
Бу воқеа анча йиллар илгари, ёшим ўттиздан ошган кезларда содир бўлганди. Тошкентдан кўчиб келганимга, энди бир-икки йил ўтган, қайтмаслигимнинг иложи йўқ, негаки ота-онам қариб қолишганди. Кексайганларидан кейин, кимдир уларга ғамхўрлик қилиши керак-да! Мендан бошқа ўғиллари бўлмаса…
Кўчиб келиб, ота-онамизнинг розилигини олишни рафиқам билан ният қилиб қўйгандик. Бир шаҳардан бошқа шаҳарга кўчиш осон эмас. Бундай пайтларда адабиёт ва санъатга яқин кишилар тез тил топишишади. Улар ёшини ҳам суриштирмай, дўст-биродардай бўлиб кетишади.
Қўшиқ айтиб, кўзга кўрина бошлаган хонанда Эргаш Қодиров, мендан анча кичик бўлса-да, сир сақламай, ака-укадек гаплашардик. Эргашнинг ширали овози кимни бўлса ҳам бир эшитганданоқ ўзига маҳлиё этарди. Кундан-кунга борди-келдимиз ортиб борди.
У, асли Андижонда туғилган бўлиб, отаси, хотини вафот этгач, ўзга аёлга уйланиб, Туркистон туманининг Кариз қишлоғидаги амакисининг уйига келганди. Туркистонда у уй-жой қилди, шаҳардаги Алишер Навоий номли мактабга мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишга кирди.
Ойлар, йиллар ўтиб, хонанданинг донғи вилоятга ҳам таралди. Ўзбекда тўй кўп, маърака кўп. Машшоқсиз тўй – тўй эмас.
Ҳозиргидек пала-партиш, бир мисрани юз марта такрорлаб, ғашга тегадиган ашулалар йўқ у пайтларда. Ҳар бир ашулада тарбия, одоб, муҳаббат, одамийлик бўларди.
Тўйга нима учун борамиз? Куй-қўшиқ эшитиш, тўй эгасини табриклаш учун. Гоҳо ўртага чиққан кишиларнинг ҳаммаси бир гапни такрорлашади. Табрикни бир киши изҳор қилса-ку, куй-қўшиққа кўп вақт қолади.
Эргашнинг мухлислари кўпайди. Қўлдан қўлга тегмай, ҳатто Тошкентга таклиф қилувчилар топилди. Тошкентдан ҳам дўст-ёр орттириб, кўзга кўринди. Бир куни унга:
– Эргаш, ука, Тошкентга олиб борай, “Машъал” радиосининг мусиқа бўлимида ёзувчи Саъдулла Сиёев ишлайди. Таништириб қўяман, – дедим.
– Хўп, ака, эртага борайлик, бугун кеч бўлди, – деди у. Эртасига кун ярмидан оққанда иккимиз “Машъал” радиосида эдик. Бизнинг мақсадимизни эшитган Саъдулла: “Қўшиқчи укамнинг ашуласини эшитганман, лекин туркистонлик эканини билмас эканман” – дея ходимларидан бирини чақириб, ашулаларни магнитофон тасмасига ёзиб олишни буюрди.
Биз раҳматимизни айтиб, яна йўлга чиқдик. Эфир орқали Эргашнинг ижро этган ашуласини интиқиб кутдик. У пайтларда Ўзбекистон радио каналлари тўлиқ бериларди. Эшитганлар Эргашни табриклашар, тўй-маъракаларга айтишарди. Бир куни у:
– Эрназар ака, Қўшқўрғонга тўйга айтишди, борасизми? – деб қолди.
– Хўп, борайлик! – дедим.
У пайтларда хонанда, созанданинг ҳақи битта тўн, битта тугун эди, холос.
Индаллосини айтганда, Қўшқўрғон қишлоғига йўлим тушганмас. Билмайман ҳам. Тўй куни Эргаш келиб, машинасига ўтқазиб, мени олиб кетди.
…Ҳайҳотдек ҳовли меҳмонлар билан лиқ тўла, ҳамма куёвни кутмоқда. Куёвдан хабар йўқ. Соат тунги ўн икки бўлди. Тўй эгаси оёғи куйган товуқдай у ёқ, бу ёқ юрар, нима қилишни билмасди. Хабар берадиган ҳозиргидек уяли телефон йўқ. Айрим меҳмонлар тўёнани тўй эгасига бериб, кетаверишди. Биз нима қилишимизни билмай ўтирдик. Куёв келмай тўйни бошлаш, беҳурматлик бўларди. Эргаш ҳам нима қилишини билмасди. “Бекорга келибмиз-да!” – деди ниҳоят, соат мили бирдан ўтганда. Шу пайт: “Куёв келяпти!” – деган хабар эшитилди. Ана холос, энди тўй қачон тугайди? Эргаш менга қаради, мен унга. Хижолат бўлиб турганимни билиб: кетдик, деди. “Уят бўлади-ку!” – дедим.
– Уяти бўлса, ўзи шунча одамни кутдирмасди. Беандиша куёвнинг жазоси шу! – деди-да, ташқарига чиқиб, машинага ўтирди, бирга шаҳарга жўнадик. Кетганимизни ҳеч ким сезмай қолди. Эртасига “Қўшқўрғон” номли шеъримни битдим.
Қўшқўрғонда кузда бўлдим,
Об-ҳавоси соз экан.
Чор тарафи тепаликлар,
Турар халқи оз экан.
Пахта экиб, йигит-қизи,
Ўзлари ўр тутади.
Севишганлар бир-бирин,
Ўр остида кутади.
Севиб қолиб, бир қизин,
Синамоққа сўз отдим.
Қалбидаги муҳаббат
Гул-ғунчасин уйғотдим.
Шундан бери севган қиз,
Мендан хабар олади.
Менга яқин турган қиз,
Бир балога қолади.
Шу одати ёмон, дея,
Кўнгил узсам бўлурми?
Ўзгаларга сўзламасам,
Унинг кўнгли тўлурми?
Ўша воқеадан сўнг, кўп ўтмай, Эргаш Қодиров Туркистондан Тошкентга кўчиб кетиб, «Назарбек» маданият уйида раҳбар бўлиб ишлади. Ҳозир нафақада, Тошкентдаги Ҳамза туманида яшамоқда.
Эрназар РЎЗИМАТОВ.

