
Ҳар куни кечқурун тикув машинаси олдида узоқ вақт ўтириб, турли-туман кийим-кечаклар, бежирим кашталар тикадиган она ишига шу даражада киришиб кетарди-ки, ҳатто ўзини зимдан кузатаётган қизини пайқамай қоларди. У яратаётган гўзалликларга кўзи тўймай тикилган қиз: “Катта бўлсам, онам каби чевар бўламан, мен ҳам одамларга гўзаллик бахш этувчи либослар тикаман” – дея ният қиларди. Олийгоҳга кирар чоғида ҳам орзусини унутмади: айнан либослар бўйича дизайнерлик соҳасини танлади.
Дилфуза оддийгина ип, игна, бисер, мато, ҳатто қоғоздан усталик билан буюм ясай олади. Айниқса унинг гуруч, макарон, буғдой ва лағмон пишмаларидан тайёрлаган буюмларини кўриб, камина ҳам лол бўлдим.
Дилфуза Отантой қизи Исмоилова 1971 йилнинг 1 февралида Чўрноқ қишлоғида таваллуд топди. Онаси унга чиройли исм танлади ва намунали тарбиялади. Қалбига тўғрилик ва яхшилик уруғларини сочди. Атрофдагиларга меҳрли бўлишни маслаҳат берди.
– Раҳматли онамнинг насиҳатларини кўп ва хўп эслайман. Бугунги кунгача эришган ютуқларимнинг ҳаммасида онамнинг ҳиссаси бисёр, – дейди у.
Ўрта таълим, шунингдек, олийгоҳ босқичларини муваффақиятли тамомлаган Дилфуза болалик орзусини амалга оширишни мақсад қилди. Онаси маслаҳати ила қишлоқдаги Т. Айтжанов номли мактабга меҳнат ўқитувчиси бўлиб ишга жойлашди. У бор билимини, иқтидорини, ижодини касбига бағишлади. Қўл ҳунарининг янгидан-янги қирраларини очиб, ўзи сингари шогирдлар тарбиялашга киришиб кетди.
Волидаси ўргатганидек, олдидан қандай иш чиқса: “Мен буни уддалайман!” – дея астойдил бажарди. “Вақтим йўқ”, “Чарчадим”, “Бу менинг ишим эмас” каби гапларни четга суриб, “Ҳаракат туби – баракат” нақлини амалда қўллади. У меҳнат таълимидан ташқари, “Ўз-ўзини таниш” фанидан ҳам сабоқ бера бошлади, буюртма асосида танловларда қизларга кийимлар тикди, бир қанча шогирдлар тайёрлади. Шулардан бири – Рўза Мирзалиева ҳозир дизайнерлик соҳасида таҳсил олмоқда.
– Касбини севиб, ундан роҳатланиб ишлай олган инсонгина ютуққа эришиши ва кўзлаган мақсадига етиши мумкин, – дейди Д. Исмоилова. – Буни мен ҳаётий тажрибамдан келиб чиққан ҳолда айта оламан. Болалигимдан айни касбга қизиқдим, кўнгил қўйдим, келажакка режалар туздим ва уларга эришдим ҳам. Тўғри, бу йўлда тўсиқлар учраши мумкин, лекин ҳаммаси ҳаракатга, интилишга боғлиқ. Касб танлаш остонасида турган ёшларга маслаҳатим: олдингизга аниқ мақсад қўйинг, қобилиятингизга қараб иш тутинг. Боиси, бу сизнинг келажагингиз, ютуғингиз.
Дарҳақиқат, битирувчилар учун энг долзарб вазифалардан бири – муносиб касб танлашдир. Зеро, ўзига мос ҳамда хос касб танлаш порлоқ келажакни яратиш билан баробардир.
Гўзаллик шайдоси ва қўл ҳунарининг устаси Дилфуза Исмоилова билан мулоқотимдан сўнг, ҳар бир инсон, аввало касбини севсин, деган фикрга келдим.
Султоной НИШОНБОЙ қизи.

