Алоқа | Обуна

Янги ном

Диёрбек Зафарбек ўғли Абдужалилов Қорамурт қишлоғидаги “Тез ёрдам” бўлимида ҳамда Шимкент шаҳридаги ”BAZICMED” хусусий клиникасида фельдшер бўлиб фаолият юритади. Отаси Зафарбек — ҳайдовчи, онаси Солиҳа эса — “Тез ёрдам” станциясида диспетчер вазифаларида ишлашади.
Диёрбек ёшлигиданоқ шеърлар машқ қилишни яхши кўради. Унинг ижод намуналари билан танишар экансиз, меҳр-муҳаббат, дард, кўнгилга яқинликни ҳис этасиз.
Шеърият – қалб туғёни, дея бежиз айтилмаган. Сиз ҳам Диёрбекнинг қалбидаги жўш урган туғёнлардан баҳраманд бўлинг, азиз муштарий!

Омадли йигитда
душман кўп бўлар!

Бошингга бахт қуши қўнса — огоҳ бўл,
Дўст билан душманнинг доим қадрин бил,
Ортингдан ғийбатлар бўлар — тайёр тур,
Омадли йигитда душман кўп бўлар.

Кимдир билар баъзан, кимдир билмайди,
Кимдир меҳнатингни кўзга илмайди,
Барчанинг кўнглини олиб бўлмайди,
Омадли йигитда душман кўп бўлар.

Қочиш керак иккиюзламачилардан,
Юзи бошқа, сўзлар бошқа ичидан,

Ким фойда излайди — кимнинг кучидан,
Омадли йигитда душман кўп бўлар.

Ҳамма сендан ҳурмат кутар — эътибор,
Сен кимга зорсан-у ким сенгадир зор,
Эшигинг йўқларлар қатор ва қатор,
Омадли йигитда душман кўп бўлар.

Одамлардан нолиб, йиғлама, кўнглим,
Бахтнинг сен қадрига етгин, эй Диёр,
Мевали дарахтга тошлар отилар,
Омадли йигитда душман кўп бўлар.

Синглисини йиғлатмайди
йигит, деган…

Ака, деган жонга чиндан жондош бўлар,
Ука, деган асли-асл қондош бўлар,
Сингил сизга дилдош бўлар, ёндош бўлар,
Синглисини йиғлатмайди ака, деган.

Кулфат келса — устингиздан кулмайдиган,
Дўқ урсангиз — қовоғини солмайдиган,
Зарда қилиб, лабларини бурмайдиган,
Синглисини йиғлатмайди ака, деган.

Йўқласангиз — тор ҳовлиси жаннат бўлган,
Бу дунёда борлиги бир давлат бўлган,
Новвот сўзи Худо берган давлат бўлган,
Синглисини йиғлатмайди ака, деган.

Тақдирнинг чўғлигини билдирмаган,
Гоҳ оч, гоҳ тўқлигини сездирмаган,
Онасининг йўқлигини билдирмаган,
Синглисини йиғлатмайди ака, деган.

Сингил йўқлаб борганингиз тавоф бўлар,
Буғдойзорни боссангиз ҳам савоб бўлар,
Меҳр беринг — сизга Ҳақдан жавоб бўлар,
Синглисини йиғлатмайди ака, деган.

Ташвишларин елкангизга ортиб қўйинг,
Бошин силаб, кўзёшини артиб қўйинг,
Ўғлингизнинг қулоғига айтиб қўйинг –
Синглисини йиғлатмайди ака, деган…

Диёр ШЕРОЗИЙ.

Изоҳнинг ҳожати йўқ