“NiK Group” – “Жүректен жүрекке” мукофоти соҳиби!

20151127171919

Астана шаҳридаги Тинчлик ва Тотувлик саройида хайрия ташкилотлари, меценатлар ва донорларнинг республика съезди ўтди. Тўнғич Президент кунига бағишлаб уюштирилган мазкур тадбир доирасида Қозоғистон Халқи ассамблеяси (ҚХА)нинг умуммиллий  “Мурувват карвони” акциясига старт берилди.
Унда ҚР Давлат котиби Гулшара Абдиқалиқова съезд делегатларига салом йўллаб, хайрия фаолиятининг жамоат тотувлиги ҳамда Қозоғистон халқи умумиллий бирлигини мустаҳкамлашдаги юқори ижтимоий аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

– Давлат раҳбари, – деди у жумладан. – ҚХАнинг 22 съездида мамлакатимиздаги барча хайрия акцияларини ассамблея шафелигида ўтказиш масаласини кўриб чиқишни  топширган эди. Ҳозир Қозоғистонда биринчи бор “Хайрия фаолияти тўғрисида” Қонун қабул қилинди ва энди ҚХА ушбу соҳада мувофиқлаштириш ва бошқа ёрдамларни кўрсатиш ваколатини олди.
Шундан сўнг съездда, дастлаб “Тойқозон: ҚХА – 20 эзгу иш” республика эстафетасининг ғолиблари етти номинация бўйича тақдирланишди. Сўнгра эса, тадбиркорлик тузилмалари, банк шўъбалари, миллий компаниялар ва жамоат жамғармалари орасида хайрия лойиҳаларининг “Жүректен жүрекке” республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтди.
Жумладан, ҳамюртимиз, вилоят маслаҳатининг депутати Бадриддин Нишонқулов раҳбарлик қилаётган “NiK group” корпорацияси “Жүректен жүрекке” республика танловининг бош мукофотига сазовор бўлди.
Ҳақиқатан ҳам, корпорация томонидан жорий йилда амалга оширилган хайрия тадбирларининг мана шундай эътирофга сазовор бўлиши бежиз эмас. “NiK group” корпорацияси фаолиятининг асосий йўналиши ижтимоий лойиҳалардан иборатдир.
Корпорация раҳбарияти Элбошимиз Н. Назарбаевнинг тадбиркорлик тузилмаларининг жамият ҳаётидаги ижтимоий масъуллигини ошириш, шу орқали халқнинг турмушини янада фаровонлаштириш борасидаги ғоясига жавобан, турли даражадаги хайрия тадбирларида мунтазам қатнашиб келмоқда. Мисол тариқасида 2007 йилдан буён фаолият кўрсатаётган “NiK” ўқув марказини, “NiK” футбол клубини айтиб ўтиш мумкин.
Жорий йилда ўтказилган “Замонавий Қозоғистон жамиятида аёлларнинг серқирраликлари ва муваффақиятлиликлари” мавзусида уюштирилган республика аёллар анжумани, “Офарин – 2015!” ёш хонандаларнинг вилоят танлови, “Назм юлдузлари – 2015!” Халқаро мушоираси, “Оқ йўл, битирувчи!”, “Тест билимдони” ва бошқа кўпгина тадбирларда корпорация бош ҳомий сифатида кўринди.
Шунингдек, “Мактабга йўл!” акцияси доирасида “Сайрам” ёрдамчи мактаби ва “Бауржан” болалар уйига совға-саломлар улашилди, таэквондо бўйича жаҳон чемпиони Ал-Бухорий Ирисметовнинг чет элдаги нуфузли мусобақаларда иштирок этишига беғараз ёрдам кўрсатилди. Қорабулоқ қишлоғидаги учта мактаб ва  масжид, йўлларнинг таъмири учун маблағлар ажратилди.
“NiK group” корпорацияси жамоасини ва унинг саховатли раҳбари Бадриддин Икромжон ўғлини мазкур юксак мукофот билан қутлаб, келгуси фаолиятларига омад ва зафарлар тилаймиз!

Ўз мухбиримиз.

Изоҳнинг ҳожати йўқ