
Соғлом фарзанд кўриш ҳар бир ота-онанинг орзуси. Бугунги кунда оила қурган ёшлар нималарга эътибор беришлари лозим, ҳомилани парваришлашда ота-онанинг масъулиятлари нимадан иборат? Шу каби саволлар билан Оқсувкент қишлоғидаги Сайрам туман касалхонаси терапевт-шифокори Малика опа ОДИЛБЕКОВАга мурожаат қилдик.
– Ҳомиладорликда аёлларда учрайдиган камқонликнинг асосий сабаблари нима?
– Камқонлик – қон таркибидаги гемоглобин миқдорининг пасайиб кетишидир. Гемоглобин – кислород ташийдиган оқсил ва темир бирикмаси бўлиб, қоннинг қизил ҳужайраларида, яъни эритроцитлар таркибида бўлади.
Камқонлик – якка ҳолдаги касаллик эмас, у ҳар хил касалликлар қаторидаги синдромдир. Ҳомиладорлик пайтида, ҳатто-ки, соғлом аёлларда ҳам гемоглобин кўрсаткичи одатдагидан камроқ бўлиши мумкин, бу – ҳомила кутиш пайтида қоннинг суюқ ҳажми қон ҳужайралари ҳажмидан кўпроқ бўлишидан. Ушбу ҳол муаммо эмас ва у гидремия, деб аталади.
Гидремияда камқонликка ўхшаб, беморнинг аҳволи ночорлашмайди, микроэлементлар ва дармондорилар етишмовчилиги, яъни синувчан тирноқлар ва сочлар, қуруқ тери, кучсизлик каби белгилар кузатилмайди. Эритроцитлар-нинг ҳажми ва шакли, таркибидаги гемоглобин миқдори ҳам ўзгармайди. Гидремияни даволаш керак эмас.
Лекин кўп ҳолларда бўлажак оналарда ҳақиқий камқонлик пайдо бўлиши мумкин, бунда гемоглобин миқдори ҳаддан ташқари камайиб кетади. Ҳомиладорлик пайтидаги камқонликка: ошқозон – ичакдаги темир ўзлаштирилиши муаммолари; токсикоз; эгиз фарзандлар кутиш сабаб бўлиши мумкин. Ундан ташқари, ҳомиладор аёл сурункали касалликлар: пиелонефрит, гепатит билан оғриган бўлса, камқонлик билан касалланиш хавфи кучаяди.
– Камқонлик ҳомиладор аёл учун қандай хавф туғдиради?
— Гап шунда-ки, бу касаллик ўзи билан ҳар хил асоратлар олиб келади. Камқонликда ҳомилани йўқотиш, муддатидан аввалги туғруқ хавфи мавжуд. Агар ҳомиладорлик яхши ўтса ҳам, чақалоқнинг соғлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Чақалоқда темир моддаси танқислиги кузатилади.
– Касаллик аломатлари ҳақида айтиб ўтсангиз.
– Баъзида камқонлик яширин ҳолда кечиши мумкин. Шу сабабли, ҳомиладорлик пайтида қон таҳлилини мунтазам равишда топшириб туриш керак. Ҳолсизлик, нафас сиқилиши, бош айланиши, ҳушдан кетиш каби аломатлар кузатилади.
Одатда, темир таркибли ферментлар танқислиги, яъни соч тўкилиши, тирноқлар мўртлиги, кафт терисининг сариқ рангга кириши кузатилади. Шунингдек, ҳар хил “ноз-неъматларни”, айниқса бўрни татиб кўришни, ўткир ҳидли суюқлик ҳидини хоҳлаш каби ўзгачаликлар пайдо бўлганда, тезда шифокорга бориш керак.
– Ҳомиладорликда кам-қонликни даволаш қандай амалга оширилади?
– Камқонликни даволашда олма ва қизил лавлагини истеъмол қилиш тавсия этилади. Шунингдек, эътиборни гўштли маҳсулотларга ҳам қаратиш лозим. Инсон организмига ҳар кунига 120 грамм оқсил зарур. Шуни ҳисобга олиш керак-ки, гўштдан 6 фоиз оқсил, ўсимликлардан эса, 0,2 фоиз оқсил сўрилади.
Ишлов берилган гўштнинг фойдали хусусиятлари йўқолиб кетади, шунинг учун, пишмаган жигарни истеъмол қилишни афзал билишади. Жигарга яхшилаб ишлов бериб, тоза пишириб ейиш, мақсадга мувофиқ бўлади.
Камқонликни даволашда хапдориларнинг аҳамияти катта. Темир моддасининг танқислигини гўшт маҳсулотлари ва меваларни истеъмол қилиш орқали даволаб бўлмаслигини эслатиб ўтаман. Уларда, фақат 2 фоиз, дори-дармонлардан эса, 30-40 фоиз темир моддалари бўлади.
Албатта камқонликни да-волашда мева ва гўштли маҳсулотларнинг фойдаси катта, лекин шифокор тавсия этган дориларни “бир четга” суриб қўйиш мумкин эмас. Даволаш узоқ муддатга чўзилади. Соғликни назоратга олиш – соғлом зурриёдни дунёга келтириш кафолатидир.
– Суҳбат учун раҳмат!
ГУЛНОЗА
мулоқотда бўлди.

