Ваъдага вафо – марднинг иши

nashi_lyudi_ne_znayut_mery_vrach_o_tom_kak_popadayut_v_bolnicu_v_novyj_god

Манзура ая куни билан  тиним билмади. Янги йил оқшомига анчагина меҳмонларнинг келишлари кўзда тутилганди. Куйдириб-пишириб, ошхонадан бери келмади. Байрамолди зиёфатидан ҳаддан ташқари маст бўлиб келган эридан хабар олишга ҳам улгурмади. Кеча тун ярмида келган отанинг тўполонидан кейин, болаларнинг ҳам кўзидан уйқу қочганди. Каттаси Шерзод эсайиб, ақлини таниб қолган. Эрталабдан молхонадаги бўрдоқиларга қараб келди.
Кечга томон уйга меҳмонлар бирин-кетин кела бошладилар. Манзура ая кириб-чиқиб, меҳмонлардан хабар олиб турди. Соат миллари ўн иккини кўрсатишига ҳали анча вақт бор. Шу тобда ўзининг кўз олди бироз қоронғулашгандай бўлди. Буни у, шунчаки, чарчаганликка йўйиб, эътибор бермади.
Кейинроқ қайнсинглиси билан сўрашаман, дея энгашганида вужуди бирдан бўшашиб, ҳолдан тойгандек ўтириб қолди. Қўлини диванга тираб, базўр ўрнидан турганди, лекин мувозанатини ушлай олмай, ерга йиқилди.
Ўтирганлар орасида қий-чув кўтарилди. Кимдир “Тез ёрдам” чақирди. Машинага онаси билан Шерзод ҳам миниб олди. Онасини беҳуш ҳолатда жонлантириш бўлимига олиб кириб кетишди. Ҳамшира бўлим шифокорига тез-тез телефон қилар, лекин ундан дарак йўқ эди. Бироздан сўнг, қариндош-уруғлар ҳам етиб келишди. Улар орасида ичкиликдан ҳали ўзига келмаган ота кўринмасди.
Шифокор индамай, ичкарига кириб кетди. Шунча одамларнинг орасида унинг сўзини илҳақ бўлиб кутаётган Шерзодгина эди. У эшикка ёпишганича, эзилиб турарди. Шерзодни пайқаб, шифокор ҳамшираларга: “Шу одамлар Янги йилда оғримаса нима қиларди? Уйга меҳмонлар чақириб қўйгандим-а? Барибир, олиб қололмадик. Бошқа шифокорларни чақирсангиз, бўлмасмиди?” – деди ҳафсаласи пир бўлиб.
Ҳамшира бир оғиз сўз айтмади. У беморнинг аҳволига ачиниб турарди. Дўхтир ташқарига чиқди ва марҳуманинг яқинларига кўнгил айтгандек бўлди. Бу сўзларни эшитган Шерзод юрагининг бир чеккаси узилиб кетганини ҳис қилди…
Онанинг жонсиз танасини тупроққа топширдилар. Янги йилнинг биринчи куни шундай якун топди. Онасининг ризқи тугаб, ўз ажали билан вафот этгандир, эҳтимол? Лекин Шерзоднинг дилини шифокорнинг сўзлари вайрон қилди. Онасини қабрга қўяр эканлар, дилида: “Онажон, катта бўлсам, албатта шифокор бўламан. Бундан кейин ҳеч бир бола зиёфат сабабли етим қолмайди. Олдингизда ваъда бераман” – дея онт ичди.
Она вафотидан кейин ҳам ота ўзгармади. Букрини қабр тузатади, дея бежиз айтишмаган. Шерзод бор кучини ўқишга сарфлади. Ниятига эришиб, тиббиёт олийгоҳига ўқишга кирди. Кечалари қўшимча меҳнат билан шуғулланди. Отасига инсоф кириб, ичкиликни ташлади. Укаси ва синглиси катта бўлишгунича ёнида туриб, ёндош бўлди.
…Ҳадя, дам-бадам соатига қараб қўярди. У эрини интиқлик билан кутарди. Ўғли Беҳзод дераза олдига бориб, отаси келадиган йўлакчага термулди.
– Ойи, бу йил ҳам Янги йилни дадамизсиз кутиб оламизми? Қачон келади, ахир? – деди.
Ҳадя ўғлининг саволига жавоб беролмасди. Чунки Шерзод ҳар йили Янги йилда навбатчилик қилар, шифохонада қолиб кетарди. Шу кунгача у эридан хафа бўлмаганди. Энди аччиқ ҳақиқатни унинг башарасига айтишга қарор қилди.
Соат иккиларда Ҳадя эшикнинг оҳиста тақиллашидан уйғониб кетди. Шерзод совға-саломлар билан кириб келди. Хотини эрини хушламайгина кутиб олди. Шерзод буни пайқаб турса-да, сир бой бермади. У хотинини байрам билан табриклади. Ўғлини сўраганида Ҳадянинг жаҳли чиқди: “Шундоқ ҳам асабим таранглашиб турибди. Ўғлимиз ухлаб қолган. Ҳар йили шу аҳвол? Қачон тугайди? Биз ҳам одамлардай Янги йилни кутиб оларканмизми? Менга эмас, ўғлимизга раҳмингиз келсин, ахир!”.
Шерзод хотинини ёнига чорлаб, анча йиллар олдин рўй берган ўша воқеани гапириб берди.
– Янги йил бир бора келади. Лекин инсон умри тугаб қолса, уни қайтариш мумкин эмас! Ўғлимизга ҳам бунинг ҳаммасини ётиғи билан тушунтираман, – деди-да, Ҳадяга шифохонага бир кекса отахоннинг оғир аҳволда келганини, тегишли муолажалар ўтказганини айтиб берди.
– Онамга берган ваъдамни унутолмайман. Ваъдага вафо – марднинг иши эмасми? Шу эзгу амалларим сабаб, балки онамнинг гуноҳларини Тангрим мағфират этар? Илойим, руҳлари тинч бўлсин! Сенинг кўнглингни қолдирганим учун, узр!
Дарддан фориғ бўлган отахоннинг уни узундан узоқ дуо қилганини айтиб берганида Ҳадянинг ҳам кўнгли юмшади. Ҳадя Шерзодни ноўрин ранжитгани учун ундан кечирим сўради.
“Ваъда қилган бўлсанг, унга вафо қилгин. Ёки ваъдангни бажаришга шошил!” – деган экан хоразмлик аллома Аз-Замаҳшарий. Бу ўгитдан шу нарса кўриниб турибдик-ки, инсон, фақат тўғрисўзлиги, ваъдага вафоси билан бахт-иқболга, ҳурмат-эътиборга эга бўларкан.
Чиқмас жонга сабабчи, дея таърифланган Гиппократ қасамёдига содиқ Шерзод каби инсонлар орамизда бисёрдир, иншооллоҳ.
Хулоса ўрнида Расули Акрам (с.а.в.)дан марҳамат қилинган ҳадисни келтириб ўтмоқликни лозим кўрдим: “Тангри сахийдир, сахийларни дўст тутади. Ахлоқи олий кишиларни ёқтириб, ахлоқсизларни ёқтирмайди”.

Г. ОБОТОВА.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ