Музей – тарихнинг кўзгуси

sairammusei

Ёши уч минг йилдан ошган кўҳна Исфижоб – Сайрам тарихига назар солсак, бу  диёрнинг ривожланиш жараёнида жуда юксак мавқега эгалиги, географик ва табиий шароитлари жиҳатидан буюк аҳамият касб этганлигининг гувоҳи бўламиз.

Исфижоб номи еттинчи асрда Хитой тарихчиси Сюань Цзянь томонидан тилга олинган. Турон замини, Сайрам ва унинг мардонавор, меҳнаткаш халқи бошидан нималар кечмади, неча хонларни, босқинчиларни кўрмади, дейсиз?
Ушбу замин IX-X асрларда Сомонийлар, XI-XII асрларда Қорахонийлар, XIII-XIV асрларда Хоразмшоҳ ва Чингизхон бошлиқ мўғул истилочилари, XIV-XV асрларда буюк соҳибқирон Амир Темур, XVI асрда Шайбонийлар, XVIII асрда Қўқон хонликлари қўл остида бўлди. Бундан ташқари, дашти қипчоқликлар ва жунғорларнинг босқинчилик ҳужумлари юртнинг тинч равнақ топишига салбий таъсир кўрсатди.
Сайрамликлар XIX асрдан бошлаб, чор Россияси, сўнгра шўролар сиёсати остида яшашди. Бу даврда тарихни, миллий урф-одатларни ўрганишга, деярли эътибор берилмади. Кўп ҳолларда уларга бўҳтон ёғдирилиб, салбий қиёфада намоён этилди.
Мустақилликдан сўнг Ватанимиз тарихи, бой маданий ва маънавий мероси, тарихий шахсларини ўрганишга кенг йўл очиб берилди. Археологик изланишлар юритилиб, кўҳна ёдгорликлар, тарихий обидалар, азиз-авлиёларнинг мақбараларини тиклаш ишлари олиб борилмоқда, тарихга оид кўплаб китоблар, мақолалар босилмоқда.
Мазкур борада Сайрамдаги тарихий-ўлкашунослик музейи ҳам юрт тарихини, юксак маданиятини халқимизга етказишга, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ўз улушини қўшмоқда.
“Сайрам” тарихий-ўлкашунослик музейи илк бора 1963 йили қишлоқ кутубхонасида очилади ва сўнг эски масжид биносида ўрнашади, бироқ кейин айрим сабабларга кўра, ёпилади.
Музей 1992 йил апрель ойида тарихчи олим, профессор, Сайрамнинг фахрий фуқароси Мираҳмад ҳожи Мирхолдоровнинг саъй-ҳаракатлари натижасида Аҳмад Яссавий (собиқ Ленин) номли колхознинг эски икки қаватли биносида қайта тикланди ва вилоят тарихий-ўлкашунослик музейи таркибига кирди. Ҳозирги кунда музейга Меруерт Алимбекова раҳбарлик қилмоқда.
Музей экспонатлари анча бойиб, 13 бўлимдан ташкил топган. Унинг ҳозирги кўриниши кўпчиликни қизиқтириши, табиий. Экспонатлар билан танишиш археология бўлимидан бошланади. Бу залга Сайрамнинг пайдо бўлишидан то ҳозирги кунгача топилган буюмлар – хумлар, сополдан ясалган ер ости сув қувурлари, тегирмон тошлари, шунингдек, қадимий Исфижоб харитаси, эски фотосуратлар, босқинчиларнинг турли хариталари  қўйилган. Бу жойда тош ва суякдан ясалган буюмлар, мис, бронза асрларига тааллуқли асбоблар, маданият, техниканинг ривожланиш жараёнига боғлиқ анжомларни кўриш мумкин.
Қозоқ ва ўзбек этнография хонаси шинамгина безатилган. Қадимий ўтов ва уйларнинг кўриниши тасвирланган. Бу залда урф-одатлар, қадимий дастурлар, бой маданий ва маърифий меросни, миллий чолғу асбобларини, турмуш ва уй жиҳозларини кўриш мумкин.
Музейда ислом тарихини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилган. Эски Қуръони Карим китоби, арабча қўлёзмалар ҳамда авлиёларнинг мақбаралари, қабрлари жойлашиши ҳақида маълумотлар берилган. Шунингдек, Исфижоб қалъасининг ўрнашиш схемаси кўрсатилган.
Иккинчи жаҳон уруши ҳамда Улуғ Ватан урушига оид бўлимда Ватанимиз фахрийлари – Совет Иттифоқи ва Болгария Республикаси Қаҳрамони, афсонавий жангчи Зиёмат Ҳусанов, Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари Бўтабой Содиқов, Тоштемир Рустамовларнинг кийимлари, орден ва медаллари стендларга жойлаштирилган. Яна қишлоғимиздан жангга отланган юздан ортиқ фронтчи – Ватан ҳимоячиларининг фотосуратлари, тарихий буюмлари қуйилган.
Шунингдек, қишлоқнинг турли соҳаларида хизмат кўрсатган, диёримиз ривожига, тараққиётига, гуллаб-яшнашига улкан ҳиссаларини қўшган инсонларнинг, қаҳрамон, кўп фарзандли оналарнинг расмлари ҳам қўйилган.
Элбошимиз, Тўнғич Президентимиз Нурсултан Назарбаевнинг ҳаёти ва сиёсий  фаолиятига катта эътибор берилган. Унинг турли йилларда нашр этилган китоблари, мақолалари, суратлари стендларни безаб турибди. Тағин ушбу залда 1986 йилги декабрь воқеаси  қатнашчилари, қурбонларининг фотосуратлари, мустақиллигимиз учун курашганлар ҳақидаги мақолалар бор.
Музейда қизиқарли табиат хонаси ҳам мавжуд. Бу зал кейинги вақтда янги экспонатлар билан бойитилган. Ҳайвонот ва ўсимлик олами турлича. Бу жойда қўнғир айиқ, архар, ёввойи чўчқа, бургут, лочин, лайлак, ўрдак нусхаларини кўриш мумкин.
Тегишли залда томошабинларга Сайрам тарихи, қаҳрамонлар ҳаёти ҳақида фильмлар намойиш этилади.
Кундан-кунга музейнинг экспонатлари кўпайиб, келувчилар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Ҳар йили чет эллардан келаётган сайёҳлар сони ортиб бормоқда. Шундай экан, ҳамюртларимизни музейга ташриф буюриб, тарихдан баҳраманд бўлишга чақирамиз.

С. АРТУҚМЕТОВА,
музей экскурсоводи.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ