Алоқа | Обуна

Фаросат – ақлнинг ғилофи, онгнинг хилофи…

Халқимизда: “Тил ақлнинг қиличи бўлса, фаросат унинг ғилофидир” – деган мақол бор. Агар Оллоҳ бандасига фаросатни ҳадя қилмаганида ҳаётимиз қандай кечишини тасаввур қилиб кўринг-чи. Фаросат билан қилинган ҳар қандай ҳаракат ёки ишнинг охири, албатта хайрли бўлади.
Мақоламнинг аввалида фаросат сўзига мухтасар изоҳ бериб ўтмоқчиман. Фаросат ўзбекча сўз бўлиб, самимият, зийраклик, заковат, ўткир ақл каби маъноларни ўзида мужассамлаштиради. Фаросат одам боласини ҳам ботиний, ҳам зоҳирий жиҳатдан безайди. Не-не улуғлар ҳам-ки, валийлик даражотига ўзларининг Оллоҳ берган фаросатлари туфайли эришгандирлар.
Фаросатлиликнинг алифбоси нимадан бошланади, дейилган саволга ҳеч иккиланмасдан: саломлашиш одобидан, дея жавоб берган бўлардим. Саломлашиш одоби умумбашарий эҳтиёж, яъни инсон оламининг энг аҳамиятли, гўзал одобларидан бири. Жамиятимиздаги кишилар орасида ўзаро муносабатни яхши йўлга қўйувчи омиллардан бири, албатта “Ассалому алайкум!” каломидир.
Салом калимаси илоҳий китобларда “Нуқсонлардан холи” деган маънониям билдирар экан. Ушбу калима бандаларни ёмон нарсалардан йироқ бўлишга чорлайди. Агар таъбир жоиз бўлса, бунга битта мисол келтириб ўтмоқчи эдим.
Бундан, чамаси, қирқ йиллар илгари сирлашиб юрган укаларимдан бири: келинга ўз хоҳишинг билан уйланганмисан, деган саволимга қуйидагича жавоб берганди:
“Адам билан онам “фалончи”нинг қизини кўриб кел, сенга ёқса — бошингни иккита қилиб қўяйлик, дейишди. Мезбонлар мени яхши кутиб олишди. Биз бир пиёла чой устида суҳбатлашиб ўтирар эдик. Бир пайт елкасига кетмон кўтарганича бир қизча кириб келди. Унга эътибор қилмадим. Кетмонини ҳовлининг бир четига қўйди-да, ёнимиздан ўтиб кетаётиб, майин бир овозда: “Ассалому алайкум!” – дея салом бериб, уйига кириб кетди. Юрагимда қандайдир бир ҳолат юз бериб, жизиллагандай бўлди. Мен уй эгаларидан фотиҳа сўраб, йўлимда равона бўлдим. Ота-онамнинг қулоқлари менда, кўзлари билан сўроқ қўйдилар. Мен эса: бўлади, дедим, холос. Кейин билсам, бўлажак ёримнинг “Ассалому алайкум!”и сеҳрлаб қўйган экан мени”.
Мана, кўрдингизми, қизнинг бир оғизгина саломи уни бахтли қилди.
Фаросатли одамлар жамоат жойларида ўзларини ҳар хил ортиқча гаплардан, хунук кўринишлардан сақлашади. Бировнинг таъзиясида азага йиғилган халойиқни оғзига қаратиб, бор овози билан ғийбат қилиб ўтирган чолга кўзим тушди. У киши умр бўйи мол боқиб ўтган одам эди. Айтаётган гаплари, нафақат мотам маросим учун ўта ножоиз, балки, умуман, куракда турмасди.
Унинг ёнгинасида ўтирган иккинчи бир қария бошини девор томонга буриб, яп-янги гиламнинг қирғоғидан ушлаб кўтарди-да, оғзидаги носни туфлади. Бу ёқда дастурхон тўла ноз-неъматлар…
Шу ерда ўтирганлар ҳар иккала бефаҳм нодоннинг хатти-ҳаракатларини фаросатсизлик сифатида баҳолашди.
Яна бир воқеа: икки яқин дўстнинг ораси бузилди. Бунга эса, тамаки сабаб бўлди. Янги машина салонида ҳайдовчининг дўсти сигарета тутатди-да: ойнангни очиб қўй, дея буюрди. Унга жавобан дўсти:
– Ташқарида гаплашиб турдик. Шу пайт чекиб олмадингизми, бу ҳолда тутун салонни саситади-ку, – деди. Бундан жаҳли чиққан шериги: машинанг мендан ортиқми, дея машинадан тушиб, унинг эшигини жаҳл билан ёпганича жўнаб кетди.
Буюк Хитой донишманди Конфуций ўзининг ҳикматларида: “Чинакам хато ўзининг олдинги хатоларини тузатмасликдир” – дея хитоб қилган экан.
Биз – одамлар фаросатсизликни ҳар қадамда учратамиз, лекин “менга нима” дея, бепарво кетаверамиз, негаки, кимларгадир ёмон кўрингимиз келмайди.
Ҳарқалай, бизлар ахлоқ-одобга зид келувчи хатти-ҳаракатларни кўрганда жамоа олдида эмас, аксинча, ана шундай қусурга йўл қўйган шахснинг ўзига хатосини сездириб қўйганимиз маъқул. Бу ҳақида улуғ мусаввир Леонардо да Винчи: “Бизнинг хато ва камчиликларимизни кўрсатаётган рақиб, уларни беркитаётган дўстдан кўра, зарур ва кераклидир” – деганида ниҳоятда ҳақ эди.
Жамоат жойларида бўлар-бўлмасга “хо-хо”лаб куладиганлар, бошқаларга халақит берадиганлар, ёш бор, қари бор, демасдан, оғзига келганини сўзлайверадиганлар ҳам, оз бўлса-да, орамизда учраб туради. Ундайлар хусусида педагог олимларимиз икки хил фикрни олға сурадилар. Баъзилари айни қусурни тартиб-интизомга боғласалар, Шарқ мутафаккирларининг фикрича, одамдаги яхшилик фазилати ёки ёмонлик иллати насл-у насабда, ота-онасида, қандайдир айб-у нуқсонлар борлигини билдиради.
Бу борада Филип Честерфилд: “Бўлар бўлмасга қаттиқ кулавериш фаросатсизлик ва ёмон тарбия аломатидир” – деса, Шарқ шоирларидан бири ўзининг рубоийсида қуйидагича ҳаққоний сўзларни ёзган эди:

Хамиртуруш, аслида ачиган хамир,
Унингсиз хуш бўлмас нон билан патир.
Айниқса, лек одам “хамиртуруши”,
Зиёни бир неча авлодга татир…

Бундан шундай хулоса қилиш мумкин-ки, фаросат ҳам тарбияга, ҳам насл-насабга боғлиқ. Дунё халқлари ўзбек миллатининг маданияти, тили ва маънавиятини ҳурмат қиладилар. Ахир, биз тагли-тугли буюк миллат намояндаларимиз. “Ўзбек” сўзининг этимологик маъноларидан бири ҳам гўзал — мусулмонча тарбияланган одам сифатида изоҳланади.
Келинглар, қадрли миллатдошлар! Ўзбек, деган улуғ номга доғ туширмайлик. Биз фаҳм-фаросатда ўзгаларга ибрат-намуна бўлайлик.
* * *
Яхшилар, фаросат ҳақида мухтасар ҳикоя қилдик, холос. Бу кенг ва чуқур мавзулар сирасига киради. Келаси сафар ушбу хусусда фикр юритишда давом этамиз.

Суннатулла АКРАМОВ,
жамоатчи мухбир.

Изоҳнинг ҳожати йўқ