Алоқа | Обуна

«ОРИС» – ҚОРАБУЛОҚ ЧЕМПИОНИ!

Футбол бўйича Қорабулоқ чемпионатининг 2017 йилги мавсуми ҳам тарихдан ўрин олди: 2-3 сентябрь кунлари мусобақанинг сўнгги тур учрашувлари ўтди.
“Орис” жамоаси аъзолари муддатидан аввал чемпионатнинг ғолиблигини қўлга киритганликлари учун ҳам, улар сўнгги турда “Коммунизм” клуби билан ўтган баҳсни ҳақиқий байрамга айлантириб, мухлисларига голлар шоусини тақдим этдилар. Улар рақибларининг дарвозасини 6 бор ишғол қилишиб, 6:4 ҳисобида ғалаба қозонишди.
“Орис” ана шу тариқа чемпионатни 32 очко билан якунлаб, бош совринни қўлга киритди.
Иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаб турган “Ғайрат” ва “Қайнарбулоқ” жамоаларининг учрашувида дарвозаларга 3 гол киритилди. Бу баҳсда “Қайнарбулоқ” ғалаба нашидасини сурган бўлса-да, кумуш медални ола билмади. Чунки бунгача “Ғайрат” футболчилари ўзлари жамғарган 24 очко билан иккинчи ўринни банд этиб бўлишганди.
Якшанба куни мусобақанинг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Қорабулоқ футбол федерациясининг раҳбарлари ғолиб жамоаларга совринларни топширишди.
Шунингдек, тўпурар футболчилар ва чемпионатда белгиланган бошқа номинациялар бўйичаям кучли ўйинчилар тақдирланишди. Ёшлар лигаси ва фахрийлар орасида ҳам чемпион жамоалар аниқланди.
Биз футбол федерацияси директори Дилмурод ака ТОШМЕТОВдан суҳбат олишга муваффақ бўлдик.
–Ассалому алайкум, Дилмурод ака, федерацияда қандай янгиликлар?
– Ваалайкум ассалом: Авваламбор, ҳаммани Қозоғистон Республикасининг Конституцияси куни байрами билан хамда улуғ айём — қурбон ҳайити байрами билан, кечроқ бўлса-да, чин қалбимдан табриклайман!
Мана, Қорабулоқ қишлоғида футбол бўйича ўтказилган бешинчи биринчилигимиз ҳам ниҳоясига етди. Бу футбол биринчилигини ўтказишдан мақсад, авваламбор, спортни ривожлантириш, жамиятни соғлом ҳаёт тарзига ташвиқ этиш, ёшларни спортга қизиқтириш, ҳар хил ёмон иллатларга (наркомания, алкоголизм каби) қарши курашиш ҳамда миллатлараро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш (сабаби: ўйинларда бошқа миллатларнинг вакиллари – қозоқ, рус, озарбайжон, турк, немис миллатларининг вакиллари ҳам иштирок этишди).
Мазкур турнир учта гуруҳлар орасида ўтказилди. Биринчи гуруҳнинг асосий ўйинлари 16 ёшдан юқори бўлган футболчилар командалари ўртасида ўтказилди. Айни гуруҳда 11 та команда иштирок этди.
Иккинчи гуруҳ — дублёрлар таркиблари. Уларни асосий гуруҳ командаларининг давомчилари, десак ҳам бўлади. Бу гуруҳда хам 11 та команда иштирок этди.
Учинчи гуруҳ мусобақалари фахрийлардан ташкил топган командалар ўртасида ўтказилди. 7 та командада 35 ёшдан юқори бўлган футболчилар иштирок этишди.
–Сиз кутган натижаларга эришилдими?
– Ҳаммаси яхши ўтди, деган фикрдаман. “Орис” жамоаси 1-ўринни қўлга киритган бўлса, “Ғайрат” жамоаси 2-ўринга, “Қайнарбулоқ” жамоаси эса — 3-ўринга эга бўлишди.
Ўйинларимиз жуда қизиқарли ўтди, ишқибозлар ҳам жуда кўп бўлишди. Ҳар ўйинда уч мингдан беш минг нафаргача ишқибозлар ўйинларни қизиқиб томоша қилишди. Олдимизга қўйилган режалар ва мақсадларни рўёбга чиқардик.
Албатта хатолар ҳам бўлди, келаси турнирларда ушбу камчиликларнинг ечимларини топиб, бундай камчиликларга йўл қўймасликка ҳаракат қиламиз.
Мана, яна икки ҳафтадан кейин федерация кубоги учун ўйин бўлиб ўтади, биринчиликни қўлга киритган команда билан кубок ғолиблари супер кубокда учрашадилар. Шунинг билан 2017 йилнинг чемпионати якунланади.
–Олдингизга қўйилган навбатдаги режалар ҳақида айтиб ўтсангиз…
–Келажакда олдимизга қўйилган мақсадларимиз кўп. Келаси йилги чемпионатда мана шу ветеранлар орасидаги, дубль таркиблар ўртасидаги командаларни янада кўпайтириш, кўпроқ ҳомийларни жалб қилиш ниятидамиз.
Мана, қўшни қишлоқлардан биринчиликда иштирок этиш бўйича таклифлар тушаяпти. Ушбу таклифларга асосан, қўшни қишлоқлардан-да командаларни таклиф этиб, ўйинларни янада қизиқарли қилиб ўтказиш каби режаларимиз бор.
Жамоаларга келаси турнирларда бундан ҳам қизиқарли ўйинларда иштирок этиб, яхши натижаларга эришиб, катта ғалабаларни қўлга киритишларида омадлар тилаймиз!

Биз федерациямиз номидан “Жануб жарчилари” газетаси таҳририятига улкан миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бизнинг мана шу ўйинларимиз ҳақидаги янгиликларни газета саҳифаларида ёритиш орқали,фаолиятимиз тўғрисидаги маълумотларни, нафақат Қорабулоқ қишлоғидаги, балки туманимиздаги, вилоятимиздаги футбол ишқибозларигаям етказиб бермоқдасизлар. Газетанинг келажакдаги чиқишларига омадлар тилаймиз ҳамда бундан ҳам юқори чўққиларни забт этишларингизга истакдошмиз.

Гултўра АБДИКАРИМОВ, футбол ишқибози:
–Мана, футбол федерацияси томонидан бугунги ўтказилган Қорабулоқ биринчилиги ниҳоясига етиб, ғолиблар аниқланди. Ҳамма командаларни ўз ўринлари билан табриклайман. Ўйинлар жуда қизиқарли бўлди. Биз ушбу ўйинларни томоша қилиб, мароқли ҳордиқ чиқардик.
Қорабулоқ футбол федерациясига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Келажакда ёшларимизни мана шундай мусобақаларга жалб қилиб, соғлом ҳаёт тарзини ташвиқ этишларида омадлар тилаймиз.

Қуйида 17-тур натижалари ва турнир жадвали билан танишиб олишингиз мумкин:
2 сентябрь
“Фурқат” — “Марказ” – 1:2
“Коммунизм” — “Орис” – 4:6
3 сентябрь
“Пахтазарбдор” — “Янги ҳаёт” – 8:2
“Қайнарбулоқ” — “Ғайрат” – 2:1

Тўлқин БАКИРХЎЖАЕВ ва
Элдор ШОДМОНОВ тайёрлади.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ