
Тўй… Бу сўз замирида халқимизнинг энг ширин ниятлари ва умидлари мужассам. Тўй шунинг учун ҳам муқаддас-ки, айнан ўша куни ота-она ўзларининг, фарзандларининг орзу-ҳавасларига етишадилар. Бир-бирига талпинган икки кўнгил соҳиблари оила, деб аталган табаррук даргоҳга жуфтликда қадам қўядилар, қалбларидаги ишонч ила расмий никоҳланадилар.
Энг яхши неъматларни тўй дастурхонига қўямиз, энг чиройли либосларни тўйда киямиз. Хуллас, тўй куни эзгу орзу-ҳавасларимиз тантана қилади.
Афсуски, шолининг орасида курмак ҳам бўлади, деганларидек, тўйлар бўлаётган хонадонларда баъзан тартибсизлик, исрофгарчилик ва манманлик ҳолатлари кузатиляпти.
Тўйлардаги дабдабаларни бирмунча бўлса ҳам камайтириш мақсадида Сайрам тумани ўзбек этномаданият маркази қошидаги аёллар кенгаши “Тўйларимиз ҳақида ўйларимиз” мавзусида семинар ташкил этди. Қорабулоқ қишлоғидаги Фурқат номли мактабда ўтказилган ушбу тадбирда туман қишлоқларининг фаоллари қатнашдилар.
Унда туман ўзбек этномаданият марказининг раиси Фахриддин Исломов сўз олиб, тўйларда содир бўлаётган нохуш ҳодисаларни эслатиб ўтди ва уларни бартараф этишда биз, катталар қараб ўтирмайлик, дея ўз таклифларини киритди.
Аёллар кенгашининг раисаси Зумрад Аҳмедова ўз сўзида мазкур тадбир, фақат Қорабулоқ қишлоғи билангина чекланиб қолмай, бошқа қишлоқларда ҳам ўтказилишини таъкидлаб ўтди.
Семинарда Қорабулоқ қишлоғи аёллар кенгаши раисаси Гулиосиё Ҳасанова бир неча намунали оилаларда тартиб билан ўтказилган тўйлардан видеолавҳаларни тақдим этди. Шунингдек, Ипак йўли, Манкент қишлоқлари ўзбек этномаданият марказларининг видеолавҳалари ҳам кўпчиликнинг эътиборини қозонди.
Тўйларимиздаги инсон асабини бузадиган “куёвсотар” удуми Оқсувкент қишлоғи ўзбек этномаданият маркази томонидан гуманитар-педагогика коллежи мураббийси Мавжуда Қайнарбекова бошчилигида тайёрланган саҳна кўринишида яққол тасвирлаб берилди.
Тадбирда фахрийлардан Ҳамроқул ака Давронбеков, Саловат ака Салоҳиддинов, Сайрам тумани маслаҳати депутати, Кўлкент қишлоғи ўзбек этномаданият маркази раиси Ирисдавлат Қурбонов ҳамда Сайрам тумани уруш ва меҳнат фахрийлари кенгаши қошида ташкил топган аёллар кенгаши раисаси Умиткул Муратбекова сўзга чиқишиб, бешик тўйлари, суннат тўйлари, куёвсотар маросимларида исрофгарчиликларни камайтириш зарурлигини айтиб ўтдилар.
Тадбир сўнгида мурожаатнома қабул қилиниб, бир овоздан маъқулланди. Ушбу мавзудаги суҳбат Қорабулоқ қишлоғи ҳокимияти ҳамда Сайрам тумани ўзбек этномаданият маркази томонидан уюштирилган дастурхон атрофида ҳам давом эттирилди.
Тартиб билан режалаштирилса, тўйлар чиройли ўтади. Шундай экан, меъёрни унутмайлик. Меъёр бор жойда тартиб бўлади. Тартиб эса, осойишталик мезонидир. Ҳаётимизда осойишталик ҳоким экан, оилаларимизда фаровонлик, ободлик барқ ураверади. Ушбу тадбирнинг мақсади ҳам айнан шудир.
ДИЛНОЗА.

