Тил – миллат кўрки

Дилдора Бобохонова

Она тилимиз – бизнинг бойлигимиз, бебаҳо меросимиздир. Тил – миллатнинг жони. Бизни бошқа мавжудотлардан ажратиб турадиган ягона нарса – тилимиз. Тили бор халқ ривожланишда бўлади. Инсонлар бир-бирининг ўтмишини, тарихини, урф-одатини, турмуш тарзини китоблардан фойдаланиб ўрганадилар.
Тил билган – эл билади, дейди доно халқимиз. Шундай экан, ҳозирги вақтда ёшлар учун барча илм масканларига йўл очиқ, ҳунар ўрганса-да, тил ўрганса-да, етарли шароитлар мавжуд. Дунё халқлари тилларини ўрганиш билан ёшлар ўзларига дўстлар орттиришади, ватанпарварлик учун бошқа элларнинг энг яхши, фойдали нарсаларини ўрганиб, ҳаётда қўлланишади.
Она тилимиз биз учун азиз ва улуғдир, чунки ўзбек тилида донишманд аждодларимиз бебаҳо ва шоҳона асарлар, кашфиётлар яратишган.
Абу Али ибн Синонинг тиббиёт оламида яратган бой мероси ҳали-ҳануз инсон саломатлиги йўлида хизмат қилаётир. Осмонлар сирини очган Мирзо Улуғбекнинг яратган бой мероси фан тараққиётида муносиб баҳосини олган. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг асарларини ўқиб-ўрганишимиз жараёнида ўз Ватанидан йироқ бўлиш инсон учун нечоғлик оғир жудолик эканлигини англаймиз.
Алишер Навоий ўзининг ғазаллари ва достонларида севги, муҳаббат, садоқат каби олий туйғуларни тараннум этган. «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» достонлари халқ орасида севиб ўқилади ва уларнинг тарбиявий аҳамияти жуда катта.
Дунё халқлари аждодларимиз қолдирган шоҳ асарларнинг туб маъносини, гўзаллигини ҳис қилиш учун уларни соф ўзбек тилида мутолаа қилишмоқда. Тил – дилнинг ойнаси. Демак, дилда бори тил орқали атрофдагиларга ошкор бўлади. Дил изҳоримни шеърим билан ошкор этай:

Гулласин Ватаним, яшнасин элим,
Бахт-у саодатдан яйрасин дилим,
Армони йўқ инсон бўлай дунёда,
Дилим қувончини сўйласин тилим.
Она тилим обрўсин кўтарай кўкка,
Мен ҳам интиламан доим юксакка,
Ватанга муҳаббат тилга садоқат,
Ҳар кимни етказар эзгу тилакка.
Ўзбек тили – менинг она тилимдир,
Ҳар бир куй-ғазали ғунча – гулимдир,
Ўз она тилимни чин дилдан севмоқ,
Биламан, мен тутган тўғри йўлимдир.

Ҳар бир инсон ўз тилини билиши ва ўзга тилларни хурматлаши керак. Она тилини билиш, у билан фахрланиш, қадриятларни сақлаш муқаддас бурчимиздир.

Дилдора БОБОХОНОВА,
“Чўбаноқ” мактабининг 10-“Б” синф ўқувчиси.

Изоҳнинг ҳожати йўқ