Бизда қандай?

img-4

Мўрт эрур тандаги иссиқ жонимиз,
Бекор бўлур бир кун бор имконимиз,
Тақдирнинг омонат бир инсонимиз,
Ўлмайдиган одам борми дунёда?
Нуқта қўйилмасдан умр сатрига,
Тирикликнинг етмоқ керак қадрига,
Ким тўйибди ҳаёт гулин атрига,
Ўлмайдиган одам борми дунёда?
Яшасак – номимиз сўйланиб қолсин,
Меҳримиз-ёдимиз куйланиб қолсин,
Ўлим ҳам бир лаҳза ўйланиб қолсин,
Ўлмайдиган одам борми дунёда?

Дунё ўткинчи, умр эса, ғаниматдир. Умрни оқар дарёга қиёслашади. Ҳа, азизлар, умрнинг ўткинчилиги, сувларнинг кўчкинчилигига ёшимиз улғая борган сари амин бўламиз. Инсонга ҳаёт, фақат бир мартагина берилади, деган гапга ҳамма ҳам тушуниб етавермаса керак, дея ўйлаб қоламан баъзида.
Жорий йил ёзда Тошкент шаҳрида катта овсиним Меҳринисо Абдунабиеванинг қазоси муносабати билан ўтган маъракаларда қатнашдим. Қишлоққа қайтишда Қуръон тиловат қилиш учун марҳума дафн этилган “Яланғоч” қабристонига бордик.
Қабристон дарвозасидан кираверишимда мени бир бошқача ҳиссиёт қамраб олди. Бу қабристонми ёки чаманзор боғми? У ердаги саранжом-саришталик, асфальт тўшалган йўлаклар, улар чеккасидаги ёмғир сувлари учун ишланган цемент ариқчалар – худди гулзорда сайр қилаётгандек ҳис этдим, ўзимни.
Меҳринисо опа қўйилган қабр атрофида махсус ўриндиқда ўтириб, навбат билан Қуръон тиловат қилдик. Қабристонни тарк этарканман, бир савол тинчлик бермасди: “Нега қабр усти сувоқ қилинади?”
Саволимга жавоб олиш учун, шу ерда қабр тошларини тозалаётган ишчиларнинг бирини суҳбатга чорладим.
– Майитни қўйиб кетишлари билан, майда сомон аралаш лой қорилиб, чиройли қилиб суваб қўйилади. Бу ёмғир ва қор сувлари қабрга ўтмаслиги ва чўкишнинг олдини олиш мақсадида қилинади.
– Қилаётган ишингиз учун ойлик тўлашадими?
У бу ерда ишлаш савоблигини, жумладан, жуда кўплар ишлашини, бунинг учун давлат томонидан маош тўланишини айтди. Дам олиш кунлари, байрамлар, ҳайитларда қабристонга жудаям кўп одамлар келиб, ота-онаси, ёр-у дўстларига Қуръон ўқиб, руҳларини шод қилиб, суҳбатлашиб кетишаркан.
Бизда-чи, бизда қандай?
Бу ердаги тартиб-интизом мени ҳайратга солди. Инсон қадрига бўлган эътиборнинг баландлигини қаранг! Ҳалиги йигит: “Ичкарига кирсангиз, ўзингизни қизиқтирган саволларга жавоб оласиз” – деди-ю ўз ишини ихлос билан давом эттирди.
Хонага кираверишда журнал илиниб турар ва унда ҳар куни келтирилган марҳумларнинг исм-у шарифи, қабрининг рақами ёзилиб қўйилар экан.
Бизнинг қабристонларда-чи? Ўзи икки ёшлигида оламдан ўтган отасининг қабрини фарзанди улғайгач, қайси белгилар орқали топиши мумкин, деб ўйлайсиз?

Ўлсам, жанозамни булбул ўқисин,
Айтолмай қолганим, десин Оллоҳга.
Саловотлар айтсин, тўплаб бор кучин,
Билмаганим, билганим, десин Оллоҳга.
Ўлсам, олов таним муз билан ювинг,
Токи, кафанларим кетмасин куйиб.
Ювгач, юрагимга парча муз қўйинг,
Борай ҳузурига озгина совиб.
Ўлсам, чинор экинг қабрим бошига,
Токи, соясида тиловат ўқинг.
Чўмилиб яшадим кўзим ёшига,
Йиғламанг, сиз, фақат “саловот” ўқинг!

М. АБДИРАСУЛОВА,
Маҳмуд Қошғарий номли 26-сонли
мактаб психологи.
Оқсувобод қишлоғи.

Изоҳнинг ҳожати йўқ