарихга эга, ундан қанчалаб олимлар-у файласуфлар, шоирлар-у профессорлар етишиб чиққан. Илло, дунёга донғи кетган Эски Иқондир бу. Шундай табаррук масканда ахлоқ ва одобга зид ишларнинг авж олиши ачинарли. Қишлоқда балоғатга етмаган қизларнинг ҳомиладор бўлиши ҳамда вояга етмаган ўғил болаларнинг ўғирлик қилиши ҳоллари учрамоқда.
Йиғилишда айни муаммоларгаям алоҳида эътибор қаратилди. Камолот ёшига етмаганларнинг ярим тунда қишлоқ марказида жойлашган қиморхонада кўзга ташланишлари, айримларининг қарзга ботишлари ва дўконларга ўғирликка тушишлари урфга айланяпти. Бўрдоқига боқилаётган новвосларнинг изсиз йўқолиши ҳам одатга кирмоқда. Яқинда шундай жиноятга қўл урган уч йигит судланди. Вазиятни тартибга келтириш учун нима қилиш керак?
– Аввало, мазкур ўйингоҳларни ёпиш зарур, – деди қишлоқ оқсоқоллар кенгаши раиси Набихон Мубораков. – Ҳар бир ота-она фарзанд тарбиясига масъул бўлиши жоиз. Улар кечки соат 10 дан кейин болаларини кўчага қўймасликлари, ҳар қадамини назорат қилишлари, шунингдек, ўқиши, мактабдаги тарбияси билан қизиқишлари даркор.
– Бундан роппа-роса 15 йил аввал кўкрак кериб, фахр ва ифтихор ила: “иқонликман” – дея олардик. Эндиликда-чи? Асло… Боиси, қайси соҳа бўлмасин, кўрсаткичларимиз паст. Бизда на тартиб, на тозалик, на маданият, на ўсиш бор! Аҳолимиз тарқоқ. Атрофдаги қишлоқларда, аллақачон “Бир ёқадан бош чиқар!” нақлини шиор қилишган, натижалари қувонарли. Кимдир сут заводини ишга туширса, кимдир ип йигирадиган корхонани, яна кимдир ёғ заводини очган. Бизда-чи? Афсус, ҳеч қандай ўзгариш йўқ!
Жумладан, тартиб-интизом масаласига тўхталсак. Барчамизга маълум, охирги йилларда билимга, ўқишга бўлган эътибор кучайган. Олий ўқув юртига грант асосида ўқишга кирган Озода Маннопова бундан икки йил аввал республикага қишлоғимизни танитди. Унга ўхшаган яна қанчадан-қанча изланувчан ёшларимиз етишиб чиқишяпти. Бу – қувонарли, албатта. Лекин айрим нафсига эрк берган қизлар уларнинг номига доғ туширишмоқда. Нега? Бунга қизлар тарбиясига лоқайд ота-оналар сабабчидирлар. Яхшилар, келинглар, бундай нуқсонларга чек қўйиб, қизларимизни тартибга чорлайлик, – деди куйинчаклик билан “Нур Отан” партиясининг қишлоқ филиали раиси Зуппархон Чолдонов.
Яна бошқа масалалар
Баҳорда экилган уруғларни ундириб-ўстириб, иссиқ кунларда терга ботиб ҳосил етиштирсанг-у қаровсиз қолдирилган моллар экинларни бир зумда пайҳонлаб кетса? Ёки жажжигина фарзандингни дайди ит тишлаб олса? Энди бунга ўхшаш нохуш ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилади. Қишлоқ ҳокими ва полиция ходимлари яна шундай ҳодисалар юз берса, айбдорларга 10 мингдан 60 минг тенгегача миқдорида жарима солинишини эслатишди.
Шунингдек, матбуот нашрларига обуна бўлиш масаласи ҳам таъкидланди. Давлат сиёсатини билиш, келажакни олдиндан кўриш, юз бераётган янгиликлардан ортда қолмаслик ва болаларга тўғри тарбия бериш учун ҳар бир хонадонга газета-журнал кириб туриши керак. Жумладан, ўзбекзабон газеталар-журналларга эътиборни кучайтириш лозим.
Қишлоқда ўзгариш катта
Йиғилиш натижасига кўра, маҳалла қўмиталари зиммасига улкан вазифалар юкланди. Уларга махсус гувоҳномалар берилади. Шунингдек, ҳар ойда қишлоқ маданият уйида ҳисобот йиғилишлари ўтказилади. Ҳокимият томонидан тузилган махсус гуруҳ аъзолари қишлоқда тушунтириш ишларини олиб боришади, ҳар бир хонадонга эслатмалар тарқатилади. Ким-ки, тегишли талабларга беэътибор бўлса, ундан мажбурий равишда жарима ундирилади. Қишлоқдаги маданият уйи жойлашган кўчага гуллар ўтқазилиб, шаҳардагидек ҳолга келтирилади. Тўйлар пайтидаги шаҳар айланишларга чек қўйилади.
Янгидан иш бошлаган ҳоким Ҳасан Муслимовнинг олдига қўйган мақсадлари, тузган режалари ва амалга ошираётган ишлари таҳсинга сазовор. Зеро, ҳамжиҳатлик ҳамиша олдинга, юксак самараларга ундайди.
Султоной НИШОНБОЙ қизи.

