Алоқа | Обуна

Таассуротлар таърифига тил ожиз…

Давлатимиз мустақилликка эришганидан кейин миллатлар ва этносларнинг тиллари, маданиятлари, урф-одатлари, қадриятларини ривожлантириш борасида кўпгина ишлар амалга оширилди.
Вилоятимизда фаолият юритаётган ягона ўзбек драма театри жамоаси яқинда ҚР Маданият ва спорт вазирлиги, Қозоғистон Халқи ассамблеясининг ташаббуси билан ўтказилган Қозоғистон миллий театрларининг IV-Республика фестивалида иштирок этиб, “Энг яхши ансамбль” номинацияси бўйича биринчи ўрин, шу театрнинг маҳоратли актёри, машҳур сўз устаси Рустам Саидхўжаев “Иккинчи пландаги энг яхши актёр” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритиб, 100 000 тенгелик пул мукофоти, диплом ва эсдалик совғаларининг соҳиби бўлиб қайтдилар. Бу ҳам юқоридаги сўзимизнинг далилидир.
Ана шу сафар таассуротлари хусусида халқимизнинг севимли актёри Рустам Саидхўжаев билан суҳбатда бўлдик.
– Ассалому алайкум, Рустам! Аввало, мукофотларингиз, эришган ютуқларингиз муборак бўлсин!
– Раҳмат!
– Бўлиб ўтган фестивалда Республикамиз бўйича қанча миллий театр жамоалари иштирок этишди? Сиз қайси ролингиз учун рағбатлантирилдингиз?
– Фестивалда саккизта миллий театр жамоалари иштирок этишди. Уларнинг ичида ўзбек, яъни биз, уйғур, немис, корейс, рус ва бошқа миллат вакиллари қатнашдилар. Ҳайъат аъзолари жуда профессионал инсонлардан иборат эди. Шунча актёрлар орасидан мукофотга эришиш осон бўлмади.
Астанадаги Горький номидаги рус театри, ”Жастар” театри, Ақмўла вилоятидаги рус театри ва бошқалар иштирок этишди. Ҳайъат аъзоларининг раиси Астанадаги Қуанишбоев театрининг бадиий раҳбари Талғат Теменов, Г. Мирғалиева, Н. Шанаи, Англия ва Лондондан келган вакиллар баҳолаб турдилар.
И. Ҳошимжонов раҳбарлигидаги 26 кишидан иборат жамоамиз билан шу фестивалда иштирок этдик. Мен бунда Ҳарам бошлиғи ролини ижро этганман. 1-пландаги актёрлар бош ролни ижро этганлар ҳисобланади. Мен 2-пландаги актёрлик номинацияси бўйича биринчиликни қўлга киритдим.
– Театримиз у ерда қайси спектаклни намойиш этди? Уни ким саҳналаштирган? Бошқа жамоалар қандай мукофотлар олишди? Томошабинлар томонидан қандай кутиб олинди бу асар?
– Биз ушбу фестивалда “Хўжа Насриддин – Сайрамда!” спектаклини намойиш этдик. Асарни саҳналаштирган ўзбекистонлик режиссёр Сайфиддин Мелиев бўлади. Фестивалда турли номинациялар бўйича ўринлар белгиланди. “Энг яхши театр” номинациясини корейс театри, “Энг яхши актриса” номинациясини уйғур театри олди. Яна “Томошабин нигоҳи”, “Энг яхши актёр” каби номинациялар кўп.
Томошабинлар, асосан Астана шаҳрида ўқиётган кўпгина ўзбек студентларимиз, ишлайдиган ҳамюртларимиз ва бошқалар бўлди. Менинг фикримча томошабинларимизда асар жуда яхши таассурот қолдирди. Жамоамиз билан биргаликда, ҳамжиҳатликда шу нарсаларга эриша олдик, дея ўйлайман.
– Ижтимоий тармоқлар орқали сизнинг дўстларингиз билан қилган саёҳатингиз ҳақидаги маълумотлар билан танишиб бордик. Хабарингиз бор, ҳозир дунё мамлакатларининг нигоҳи қадалган “ЭКСПО-2017” Халқаро кўргазмаси бўлиб ўтаяпти. Сизнинг ундан олган таассуротларингиз қандай бўлди?
– Мен Астанага театр жамоасидан ташқари, алоҳида боргандим. Мени у ёқда Астана шаҳрининг ўзбек этномаданият жамоат бирлашмаси раиси Шерзод Пўлатов, А. Усмоналиев, Анвар, Фарҳод, Ислом, Ҳасан, Воҳид ака каби дўстларимиз кутиб олишди. Биргаликда кўргазмани ҳам томоша қилиш бахтига муяссар бўлдим. Таассуротларимни таърифлашга тил ожиз. Меҳмонхоналар, ресторанлар ҳаммаси менинг кўнглимдан чиқди. Астана шаҳрини яқин орада бундай мириқиб томоша қилмагандим. Ҳамма ҳамюртларимга ҳам тавсия қилардим, минг марта эшитгандан бир марта кўрган, ҳақиқатдан ҳам, афзал экан.
– Газетамиз муштарийларига тилакларингиз…
– Газета ҳамиша биз билан бирга, Худо хоҳласа. Муштарийларимиз ҳам, томошабинларимиз ҳам кўпаяверсинлар. Сизларни ўқиб, маънавий озиқ олсалар, бизларни томоша қилиб ҳам дам олишади, ҳам ўзларига керакли хулосаларни чиқариб олишади, дея ўйлайман. Доим ижодда биринчи бўлиб, инсонларнинг кўнгилларидан чиқадиган мақолаларни ёзиб, эл-юрт хизматидан чарчаманглар. Бизларнинг ҳам, сизларнинг ҳам фаолиятларимиз бевосита шу азиз инсонларга боғлиқ. Уларга соғлик ва омонлик тилайман!
– Сизга ҳам ижодда юксак парвозлар тилаймиз! Кўп сонли муштарийларимиз номидан яна бир бор мукофотлар билан муборакбод этамиз. Келгуси ишларингизда ривож ва мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат, Рустам!

Суҳбатдош: Г. АБАТОВА.

Изоҳнинг ҳожати йўқ