Гипертония – “тилсиз қотил”

невролог-шифокори Гулжаҳон Нозимбек қизи Бердалиева

Ассалому алайкум, таҳририят ходимлари! “Саломатлик” саҳифасини узлуксиз ўқиб бораман. Кўпдан бери мени хафақон касаллиги безовта қиляпти. Шу касаллик ҳақида мутахассислар фикрини билсам, дегандим.

Гулнора.
Қорамурт қишлоғи.

Мазкур саволга 12-сонли Чимкент шаҳар шифохонасининг юқори малакали невролог-шифокори Гулжаҳон Нозимбек қизи Бердалиева қуйидагича жавоб  беради:
– Гипертония, яъни хафақон касаллигини бежиз “тилсиз қотил” дейишмайди. Агар ушбу касаллик вақтида даво чоралари кўрилмаса, аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Афсуски, хафақонга чалинган беморларнинг ҳаммаси ҳам мазкур дард ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас.
Кўпинча халқ тилида “давления” бўлиб қолибди, қон босими ошиб кетибди, дейишади. Қон босими томирларда оқаётган қоннинг шу томирлар деворига кўрсатадиган таъсиридир. Томирларда қон босими турлича бўлиб, юракдан узоқлашган сари пасайиб боради, ўртада анча юқори, капиллярларда эса бирмунча паст бўлади.
Қон босими икки даражадан иборат: устки, яъни систолик ва пастки – диастолик. Гипертония касаллиги ана шу икки даражанинг кўтарилишидан келиб чиқади.
Маълумки, юрак кислородга тўйинган қонни артериялар орқали танамизнинг барча аъзолари ва тўқималарига ҳайдайди. Агар артериялар девори бирор сабаб натижасида торайса, қон оқиши бузилади ва босим ошади. Юрак қон ҳайдаш учун одатдагидан кўра кўпроқ куч сарфлаб, тезроқ қисқаради. Шу тариқа гипертония касаллигига йўл очилади.
Замонавий тиббиёт артериал қон босимининг 140/90 мм симоб устунидан юқори бўлиши хафақон касаллигининг белгиси эканлигини исботлайди. Бу хасталик аста-секин ривожланади. Кейинчалик беморнинг қон босими 180/100 ммдан, 200/120 мм симоб устунига кўтарилиши, баъзида эса бу кўрсаткич янада ошиши мумкин. Хафақон касаллиги клиник кечишига кўра, мия, юрак, буйракка алоқадор бўлиши мумкин ва ривожлангани сайин айнан шу аъзолар фаолиятини издан чиқаради.
Кўпинча хафақон касаллиги ҳар беморда ўзига хос кечади.
Мияга алоқадор гипертония бош мия фаолияти бузилиши билан кечади. Бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил бузилиши, доимий уйқусизлик беморни безовта қилади. Бош мия қон томирлари қисқариши натижасида қон айланиши издан чиқади. Бундай ҳолат рўй бермаслиги учун қон босимини тушириш керак бўлади.
Мияга алоқадор гипертонияда бемор кўкрак соҳасидаги оғриқдан шикоят қилади. Кўпинча беморларда бундай юрак санчишлари кунига бир-икки марта кузатилади. Беморлар бундай юрак санчишини йўқ қилишмаса стенокардия, юрак миокард инфаркти рўй беради. Оқибатда бемор ногирон бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.
Буйракка алоқадор гипертонияда дастлаб қон босимининг диастолик даражаси кўпаяди, систолик ҳолати ўзгармайди. Буйрак томирларида атеросклероз юзага келиши мумкин. Натижада буйракнинг сурункали етишмовчилиги ва уремия ривожланади. Бемор ранги ўзгаради, ҳолсизлик кузатилади, мадори бўлмайди. Танада қандайдир оғриқлар сезади.

Қунт билан даволаниш керак

Сизга шифокор гипертония касаллиги ташҳисини қўйди, дейлик. Энг аввало ишни қон босимини ўлчайдиган тонометрни харид қилиб олишдан бошланг. Энг муҳими, ишчи қон босимингизни билиб олинг. Агар қон босимингиз меъёридан ошса, ҳафтада уч кун эрталаб ва кечқурун қон босимини ўлчаб, ёзиб юринг, кейинчалик сизга тегишли меъёрни аниқлаб олиш қийин эмас.
Биринчи навбатда бемор туз миқдорини камайтириши керак, яъни шўр таомлар, тузланган балиқ, помидор, бодринг, карам каби сабзавотлардан ўзини тийиши лозим. Бу каби тийилишлар касалликдан бутунлай фориғ бўласиз, дегани эмас. Беморлар шифокорлар тавсиясига қаттиқ риоя этишлари шарт. Касаллик авж олмаслиги учун бемор асабларининг толиқишига йўл қўймаслиги, меҳнат ва дам олишни меъёрида ташкил этиши лозим. Организмни чиниқтириш, бадантарбия машқларини бажариш, тоза ҳавода дам олиш, шунингдек, овқатланиш тартибига риоя этиш яхши самара беради.

Дилноза ҲАСАНОВА ёзиб олди.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ