Уйда қайси ўғил қолгани маъқул?

DSC_0652

– Биз кенжамиз, овсинларим бўлак жойланишади, уйда биз қоламиз!
– Фарзандларимиз катта бўлиб қолишди. Энди бўлак жойланиб, уй тиклаймиз, дегунча болаларни олийгоҳга киритиш керак бўлади. Ундан кўра, кичик овсиним бўлак жойлансин, ҳали болалари ёш…
– Меҳмонлар, келди-кетдиларни кутиб, уларга хизмат қиларли ҳолим йўқ, ишлашимиз керак. Уйда ким қолади, билмадим, лекин менинг қолмаслигим аниқ…
Бу каби гапларнинг аксар келинларнинг тилидан чиқиши сир эмас. Аслида-чи? Қайнона-қайнота қўлида қайси фарзанднинг қолгани дуруст? Мазкур савол билан газетамиз муштарийларига мурожаат қилдик ва улардан қуйидаги жавобларни олдик:
ДИЛДОРА, келин:
– Ушбу хонадонга келин бўлиб тушганимга анча йил бўлди. Лекин ҳануз икки келин бир ҳовлидамиз. Овсиним катталигини билдириб, менга буйруқ бериб, ишлатиб, дўқ-пўписа қилишга-да уялмайди.
“Менга қараганда сизнинг келинлик тажрибангиз мўлроқ. Ҳар бир хатоимни тўғри тушунтирсангиз, камчилигимни муомала билан тузатсангиз, мен ҳам одамман, айтганларингизни қиламан. Иззатга ҳурмат билан жавоб бераман” – дейман унга илтимос тарзида. Бироқ у менинг самимий гапларимни тўғри тушунмай, устимдан куляпти, дея ўйлайди. “Катта хотинлардек билағонлик қилмай, айтгандан кейин бажар-да!” – дейди ғазаби тошиб. Ўртада келишмовчилик туғилиб, бир-биримизни кўрарга кўзимиз, отарга ўқимиз бўлмай юрибмиз, десам янглишмайман.
Аксинча, қайнонам ўз қизидай меҳр бериб: “Ҳали ёш болалисан, кириб дамингни ол. Ҳалироқ туриб, уйларни тартибга келтирарсан. Чарчаб, қийналиб қолма” – дея меҳрибонлик қилиши овсинимнинг рашкини уйғотгандир, билмадим.
Хуллас, табиатимиз бир-биримизга тўғри келмай, уришганимиз уришган. Бўлак жойланишимизга қайнонамларнинг олган нафақалари етмайди. Қишлоқ бўлгандан кейин тайинли иш ҳам йўқ. Кундаликда майда чуйда-ишлардан топган пул озиқ-овқатдан ортадиган эмас. Қувонарлиси, уй учун сотиб олинган ер бор. Бироқ унда қурилиш ишлари қачон юритилади-ю қачон битади? Бу ёғи бизга қоронғу.
Қизиғи, қайнотам овсинимни уйда олиб қолгиси бор, қайнонам эса, бизларни. Бундай шароитда қандай йўл тутган маъқул? Урф-одатимизга кўра, уйда кенжа ўғил қолиши, катталари бўлак жойланишлари керак эмасми? Лекин ҳозирда ота-оналар қайси ўғли ва келини яхши бўлса, шуларни олиб қолишяпти. Бу, балки бир тарафдан тўғри ҳамдир.
Борди-ю бизнинг шароитда арава икки томонга тортилаверса, уйда ким қолиши керак бўлади?

МАНЗУРА опа, беш нафар келиннинг қайнонаси:
– Мен ушбу нарсага жиддий эътибор бермаганман. Асосийси, ким ўз хоҳиши билан қўлимда қолгиси келса, шунисини олиб қоламан. Агар улар ичида бири ҳам қолгиси келмаса, зўрламайман, бўлак жойлайман. Қолган оз умримни келиннинг қош-қовоғига қараб яшайдиган ҳолим йўқ. Қўл-оёғим чаққон, уй ишларини уддалайман. Икки кишига овқат қилишга билакда куч етарли. Фақат ҳар замонда невараларимни юбориб туришса, бўлгани.
Ўзимга келсак: роппа-роса ўттиз йил қайнона-қайнота хизматида бўлганман. Раҳматли қайнонам тоза, саришта аёл эди. Тўшак тортиб ётиб қолган чоғида ҳам ишларимдан камчилик топарди. Ўзини эса, икки кунда бир марта ювинтириб қўйишимни талаб қиларди. Ишлаб, уй юмушларини уддалаб, фарзандларимга қараб, касал қайнонамни ҳам боқдим. Буларни келинлик бурчим, дея ҳисобладим.
Ҳозирги айрим келинларга ачинасан, киши. Биргина қайнона ёки қайнотани уйга сиғдирмай, қувиб чиқаришади. Ўша уйга сиғмаган муштипар ҳеч бўлмаганда  болаларингни боқиб, қараб туришга ярайди-ку! Йўқ, уларнинг ўрнига “нянка”лар — бола боқувчи энагалар ёллашиб, топган пулларини шуларга сочишади.
Ортиқ кетсам, узр сўрайман. Лекин шундай вазиятлар бўлган-ки, ўша ишонган “нянка”си ё болани ўғирлаб қочиб кетади, ё йиғлоқи болани тинчлантира олмай “димедрол” уколи билан уни касал қилади. Бундайлардан Яратганнинг ўзи асрасин.
Шундай экан, менга қайси ўғил қолиши муҳим эмас. Асосийси, мени сийлай билсин ва вазифасига масъулият билан ёндоша олсин.

ДИЛФУЗА, болалар шифокори:
– Бир йилгина қайнона хизматида бўлганман. Кейин турмуш ўртоғимнинг хизмат боби билан шаҳарга кетиб қолганмиз. Шаҳар ҳаёти таниш: бу ерда энг кўпи билан 4 нафар фарзанд туғасан.
Эрим ҳам, мен ҳам иш, дея чопқиллаб юриб, шароитимизни тўғрилашимиз керак, дея тун-у кун ишладик. Ўз аравамизни ўзимиз тортишга уриндик. Шу боисдир-ки, бизда икки нафар фарзанд: бир нафар ўғил ва бир нафар қиз. Қизим турмушда. Ўғлимни уйлантирганмиз.
Уйимизда ҳамма шароит муҳайё, техника ривожланган даврда, ҳатто идиш-товоқ ювадиган машинамиз мавжуд. Ёлғиз келинимиз шундай шароитда бизни кўчага ташлаб қўймаса керак, деган умидда яшаяпмиз.

ЭШМАТ бобо, нафақадор:
– Ҳаётда келиннинг қўлига қараб яшаш қурисин. Хотиним ҳаётдан эрта кўз юмди. Болаларим ўгай она туртигида қолмасин, эл-юрт ғийбатимни қилмасин, дея бошқа уйланмадим. Аммо менинг шароитимни ҳаммаям тўғри тушунавермайди.
“Ўрта йўлда отинг ўлмасин, ўрта ёшда хотининг” – деган нақлнинг нақадар тўғри айтилганлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. На бировга ўз хоҳишимни айтаман, на журъат этиб иш буюраман. Ким қачон мендан фикр сўрар экан, дея кўзим милтиллаб ўтираман. Хотиним: “Бирга қўша қариб, болаларимизнинг қизиғини бирга кўрамиз” – дерди ҳар сафар. Афсус, орзулари ушалмади…
Менга қўйиб берса, уйда қайси ўғил қолишидан кўра, ўша хотинимнинг бўлгани яхшироқ эди. Шукурким, уч нафар ўғлим, тўрт нафар қизим бор. Ҳаммаси маконларига жойланган, шароитлари яхши. Қўлимда кенжа боламни олиб қолганман. Бошқалари ҳам байрамларда келиб, хабар олиб туришади. Айниқса қизларим роса меҳрибон-да. Ҳар сафар совға-саломлар билан ташриф буюришиб, кўнглим истаган таомларни пиширишиб, меҳр улашишади.
Одам қариганда ёш боладек бўлиб қоларкан: менга вақт ажратишса, эътибор қилишса, дейсан. Буни тушунадигани ҳам, тушунмайдигани ҳам бор. Буни ҳали замон ўзлари шундай ҳолга тушганларида уқишади.
Менингча, уйда каттага ҳурмат, кичикка иззат кўрсата оладиган, камтарин, хизматга шай келин қолиши керак. Кенжа ёки катта, деган тушунчалардан нари туриб, аввало шунга кўнгил бўлинса, нур устига нур бўларди.

БОБУР, бир нафар фарзанднинг отаси:
– Оиланинг тўнғич фарзанди бўлсам-да, уйда ўзим қолишни тўғри, дея ҳисоблайман. Боиси, укам танлаган соҳа кўпроқ чет давлатларда юришни талаб қилади. Қолаверса, у танлаган аёл қандай бўлади? Ота-онамизни ҳурмат қиладими, йўқми? Мана шуларни инобатга олиб, укамни ишга жойлаб, бўлак уй-жой қилиб бериш истагидаман.
Хотиним етимликда катта бўлгани учунми, онамни шундай ҳурмат қилади-ки, ҳатто айрим қизлар ўз оналарини у каби ҳурматлай олмайди. Қариндошларимиз ҳам хотинимга ҳавас билан қарашади. Қўлидан ҳамма нарса келади, ошхона ишларига уста.
Ўзимнинг топиш-тутишим яхши бўлгани боис, хотинимни ишлатмайман. Ундан ягона талабим: ота-онамнинг кўнгилларига қараб, хизматларида чопқилаб юриб, айтганларини бажо қилсин.

ШОҲИДА, устоз:
– Қайнона-қайнота хизматида кимлар қолса-да, улар ўғил ва келиндан иборатдир. Мен бир аёлни биламан. У Фармонбиби сингари бир ҳовлида ҳамма келинларини ушлаб тургиси келади. “У замонлар келмасга кетди. Бошингизни қотириб нима қиласиз, бўлак жойлаб, биргина келин билан яшайвермайсизми?” – десам гапимни эшитгиси келмади, чоғи, эътиборсиз бўлди.
Уйида бир-бирларига гапиргилари келмай, душман сингари бўлиб қолган келинларини кўриб: “Эс-сиз-а” – дейсан, беихтиёр. Охири сабр косаси тўлган катта келини болаларини олиб, ота уйига кетиб қолди. Беписанд қайнона ўғлини осонгина бошқасига уйлантириб қўйди. Бу ҳол иккинчи келинида ҳам такрорланди. Лекин ўртанчи ўғил бўш келмай, болалари учун хотинининг ортидан бориб, узр сўраб, қайтариб келди-ю бўлак яшаш учун кўчларини олиб кетди.
Акаларидаги бундай вазиятларни кўрган кенжа ўғил, ёши анчага бориб қолса-да, уйланиш ниятидан йироқда. Унинг айтиши-ча, аввал уйдаги “атмосфера”ни тартибга тушириб олиш керак.
Мана шундай оилалар борлигини кўриб, “Бирга туғилмоқ бор, бирга турмоқ йўқ” тушунчасини ҳамон англамаётган ҳалиги холага нима дейсан, киши?
* * *
Оила! Нақадар ёқимли, чиройли сўз. Уни асраб, қадрлай оламизми? Навқирон болалигимиз ўтган беташвиш кулбамизни соғинган дамларда келиб, ўтган даврларни эслаб, соғинчимизни босиб, қайтар уйда ким қолса-да, уни асраши, авайлаши даркор. Келганларни очиқ чеҳра билан қарши олиб, иззат-икромда кузатиб қўйса, айни муддао бўларди.
* * *
Биз юқорида қатор муштарийларимиз билдирган фикрлар билан ўртоқлашдик. Умуман олганда-чи, оилада қайси фарзанднинг қолгани маъқул? Ўз мулоҳазаларингизни биз билан бўлишинг. Мактубларингизни кутиб қоламиз!

Султоной НИШОНБОЙ қизи.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ