Алоқа | Обуна

Мусиқага ошуфта кўнгил

Гап мусиқа ҳақида кетаркан, ҳар қандай ёқимли мусиқа, куй ва қўшиқ инсонга яхши кайфият, танамизга ором бағишлайди, хаёлларимизни узоқ-узоқларга етаклайди, истар-истамас, унинг ижросига, замонавийлигига, кўнгилларга хуш ёқишига эътибор кучаяди, керак бўлса, унинг бастакори, яратгувчиси ким экан, деган саволлар миямизни чулғаб олиши тайин.
Дарҳақиқат, кундалик ҳаётимизда бундай ҳис-ҳаяжонлар тез-тез учраб туради. Қўшиқларга куй яратиш, овоз ёзиш, бастакорлик қилиш ҳар кимнинг-да қўлидан келавермайди, буни санъаткорларимиз ҳам жуда яхши биладилар, шунинг учун ҳам, улар бастакорлар меҳнатини қадрлайдилар ва эъзозлайдилар.
Мақоламиз сабабчиси қадимий ва ҳамиша навқирон Сайрам диёрида Тўйчивой ака ва Гулчеҳра опа оиласида дунёга келган, ашаддий мусиқа шайдоси, ёшлигидан куй ва қўшиқларга ошно бўлиб келаётган, фикримизча, ҳозирча Сайрам даҳасида овоз ёзиш ва қўшиқларга куй ёзиш бўйича ўзининг ягона хусусий студиясига эга бўлган, кўпдан бери бастакорлик касби билан шуғулланиб келаётганкамтарин, камгап Шерзод Турдиметов ҳақида сўз юритишни лозим топдик.
Шерзод, дастлаб ўрта маълумотни Сайрамдаги интернат мактаби ва собиқ Атоий номли мактабда олган, сўнгра Тошкент шаҳридаги индустриаль техникумни тамомлаган.
Мусиқага қизиқиш унда, айнан бешинчи синфда ўқиётган вақтидан бошланган бўлиб, бунга, албатта мактабнинг мусиқа ўқитувчиси Набихон ака сабабчи бўлганлигини қаҳрамонимиз яширмайди.
Шерзоднинг таниқли ва уста санъаткорларнинг қўшиқларига куй яратиб бериш билан шуғулланиб келаётганлигига ҳам анча вақт бўлди.Ўтган давр мобайнида у ушбу борада тажриба орттирди, устозларидан ўрганди, аста-секин ўзини кенг санъаткорлар оммасига танита бошлади.
Шу кунларда у вилоятимизда ижод қилаётган, халқимизга сидқидилдан маданий хизмат кўрсатиб келаётган санъаткорлар, жумладан, Мирабдумажид Мирҳошимов, Музаффар Тўрахонов, Эркин Сулаймонов, Аваз Солиев, Ўринбой Тоиров, шунингдек, қўшни Тошкент шаҳридан, Алмати ва бошқа жойлардан бўлган санъаткорларнинг қўшиқларига куй басталашда давом этмоқда ва уларнинг ижодларига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳрининг “Алёр”гуруҳи, таниқли хушовоз хонанда Ботир Қодиров, шимкентлик хонандалар — Ўктам ака Мўминов, Фаррух Ярметов, Жалолиддин Мирзаҳметов ҳам Шерзоднинг хизматларидан баҳраманд бўлишганлигини ёдга соламиз.
Шерзод ўзининг бастакорлик (аранжировка) маҳоратини оширишда шимкентлик таниқли бастакор Ибрат Одилов билан яқин алоқада ижод қилишини зўр мамнуният билан тан олади. Шу қаторда Шерзодга санъатга ошуфталик ўз даврида халқимизга ўзларининг ҳалол меҳнатлари билан яхши таниш бўлган, эндиликдамарҳум Мирсоли ака (ғижжак), Мирҳаким ака (мандолина), Ўктам ака (чанг) сингари санъаткор аждодларидан ўтган бўлса — ажаб эмас.
Шерзод билан яқиндан ижодий алоқада бўлиб келаётган юқорида номлари тилга олинган санъаткорларимизнинг ҳам фикрлари бир жойдан чиқиб, Шерзоднинг таланти ва қобилиятига ўзларининг юқори баҳоларини беришмоқда.
Шерзод касби-коридаги барча ютуқ ва муваффақиятларини, албатта ота-онаси, яқинлари, турмуш ўртоғи Гулмира ва ўғил-қизлари билан баҳам кўришни одат тусига киргизган, десак — мақсадга яқин келади.
Келинглар, азизлар, Шерзод укамизнинг ижодига барака тилаган ҳолда, замонавий лирик ва классик қўшиқларга куй басталашда омад доим унга кулиб боқсин, деймиз.

И. ТОЖИБОЕВ,
Сайрам даҳаси.

Изоҳнинг ҳожати йўқ