
Йилига 100 000 евро тўлаб ўқиладиган дунёдаги энг қиммат мактабнинг ўқувчилари қандай яшайдилар?
Бой-бадавлат одамларнинг қандай тарзда яшаётганликлари жараёнини кузатиш бошқаларда доимо қизиқиш уйғотиб келади. Қачонки, агар давлатманд кишиларнинг уйларидаги шоҳона шарт-шароитлар, шахсий ҳаётларининг сир-синоатлари жамоатчилик нигоҳиданпинҳоний бўлса-да, аммо уларнинг фарзандлари ўқиётган мактаблардаги алоҳида имкониятлардан шарт-шароитлардан атрофлича воқиф бўлмоқ мумкин.
“AdMe.ru” сайти расман “Institut Le Rosey” дея номланувчи мазкур йўналишдаги хусусий мактабга айни мақсадда виртуаль саёҳат уюштирди ҳамда унга ғойибона сафар қилишни хоҳловчиларниям таклиф этди.
“Institut Le Rosey” – Швейцарияда жойлашган энг эски ўрта таълим муассасаларидан биттаси. Уни кўпинча бошқачароқ қилиб: “School of Kings” яъни“Қироллик мактаби” – дея атайдилар.
У фаолият кўрсатаётган 1880 йилдан буён ҳозирги кунларга қадар, “School of Kings” — “Қироллик мактаби” ҳамда у жойлашган қасрга битта оилавий сулоланинг давомчилари узлуксиз равишда соҳиблик қилиб келишади.
Дастлаб, Швейцариянинг дунёдаги энг қиммат, нуфузли ҳамда мартабалимана шу қадим ва азим билимдаргоҳигаўқувчиларни қандай қабул қилиш тартиби хусусида мухтасар тўхталсак.
Тушликдан кейинги таомга қайноқ шоколад тортиладиган ҳамда деразаларидан Альп тоғлари ва Женева кўли яққол кўриниб турадиган “Қироллик мактаби”га киришқоидалари, умуман олганда, жаҳондаги бошқа шунга ўхшаш хусусий мактабларникидан айтарли фарқ қилмайди.
Бироқ, барибир, унинг ўзига хосликлариям мавжуд. Бунинг учун, дастлаб мазкур мактаб сайтидаги тегишли аризани тўлдириш лозим бўлади ва унга дарсларни ўзлаштириш тўғрисидаги ҳужжат ҳамда олдинги ўқиган мактаб директорининг тавсияномаси, шунингдек, ўқишга даъвогарнинг тиббий ҳисоботи илова этилади.
Мана шундан сўнг, ўқувчиликка номзод мактаб шаҳарчасидаги шарт-шароитлар билан танишиш, маъмурият вакиллари билан кўришиш, суҳбатдан ўтиш ҳамда айрим тестларни топшириш учун бу ерга таклиф қилинади. Мабодо, даъвогар учун бевосита келишнинг иложи топилмаса, юқоридаги юмушлар скайп ёрдамида амалга оширилади.
Навбатдаги босқич-кириш бадали тўланганидан кейин-натижани кутишга тўғри келади. “Қироллик мактаби”га ҳар йили 80 нафардан 90 нафаргача тингловчилар қабул қилинади. Мазкур масканга кириб ўқишни хоҳловчилар эса, 400 нафар атрофида бўлади. Шундай экан, йилига 300 нафардан ортиқроқномзодлар мақсадларига эриша олмайдилар ва улар навбатдаги йил учун рўйхатга олиб қўйиладилар.
Тағин бир алоҳидалик хусусияти: ҳар қайси мамлакат учун 10 фоизликдан ортиқ бўлмаган тақсимот (квота) жорий этилади. Мазкур махсус мактабга қабул қилиш жараёнида даъвогар номзодларнинг фаоллик, интилувчанлик, қизиқувчанлик ҳамда ўзига хослик фазилатларига катта эътибор қаратилади.
“Қироллик мактаби”да ишлар иккита тил — инглиз ҳамда француз тилларида олиб борилади. Шарт шу-ки, 8 ёшда уларни билиш унчалик шарт эмас, 12 ёшда ҳар иккаласини тушунмоқ талаб этилади, 15 ёшда эса, ўқувчи уларнинг, ҳеч қурса, биттасида эркин сўзлаша билмоғи зарур бўлади.
Кўпчиликни мазкур илм масканининг нечун бу даражада қиммат эканлиги ажаблантиради. Бунга жавобан, аввало, унинг “Қироллик”мақоми-ю мавқеи ҳамда буюк инсонларни етиштириб чиқарганлиги борасидаги мартабаси(ахир, уни ўз вақтида Бельгия қироли Альберт II ҳамда Монако шаҳзодаси Ренье ва Европа ҳамда Яқин Шарқ давлатлари қироллик сулолаларининг қатор атоқли ва таниқли намояндалари битириб чиқишган-да), шунингдек, билимнинг юқори сифатлилиги, шарт-шароитларнинг керагидан-да ортиқ яратиб қўйилганлиги соҳасидаги нуфузи асос қилиб келтирилади.
Марҳамат, бу ердаги кун тартиби билан ўзингиз ҳам танишинг: мактабда ҳар бир кун эрталаб соат 7:00 да ўриндан туриш ва хоналарни йиғиштириб, нонушта қилиш билан бошланади.
Сўнгра соат 8:00 дан, то 15:30 гача дарслар ўтилади, кун ўртасида тингловчиларга тушлик учун узоқ муддатли танаффус берилади.Соат 16:00 дан, то 19:00га қадар ўқувчилар спорт машғулотлари ёинки ижодий ишлар билан шуғулланишлари мумкин.Соат 19:30 да кечки таомлар тортилади. Соат 20:00 дан, то 21:00 гача дарс тайёрлаш учун вақт ажратилади.
Сабоқларни олишдан ташқари пайтларда “Қироллик мактаби”нинг ўқувчилари биргаликда қайиқларда сузадилар, сайр-у саёҳатларга чиқадилар, тоғ қояларига ҳамда чўққиларига чиқиш билан машғул бўладилар.
Қолаверса, салкам 140 йиллик ажойиб анъаналар, бир асрнинг нарисида бунёд этилган ҳамда ҳамон-ҳануз ўзларининг гўзаллигини, нафосатини йўқотмагантарихий кошоналар, 28 гектарни эгаллаган ҳам қадимийликни, ҳам замонавийликни ўзида мужассамлаштирган (10 та ғаройиб теннис кортлари, ёзги амфитеатр, махсус чодирлар, камондан ўқ отишга мўлжалланган тир, ёзги ҳамда қишги таълим-тарбия қароргоҳлари ва бошқа кўплаб қулайликлар) мактаб шаҳарчасини тасаввур қилиб кўраверинг!
* * *
Ер юзининг истаган мамлакатидан келган ўғил-қизлар учун “Қироллик мактаби”нинг эшиклари очиқ. Фақат ўқиш учун йилига 100 000 евролик тўлов масаласини эса — чидаганга чиқарган. Илло, унда таълим олишга иштиёқмандлар топилаётган экан-ки, “Қироллик мактаби” ўн уч йили кам бир ярим асрдан буён муваффақиятли равишда фаолият кўрсатиб келмоқда.

