
Қадрият ўзи нима? Қадрият — инсон ва инсоният учун аҳамиятли бўлган, миллат, элат ва ижтимоий гуруҳларнинг манфаатлари ва мақсадларига хизмат қиладиган ва шу туфайли улар томонидан баҳоланиб қадрланадиган, табиат ва жамият неъматлари, ҳодисалари мажмуидир. Моҳиятига кўра қадриятлар моддий, маънавий, эстетик, диний турларга бўлинади. Шунингдек, одоб-ахлоқ, урф-одатлар, маросимлар шаклида намоён бўладиган қадриятлар ҳам мавжуд. Улар кишиларнинг юриш-туришида, ўзаро муносабатларида, одобида кўзга ташланади.
Одоб – инсонни маънавий камолотга етакловчи жараёндир. У болаликдан шаклланади. Адаб сўзи арабча бўлиб, у одоб бўлиб ҳаётимизга сингиб кетган. Одоб одамнинг маънавий етуклиги, маънавийлиги мезони. Одоб одамлар яхши кўрадиган фазилат, киши қадрини баланд қилувчи қимматли сифатдир. Одоб барча фазилатларнинг шаъни ва ҳикматидир. У таълим-тарбиянинг асл мевасидир.
“Одоби йўқнинг ақли йўқ”, “Одобсиз ақл, ақлсиз одоб йўқ” нақллари бежиз айтилмаган. Ота-боболаримизнинг ахлоқ ва одоб ҳақидаги ҳикоятлари, нақл ва ривоятлари фарзандларимизнинг маънавий қадриятларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Яхши ва чиройли сўз, иймон, инсоф, қаноат, нафс, тавба, ҳалоллик, камтарлик, оқ кўнгиллик, ор-номус, уят, тартиблилик, одиллик, фаросат, ватанпарварлик, ота-онани эъзозлаш, устозни ҳурматлаш, тозалик, озодалик одоби инсонларга хос фазилатлардир. Қавм-қариндошлар билан борди-келдини узмаслик, дўстлик, меҳмондўстлик ҳам одамгарчиликдан хабар берувчи фазилатлар ҳисобланади. Яхши сўз эгаси бўлиш, бировга эмас ўзига фойда.
Инсонга, дўстга, кексаларга, устоз-мураббийларга, меҳмонга бериладиган салом халқимизнинг энг яхши хислат. Юракдан берилган салом кишининг юзида табассум уйғотади. У ёш ва тил танламайди. Салом-алик муомаласи воситасида кишилар бир-бирларига яхшилик, эзгу истакларини билдиришади. Шунинг учун ҳам ҳалқимиз қаерда ва қандай ҳолатда бўлишидан қатъиназар, отлиқ пиёдага, йўловчи ўтирганга, бир киши кўп кишиларга, кичик каттага салом беради. Шундай экан, бир-биримизга, оила аъзоларимизга салом бериб, тотувлик, соғлик-саломатлик тилайлик, саломлашиш одоби доимий одатимиз бўлиб қолсин. Келажак авлодимизга салом бериш одобини етказайлик.
Одамлар бир-бирлари билан саломлашадилар, сўзлашадилар, борди-келди қиладилар. Турли нарсаларни оладилар, берадилар. Бу ишларни муомала, дейдилар. Ҳаётда муомала турлари жуда кўп. Муомала турларининг ҳар бири учун Исломда тартиб ва қоидалар ёзиб қўйилган. Бу қоидалар ҳам одобга киради. Шахсий одоблар ҳар бир инсон якка ўзи амал қиладиган қоидалар. Муомала қоидалари – бошқалар билан биргаликда амал қилинадиган одоблар.
Ҳайвонларга эътибор беринглар-а, улар ҳам овқат ёйишади, сув ичишади, ухлашади. Одамлар ҳам шу ишларни қилишади. Аммо одам билан ҳайвон ўртасида нима фарқ бор? Ўртадаги фарқ шуки, одам ўз ишини ақл, одоб ва тартиб билан қилади. Шунинг учун унинг ҳаёти чиройли ва шириндир. Ҳайвон эса ақли бўлмаганлиги учун одобни ҳам, қоидани ҳам билмайди. Унинг ҳаёти тартибсиз ҳолда ўтади.
Ақлли инсон ҳар бир ишнинг қоидаси ва одобини кўради. У ана шу қоидаларни ўрганади ва уларга амал қилади. Шундай қилса, у бошқаларнинг ҳурматига лойиқ бўлади. Демак, одоб – ақллилик белгиси. Одобсизлик ақлнинг камлигидан. Шунинг учун одамлар одобсиз кимсани ҳайвонга ўхшатишади. Инсон бахтли бўлиши учун унга иймон, илм, яхши амал, одоб керак бўлади. Одоб бор ерда интизом бўлади. Интизом ҳар бир ишни ўз қоидаси билан вақтида бажаришдир.
Инсон одобида ширинсуханлик инсон фаолиятининг асосий омилларидан биридир. Яхши сўз инсон ҳаётининг қуроли, унда олам-олам маъно бор. Одамнинг одоби, даставвал, унинг тилида, кейин тили орқали билимида кўринади. Одоб доирасида муомала маданиятини ўзлаштирган кишиларга фаросатли, фаҳмли, одобли, ақлли, эс-ҳушли, маданиятли, деб баҳо берамиз.
Шундай экан, бир-биримиз билан ёқимли, фойдали, зарурий мавзуларда сўзлашайлик, беҳуда, маъносиз сўзлардан эҳтиёт бўлайлик. Чунки яхши сўз кишини бир-бирига яқинлаштиради, ёмон сўз дўстни душманга айлантиради.
Инсоннинг инсонлигини билдирадиган фазилатларидан бири – мулойимлик. Босиқлик ва мулойимлик ахлоқ-одобнинг юксак фазилатидир. Мулойим бўлган кишида осойишталик, вазминлик, ширинсўзлик, юмшоқлик, олижаноблик каби хислатлар мавжуд. Улар ҳар қандай можаронинг олдини мулойимлик билан оладилар.
Оддийлик – буюк маънавий қадрятларимиздан ҳисобланади. Одамийликнинг туб моҳияти инсон зотини ҳурмат қилишдир. Одамий кишининг фазилатларини ўз оила аъзолари, қавму қариндошлари, қўни-қўшниларига муносабатларида кўриш мумкин. Қўни-қўшнилардан, яқинларимиздан хабар олиб туриш — одамийлик белгиси.
Ахлоқ-одобнинг улуғ фазилатларидан бири – ҳаёдир. Ҳаё – нафсни тийиш, ёмонликни тарк этиш, беҳаёликдан ўзини олиб қочиш, эҳтиёткорлик қилиш ва уялиш, номус-шарафини сақлаб қолиш кабиларни англатади. Ҳаё инсон ҳаётининг безаги, зийнати ҳисобланади. Ҳаёли одамларда ростгўйлик, ширинсўзлик, яхшиликка яхшилик қайтариш, ўз ёрига вафодорлик қилиш, дўстликни қадрлаш каби бир қанча фазилатлар мужассамлашган бўлади. Инсоният оламида гўзал хулқ эгалари кўп бўлган. Оллоҳ таоло Пайғамбаримиз Расулуллоҳни мақтаб, “Нур” сурасининг тўртинчи оятида “сен чиндан ҳам юксак ахлоқ эгасисан”, деган эди. Қуръони каримдаги ва ҳадиси -шарифлардаги ахлоққа оид ривоятлар ва ҳикоялар, Навоий, Бобур, Беруний, Форобий, Жомий сингари буюк сиймолар, олимлар, ёзувчиларнинг ахлоқ ҳақидаги кўплаб фикр-мулоҳазалари бугунги кунда муҳим аҳамиятга эгадир. Воиз Кошифий инсоннинг қадр-қиммати унинг мол-мулки ёки ижтимоий келиб чиқиши билан эмас, балки унинг маънавий қиёфаси, ахлоқий сифати билан ўлчанади, деган экан.
Педагогик фикрлар тараққиётининг асосчиси Абдулла Авлоний ахлоқни шундай таърифлайди: “…инсонларни яхшиликка чақирувчи, ёмонликдан қайтаргувчи бир илмдур. Яхши хулқларнинг яхшилигини, ёмон хулқларнинг ёмонлигини далил ва мисоллар билан баён қиладурган китобни ахлоқ дейилур”.
Буюк алломалар фикрича, ахлоқда диёнат, исломият, яхши хулқ, ғайрат, қаноат, шижоат, ростгўйлик, илм, сабр, интизом, виждон, мулойимлик, вафо, ватанни севмоқ, иффат, ҳаё, идрок, хайриҳоҳлик, садоқат, муҳаббат ва инсоний хислатлар мужассам. Демак, ахлоқ кишининг феъл-атворида, эътиқодида, иймонида, юриш-туришида, кундалик турмушида, фикр-мулоҳазасида, мулоқотида намоён бўлади. Ота-оналарнинг фарзандларига ахлоқий камол топишнинг ҳаётдаги ўрни ва фойдасини тушунтиришлари муҳимдир.
Ёшларни миллий маданиятимиз ва қадриятларимиз мазмуни ва моҳияти асосида тарбиялаш кекса авлод вакилларининг бурчидир. Уларни мустаҳкам эътиқод, инсонпарварлик ва ватанпарварлик туйғусида, Ватан бахт-саодати ва миллий истиқлол йўлида фидокор этиб тарбиялашда ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.
Жамоатчи мухбир
Каримжон Юсвалиев тайёрлади.

