Алоқа | Обуна

Сардор Раҳимхон – қай санъаткор, қандай инсон?!

– Ассалому алайкум, Сардор! Сизнинг интервьюларингизда ўқиб бораяпмиз, сиз ҳам тўполончи, шунга қарамай, ҳам аълочи бўлган экансиз. Шу ростми?
– Ҳа, рост (кулади).
– Бир одамда ҳам тўполончилик, ҳам аълочи ўқувчи бўлишлик сири нимада, айта оласизми?
– Ёшлигимда, болалик пайтимда тўполончи бўлганман. Кейинчалик эса, юқори синфларга ўтганимда тўполончиликнинг ўрнини, сал бўлса ҳам, босиқлик эгаллаб, ўқиш билан жиддий шуғулландим.
– Тошкент Давлат техника университети электроника-автоматика ва техник-ҳисоб факультетининг талабаси бўла туриб, қандай қилиб, санъат соҳасига кириб қолдингиз?
– Мен, ўзи ёшлигимдан санъатга қизиққанман, уйдагилар ҳам қарши бўлишмади. Энди ўзбек оилаларида фарзандларнинг санъаткор бўлишларини унчалик хоҳлашмаслигини биласиз. Негаки, санъаткорлик — жуда қийин касб. Уйдагиларнинг истаклари билан шу университетга ўқишга кирганман. Ўзимнинг хоҳишим билан эса, мана шу касб эгаси бўлдим.
– Фарзандларингиз, мабодо, ўзингизнинг йўлингиздан бораман, десалар…
– Қаршилик билдирардим.
– Ота-онангизнинг гапини такрорлайсизми?
– Ҳа, улар бекорга қарши бўлишмаган экан (кулади).
– Санъаткорликни ташлаб кетиш ниятингиз борми?
– Йўқ, умуман ташлаб кетиш ниятим йўқ. Лекин вақти келиб, саҳнани кимгадир бўшатиб бериш фурсати етади. Дам олиш керак. Ўша вақтгача бошқа ишлар билан шуғулланиб, шунинг ўрнини тўлдириб бориш учун ҳаракатлар бор.
Чунки, ҳадеб, мана шундай сафарларда юравериш ўзимга ҳам зерикарли бўлади. Ёши улғая бориб, одам, қандайдир, хотиржамликни қўмсар, уйини, оила даврасини соғинар экан. Кўпроқ йўлда, сафарда бўлганлигимиз учун бундай нарсаларга имконият бўлавермайди. Аста-секин, балки бир неча йиллардан кейин бунга бемалол шароит яратилиб қолар…
– Сизнинг концертларингизда ўқилган монологлар, шеърлар, басталанган қўшиқлар кўпчиликни, шахсан ўзимниям ҳамон йиғлатади. Айниқса “Ишонмасман” қўшиғингиз. Шуларнинг барини ўзингиз ёзганмисиз ёки бировлар ёзиб берадими?
– Йўқ. Улар китоблардан олинган, доимо ўзимга ёққан шеърларни танлардим. Кейинчалик эса, улар ижод маҳсулларига айланарди.
– Ҳозир буларнинг барчаси четроққа чиқиб қолгандай…
– Ҳа, тўғри айтасиз, сал четроққа чиқиб қолган. Ҳозир вақт кам, деярли йўқ. Бундан тўрт-беш йил олдин муҳаббат мавзусига оид назмий альбом чиқаргандим, фақат шеърлардан иборат эди. Яқин кунларда яна шу нарсани давом эттириб, тағин нимадир чиқариш ниятим бор.
– Яна қандай орзуларингиз мавжуд? Сардор Раҳимхон ҳали нималарга эриша олмади?
– Энди истаклар ҳеч қачон чекланиб қолмайди-ю. Ҳар ким янада баландроқ чўққиларни кўзлайди. Шулар қаторида менда ҳам шундай: жумладан, Қозоғистон билан боғланиш орзуларим бор. Нафақат ўзбек мухлисларига эга бўлиш, балки қозоқ халқи орасида ҳам ўз мухлисларимни орттириш, қозоқча қўшиқларим билан Қозоғистонга танилиш, ”Ялла” ансамбли раҳбари Фаррух Зокиров каби сизларда ҳам машҳурликка эришиш, МДҲ (СНГ) давлатларида — Россиями, Қирғизистонми, бошқами, умуман, Ўзбекистон сарҳадларидан ташқарида ҳам мухлислар орттириш ниятларим бор.
Бундан ўзларингиз ҳам хабардорсизлар. Бир неча қозоқча қўшиқлар яратган эдик. Шуларни давом эттириб, қозоқ тилида альбом чиқаришни мўлжаллаяпман. Тағин битта қўшиққа клип олиш ҳаракатидамиз. У жуда ҳам чиройли, яъни эски қозоқ қўшиғини янгича услубда ижро этишга ҳаракат қилдик. Менимча, ҳаммага маъқул тушса керак…
– Бизда ҳам ўзбек тилида ижод қиладиган кўшиқчилар бор. Лекин улар тўйлар билангина чекланиб қолишаяпти. Ана шуларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз? Ахир, ҳаёт, нуқул тўйлардан иборат эмас-ку… Мана шундай катта саҳналарга ҳам чиқиш керак-ку…
– Биласизми, бу нарса, аввало, одамнинг ўзига боғлиқ-да. Айримларга гапирганингиз билан фойдаси бўлмайди. Чунки ўзимнинг ҳам шунақа шогирдларим, яқинларим, танишларим оз эмас. Улар, нафақат Ўзбекистонда, балки ҳамма жойдаям бор. Уларни, яъни, айнан тўйлар билан чегараланиб қолган қўшиқчиларни шу доирадан чиқариб юбориш жудаям қийин. Улар ўзларидан билиб, ҳаракат қилишмайди. “Кел, ёрдам маслаҳат берамиз, таниш-билишлар бор, имкониятинг бор, пул ҳам етарли, мана, тўйлардан олаяпсан, ижодга сарфлагин, эплай оласан” – десак: “хўп-хўп” дейди-ю, лекин ўрнидан тебратиш қийин.
Улар мана шу даврага мослашиб қолганлар, уларга бошқа нарса қизиқ эмас. Балки қизиқдир, лекин қолипдан чиқиш, барибир, қийин. Шунинг учун, одамнинг ўз психологиясига, ўз табиатига боғлиқ экан. Ўзлари каттароқ мартабали одам бўлишга, каттароқ саҳналарга чиқишга қизиққан одамлар билан тўйларга қизиққан одамларнинг даражасида фарқ бўлар экан. Бу нарсани сиз билан менинг хоҳишимга қараб эмас, одамнинг ўзи исташи керак. Мана, ўзимнинг мисолимда ҳам учрайди бундай инсонлар.
– Мен инстаграмдаги саҳифангизга ёзилганман. Ўша жойда кўраман-ки, кўпинча болалар уйларида, коллежларда, мактабларда учрашувлар ўтказасиз. Сизга нима бера олади шу учрашувлар? Уларнинг нима кераги бор, дея ўйлайсиз?
– Ҳали баъзилар хусусида ўзингиз айтдингиз-ку, нимага катта саҳналарга чиқишмайди, тўй билан чегараланиб қолишади, деб. Шунга ўхшаб, фақат пулдан иборат эмас-да ҳаёт. Бошқа нарсалар ҳам бор. Одамзоднинг яшашдан мақсади бўлмоғи даркор. Ҳар қайсимизни инсон сифатида бир-биримизга боғлаб турадиган қандайдир ришталар бор. Меҳр-оқибат кўрсатиш, бир-биримизга дардкашлик қилиш, бахтимизга шерик бўлиш учун, шундай ҳис-туйғулар борлиги учун яшаймиз.
Мана шундай чиройли жойларда, яхши машиналарда, кўпчилик орасида юриш, ҳамманинг эътиборида бўлиш осон эмас, айнан мана шундай пайтларда одам ўзини йўқотиб қўйиши мумкин. Ўзини билганларнигина бунақа нарсалар ўзлигига қайтаради, ҳаётдан хулоса чиқаришга, бировни кўриб фикр, бировни кўриб шукур қилишга ўргатади, ибрат намунаси сифатида хизмат қилади…
Мен, мисол учун, шундай жойларга борганимда, уларга берганимдан кўра, ўзимга олганим сабоқлар кўпроқ бўлади. Ўзимга, қайсидир маънода, кўзга кўринмас, илло, тенгсиз нарсаларни оламан. Биринчи навбатда, ўзимни босгач, қанақадир этларим жимирлаб, инсонийлик ҳисси уйғонишни бошлайди. Булар кибрланишдан, ман-манликдан асрайди. Бундай жойлар тарбия ўчоғи ҳисобланади.
Ўшандай тадбирларнинг ҳаммасига ўзим хоҳлаб бораман. Негаки, айни саъй-ҳаракатлар инсон сифатида ўз йўлимдан чиқиб кетмаслигим учун ёрдам беради. Булардан ташқари, одамнинг омади келишининг, ишлари юришиб кетишининг хайр-саховатга боғлиқ жойлариям бисёр. Буни кўпчилик билмаслигиям мумкин.
Ҳар қилаётган ишингиз, унинг яхши ёхуд ёмонлигига қараб, қайсидир маънода, эртангиз учун ғолиблик ёки мағлубликнинг пойдевори бўлиши аниқ. Масалан, кимгадир ёмонлик қилсангиз — эртага жавоби қайтишини, бировга яхшилик қилсангиз — эртага, ажри бўлишини англайсиз. Олаяпмизми, беришни ҳам билишимиз керак.
Юқоридаги гапларим билан мен катта янгилик яратаяпман, демоқчимасман. Булар ҳамма учун керакли нарсалар, улар эртага давом этиши, кенгайтирилиши, оммавийлаштирилиши даркор. Боя айтганимдай, бизни боғлаб турадиган муҳим ришталарнинг қай даражада мустаҳкамлигиям, аксар ҳолларда ана шуларга боғлиқдир.
Инсон, фақат еб-ичиш учун, чиройли яшаш учун яшамайди-ку. Худди китоб ўқишга ўхшаган ҳамда одамнинг маънавий озуқасини кўпайтирадиган машғулотларни ҳаётга кўпроқ жорий этмоқ зарур. Интернет, телевизор, барибир, китобнинг ўрнини боса олмайди-ку.
– Ташаккур! Омон ва соғ бўлинг!

Суҳбатни Гулираъно РАСУЛОВА олиб борди.

Изоҳнинг ҳожати йўқ