
Ассалому алайкум, ҳурматли таҳририят ходимлари! Мен “Жануб жарчилари” газетасининг 15 августда чоп этилган сонидаги “Хизмат қилмаса бир бора – қаср-у кошона чикора?!” мақоласини ўқиб, ўзимнинг фикрларимни баён этмоқчиман. Таъкидламоғим даркор-ки, жамоатчи мухбир Эркин Абдунақибов дўстимнинг миллатимиз учун, келажагимиз учун куйиб-ёниб билдирган фикрлари, айнан жуда долзарб масалалардир.
Бугунги кунда “Жануб жарчилари” газетасининг ҳар бир сонини интиқлик билан кутиб: “Келгуси сонида яна қандай мазмунли мақолалар берилар экан?” – дея ўйланаётган муштарийлар сони кундан-кунга ўсиб бормоқда. Бу, албатта ижодий жамоанинг тинимсиз изланишлари ва ижодларининг серқирралиги, жамоатчи мухбирларнинг долзарб муаммоларни тўғри ёрита олаётганликларининг натижаси, дея биламан.
Муҳтарам юртдошлар, ҳақиқатдан, Эркин дўстимнинг ачиниб гапиришларида аччиқ ҳақиқат бор. Аслидаям ҳовли ҳамда уй-жой катта бўлса, бундай кенгликдаги тўйларнинг гашти ўзгача бўлади. Биринчидан: олисдан келган меҳмонлар уй-жойни кўрадилар; иккинчидан: тоза ҳавода ўтиришади; учинчидан: мусиқанинг ортиқча шовқинли товушларидан халос бўлинади.
Эркинжон, бугунги кунда Элбошимизга мингдан-минг раҳматлар айтишимиз керак-ки, бизларга дин эркинлигини бериб қўйди, масжидлар кўпайиб кетди. Аммо минг афсуслар бўлсин-ки, меҳр-оқибатлар йўқолиб бормоқда. Сиз айтган ҳашарлар бугунги кунда эртак бўлиб қолмоқда.
Мен Оллоҳ берган сўз санъатим билан кўп жойларда гувоҳи бўлиб юрибман: тўйхоналарда тўй ўтказишда, столларда ароқ-коньяклар бўла туриб, тўйни пайғамбарларга саломлар айтишдан бошлайдилар.
Умуман мантиққа тўғри келмайдиган манзараларни кўриб, ёқамни ушлайман. Жумладан, одатда, келин чимилдиқдан чиққан куннинг тонгида оиланинг катталари йиғилишиб, шуларга салом бериларди. Ҳозир эса — бутунлай бошқача. Масжидда жаноза жума кунига тўғри келсагина ўқилади, бошқа пайтлари хонадонларда ўқилади.
Бугунги гўзал ҳаётимизга шукроналик қилиш ўрнига, тўйларимиз ҳам, таъзия маросимларимиз ҳам, ҳаддан ташқари исрофгарчиликлар билан давом этмоқда. Мана, қўшни Ўзбекистон давлатида 1 сентябрдан бошлаб, никоҳ тўйларида енгил машиналар сонини чеклаш, келинларга миллий либослар кийдириш, келин саломни тўйхонада эмас, эртаси куни уйда ўтказиш белгиланди, қовурдоқ, чаллар ва қуда чақириқ маросимлари бекор қилинади. Тўйхонага 200-250 дан ортиқ одамлар таклиф этилмайди.
Лекин бизда бунақа бўлмайди, камида 300-600 гача меҳмонлар бўлади. Кўплаб тўйларда учратиб келаяпман: спиртли ичимликлар, ҳаддан ташқари кўп берилиб, чиройли бошланган тўй кечалари жанжал-тўполон билан якун топмоқда.
Менинг шахсий фикрим: кейинги вақтларда ўзига тўқ ака-укаларимиз қимиз, қимрон биан жуда чиройли тўйлар ўтказишмоқда. Ароқнинг ўрнини мана шу ичимликлар билан алмаштирсак.
Ҳар бир йиғинга авлод катталари бош бўлишса, мақсадга мувофиқ бўларди. Кўпчилик хонадонларда ҳурматли аёлларимиз рулни ўзлари бошқаришиб, тоғора ва сумка кўтаришларини тўхтатмаяптилар. Ўзбекистонда бунга ҳам чек қўйилган, фақат “қуруғи”дан олиб боришади.
Эркинжон, сиз биз ёзмоқдамиз, лекин натижа бўлавермаяпти. Фақат ҳар бир тўйми, маъраками ўтадиган хонадонга, яна айтаман: авлод катталари бош бўлишса — нур устига аъло нур бўларди. Мен шахсан ўзимга тегишли оилаларга, имкон қадар, таъсиримни ўтказиб, ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймасликка даъват этиб келаяпман.
Мен ўйлайман-ки, ушбу мақолани ўқиган миллатдошларим бунга бефарқ бўлишмай, кейинги сонларда ўз фикрларини билдирсалар.
Ҳурмат билан: Ҳамроқул ДАВРОНБЕКОВ,
Қозоғистон ўзбекларининг биринчи сухандони, Сайрам туманининг фахрий фуқароси.

