Алоқа | Обуна

МЕЪЁРНИ БИЛМАСЛИК  НОДОНЛИК

Ота — буваларимиз меҳмонлар учун, атайлаб, ташқи ҳовлилар қурганлар. Улар бир томондан, келганлар тортинмасин, яйраб дам олишсин, уларга ҳеч ким халақит бермасин, деган мақсадда шундай қилганлар. Лекин, аслида, оилаларининг тинчлигини кўзлаганлар. Ҳаммамизга аёнки, ҳозирги ҳовлиларимизга меҳмон келса, ҳамма баравар таранг тортади, болалар мажбуран бир уйга қамалади. Бемор бўлса, бировнинг кўзи тушмайдиган бурчакка жилдирилади. Юклик келинлар ташқарида юролмай гаранг! Бўйга етган қизлар қимтиниб гаранг!
Аёл меҳмонга шунча қовурилиш! Агар, эркак келса-чи? Яна унинг бир оти “номаҳрам”! Шарқ эркаклари учун уларнинг жуфтлари, қиз-у келинлари парда ортидаги ориятлари, тил остига беркитган гавҳарларидир. Аҳли аёлини яхши — ёмон назарлардан асраш эркак учун шаън масаласидир. Ташқи ҳовлилар, алоҳида меҳмонхоналар, асосан, худди шунинг учун, яъни, оила аъзоларининг қимтинмай, тортинмай яшашлари, безовта бўлмасликлари учун атаб солинган. Бу бизнинг яна бир гўзал қадриятимиздир.
Дунё неъматларининг ичида инсон энг буюк яралма. Диний илмларнинг барчаси унга ва унинг юксалишига хизмат қилади. Меҳмон шунинг учун улуғ ҳисобланар экан, хўш, мезбон-чи, мезбон ҳам инсон-ку! Шарқда “Ўзингга раво кўрганни бировга ҳам илин, ўзингга раво кўрмаган нарсангни ўзгага ҳам раво кўрма” деган доно фалсафа бор. “Ўзини таниган Парвардигорни танийди”, деган ҳадиси шарифимиз бор. Ўзини таниган одам ўзлигини исроф қилмайди, аяйди, асрайди. Бошқа инсонларга ҳам Оллоҳнинг неъмати, деб қарайди, уларга малол келмасликка ҳаракат қилади. Ана ўша “ўзини таниш” деган нарса бугун бизда суст кетди, айниқса, кўп қаватли уйларда!
Синглим, мен сизни тушундим, сизнинг руҳингиз йиғлаётир, сиз мерос қадриятларимиз унутилаётганидан қийналяпсиз! Агар, меҳмон аканг, опанг ёки уларнинг ўғил — қизлари бўлса ёки соғиниб юрган дўстинг бўлса, бошқа гап, тор уйинг ҳам кенгайиб, байрамхонага айланиб кетади. Чунки, улар бор-у йўғингни билади, қандай ўтирган бўлсанг, шундай ёйилиб ўтираверасан, улардан хижолат бўлмайсан. Аммо, бирор марта олди — берди қилмаган, ҳатто, исмини ҳам билмайдиган кўз танишларинг уйингни карвонсарой ўрнида қидириб келаверса-чи?
Кўп қаватли уйда яшардик. Келин — куёв қўшниларимиз бўларди. Хоналари иккитагина. Ўзлари қишлоқлик, лекин, шаҳарда ишлашарди. Ҳадеганда, уларникига тонг саҳарда ҳам, ярим кечада ҳам тўп — тўп эркак — хотин келаверар эди. Эртасига учратиб, ҳол сўрайман. “Қайнонамнинг қўшнилари бозорга келишибди”, “Қайнотамнинг жияни ўртоқлари билан поезддан тушишибди”, дея хомушгина жавоб қиларди. Бир куни: “Опажон, эримга қишлоққа қайтиб кетайлик, деяпман. Икки кундан бери бир ўзим гурс — мурсдай олти эркакка хизмат қиламан, тўйиб кетдим”, деб йиғлаб юборди.
Қадриятларимиз ичида “меъёр” деган олтин ўлчов бор! “Андиша” номли тизгин бор! Наҳотки, элликдан ошган, саксонга борган икки эркак инсонгарчиликнинг энг оддий қоидаларини ҳам билмаса? Ёлғиз аёлнинг уйидан қўноқ сўраш тугул, дарвозасини дадил тақиллатишнинг ўзи мусулмончиликдан эмас! Эрлик аёлнинг андишасидан ҳам, ёлғиз аёлнинг андишасини қаттиқроқ сақлаш жоиз, чунки, у доим шубҳа остида яшайди, унинг шаъни энг қиммат! Унинг устига “ижарадаман” деб турибди, “уйим бир хона” деб турибди!
Андижонда Абдухалил Абдулҳакимов, деган ҳофиз акамиз бўлар эди, Оллоҳ раҳмат қилсин, дилкаш, адабиётга ихлосманд инсон эди. Янги қўшиқ ўрганса, ё бирон яхши шеър топиб олса, дарҳол бизникига йўл оларди. У одам билан ижодий суҳбатда бўладиган, асосан, мен эдим. Аммо, ҳар сафар кўча эшикда туриб, умр йўлдошимнинг отини айтиб чақирар, пешвоз чиқсак, остонадан ўтмай туриб, болаларимнинг отасини сўрарди. Агар, у киши уйда йўқ бўлса, ҳаргиз кирмас, дутор, танбурини кўтариб, кўчадан нари қайтиб кетарди. Оила аъзоларимиз, астойдил, такаллуф қилишса ҳам, барибир, кирмасди. Жуфтликнинг файзини, рўзғорнинг оҳорини сақлаш, авайлаш шудир! Миллий одобимиз биздан шуни сўрайди. Бу эркакнинг ички маданиятини қаранг-у, ёш бекаси бор қариндошининг тор уйига келиб, ағанаб ётган тўп эркакни қаранг!
Кўп қаватли уйларнинг шароити ҳаммага маълум, беш хоналиги ҳам бир хонадай гап: ўтирган жойингда ҳамма гапни эшитиб, ҳамма ҳаракатни кўриб турасан, ўрнингдан турсанг, албатта, кимгадир туртинасан! Бу тор-у танг жойда аёллар қандай эркин ҳаракат қилсин ёки меҳмонлар аёллар бўлса, бу уйнинг эркаги қайси тешикка беркинсин?!
Бундай уйларга тўсатдан кириб келиш ҳам мумкин эмас, нега десангиз, бошқа жойдан кўчиб келиб, Тошкентда турганларнинг аксарияти ёш оилалардир. Майда болали бўлиши, аёли юкли, ё боласи касал бўлиши мумкин. Ёш рўзғорнинг мусофирчиликда дарҳол тикланиб кетиши қийин, топган — тутганлари ўзларига зўрға етиб турган бўлса-чи! Ва ҳоказо…
Дунёнинг ўзини, катта — кичик мавжудликнинг ҳаммасини меъёр бутун ушлаб туради. У йўқ жойда мувозанат йўқ, оғиш бошланади. Бундан ҳаммамизни асрасин, меъёрни унутмайлик!

(Давоми бор).

Изоҳнинг ҳожати йўқ