Жамбил ўланлари

Жамбыл1

Ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан-азал дўст ва туғишган, бир-бирига дилдан суянган халқлардир. Улар бир-бирларини оға-ини, дея ардоқлаганлар, дўстликдан сўз кетганда, гапни:  “Биз қондош ва жондош халқлармиз, томирларимиз бир” – дея бошлайдилар.
Ўзининг зўр ижрочилик маҳорати ва прогрессив дунёқараши билан шуҳрат қозонган қозоқ оқинларидан бири – Жамбил Жабаев. У халқ оғзаки ижодиёти намуналарини болалигидан севиб ўрганди ва қозоқ халқи орасида айтишув санъатининг етакчиси сифатида шуҳрат қозонди.
Оқин Жамбилнинг шоирлик қудрати, салоҳияти халқона оҳангда айтилган ўйноқи мисраларда, сўз санъатининг нозик товушлари акс этиб турган қуйма термалари ва тўлғовларида ёрқин ифодаланган.  Халқнинг эзгу умид-орзулари, қувонч ва ташвишлари санъаткорона тасвирланган ўланлари билан оммага танилган Жамбил кўп йиллар давомида Ватаннинг ҳамма бурчакларини кезиб чиқди.
Қуйида унинг М. Мирзо таржима қилган шеърларидан намуналар берилмоқда.
Болаларга

Болалар, омонмисиз, чироқларим,
Кўлдаги қамиш каби ўйноқларим!
Ошса, гар бир ҳафтадан тура олмайман –
Забтига олар соғинч қийноқлари.
Бобонгиз келди сизга меҳмон бўлиб,
Қадди дол, боқманг унга ҳайрон бўлиб.
Унинг хўб бу дунёга меҳри қонган,
Ёшликдан айтган ўлан ўйнаб-кулиб.
Биламан, ўсажаксиз сиз ҳам яйраб,
Чаман-у боғчаларда қушдек сайраб.
Фақат сиз бир нарсани унутмангиз,
Улғайинг – юртингизни машҳур айлаб!

Олатов

Тизилган тоғлари бор Жетисувнинг,
Дов-дарахт ўсар унда турфа, минг-минг.
Шу юксак қоялардан қайнаб-тошар,
Кўрасан томошасин оққан сувнинг.
Бу гўзал тоғлар кимни мафтун этмас?
Куйлашга бийрон тил кучи етмас.
Ўриг-у олма, олмурт, мевалар кўп,
Бир тотсанг, оғзингдан ҳеч таъми кетмас.
Сузади оқ булутлар – осмон мулки,
Ўрганар оқ чўққилар осмонликни.
Турли жон-жониворлар яшар бунда,
Тилайди бир-бирига омонликни.

Кўринади-ки, бугунги кунда тарихий ва тарихий-адабий меросимизга эътибор ҳар қачонгидан ҳам ортган. Воқеликка қадриятимизда улуғланиб келинган жамулжамлик – шоир Жабаев ғояси асосида қараш, яъни башарият фарзандларини доимо меҳр-оқибатли, Ватанга муҳаббат, садоқатли бўлиш шоир ижодида ўз аксини топган ва дўст-биродар бўлиб яшашга даъват этган эди.
Ахлоқий-дидактик характерга эга бўлган ушбу шеърларида яхшилик инсоннинг энг эзгу хислати сифатида юксак саналади. Ёмонлик инсонга берилган жазо эканлиги уқтирилади. Шундай экан, инсон ёмон иллатларни тарк этиб, яхши хислатлар сари юз буриши айтилади.
Оқин ўланларининг ўйноқи ва мусиқий оҳанги, гўзал тасвирий ифодалар шоир бадиий маҳоратининг меваси эканлиги ҳақида фикрлар экан, кўз ўнгида бевосита она табиатимизнинг бетакрор манзараси гавдаланиб, ундан завқ олади ва шундайин ажиб диёрнинг фарзанди эканлигидан фахрланади ва чин дилдан юртга омонлик тилайди.
Унинг юрагидан кечган бу тилагида шеърлари орқали Ватанига бўлган муҳаббатини янада орттиради. Ж. Жабаевнинг ижодий мероси ўзбек китобхонларига манзур тушади, деб биламиз.

ЖҚДУ доценти Ё. МАДАЛИЕВ тайёрлади.

Изоҳнинг ҳожати йўқ