
Шаҳардаги ўғил-қизларимни тез-тез йўқлаб тураман. Ўзим онаси билан туман марказида кенжа ўғлимнинг қўлидамиз.
Яқинда манзилимга борадиган “Газель” тўлгунча, бир дамлам чой ичиб олай, дея вокзал яқинида жойлашган кафега кирдим. Ёшгина қиз овқатлар рўйхатини қўлимга тутқазди: унинг қош-кўзлари қийилган, сочлари қоп-қора, узун, юзида андишаси бор экан.
У мен билан одоб ила саломлашди-ю буюртма олишга киришиб кетди. Ўша маҳал ошхона тарафдан ҳайқириқ овози эшитилди. Тўладан келган, юзлари шишган бир аёл уни чақириб олди. Англашимча, у бошлиқ ёки ўринбосар.
Ҳалиги официант қиз олдимга қайта келганида кўзлари намланганини пайқадим. Лекин нега йиғлаётганини сўрашга ботинмадим. Ўзимнинг беш нафар қизларим ёдимга тушди. Улар ҳам шаҳарга илк келишганида мана шу қиздек нозик ва ёш эдилар. Балки ўшанда қизларимни ўқитмаганимда улар ҳозир официант бўлиб, кимдандир дакки эшитиб, эзилиб юришармиди? Мол-у давлат йиғмаган бўлсам-да, ўғил-қизларимни олий маълумотли қилганимга минг бора шукурлар қилдим шу онда.
Акамнинг уч нафар ўғли ва бир қизи бор. Ачинарлиси, мактабни битиришганида пулларини кўзи қиймаган акам уларни ўқитмади. Ўғиллари мол боқиб, қизи сигир соғиб, сут, қатиқ сотиб юришди. Мен ўғил-қизларимнинг қизиқишларини, интилишларини бефарқ қолдирмадим. Улар келажакда ўз нонига, касбига эга бўлсин, дея қорамолларни пуллаб, ўқитдим.
Хусусан, ўзим шаҳарга келиб, олийгоҳларни суриштирдим, энг яхшиси деганига ҳужжатларини топширтирдим. Гарчи улар грант асосида ўқишмаса-да, пулларни топиб беришни канда қилмадим. Буни оталик вазифам, деб билдим.
Шунда акам: “Болаларинг ўқиб олим бўлармиди, ука, ўзинг учун ҳам яша. Барибир қишлоқда қолоқлигини қилишади-да, бу ландовурлар. Яхшилигингни билишмайди, лаллайиб бир қиз ортидан эргашиб, тўрт йилни ўтказиб келишади. Натижада пулинг кетади-ю ўзбошимча боланг бирини ҳомиласи билан етаклаб келади. Яхшиси, бошингни қотирма, пул тўплаб уйингни туза, дам олишларга бор. Яна қанча умринг қолди, ким билади? Ўғилларинг майли-ю қизларингни ўқитиб нима қиласан, барибир фойдаси сенгамас, бошқаларга тегади…” қабилида маслаҳатлар берган бўлди. Лекин мен учун фарзандларимнинг билими – ҳар қанча дам олишлар-у ҳашаматли уйдан зиёд эди.
Орадан анча йиллар ўтди. Бор дунёимни ўғил-қизларимнинг ўқишлари учун сарфладим. Ҳатто катта қизимни узатар чоғимда харажатдан анча қийналиб қолдим. Катта ўғлимни уйлантирганимда кредит олишимга тўғри келди. Шунда акам: “Айтдим-а, сен гап уқмас болага, эсингни йиғ, пул тўпла, деб? Мана, оқибати – ҳаммага шарманда бўляпсан!” – деди заҳарханда оҳангда.
Ҳайтовур, бировдан аввал, бировдан кейин фарзандларимизга тўйлар қилиб, ишларга жойлаштирдик. Уларнинг ҳар қайси ишга жойлашганида онаси иккимизнинг кўнглимиз таскин топгандек бўларди. Айниқса биринчи қизим ойлик маошини олиб: “Дада, ойи, мени ўқитдингизлар, ишга киришимга сабабчи бўлдингизлар. Мана, шу биринчи маошимни сизларга берсам, ҳожатларингизга ишлатсангизлар! Шундай даражага кўтарганларингиз, етказганларингиз учун ҳар иккингизга раҳматим чексиз! Умрларингиз узоқ бўлсин, сизларни яхши кўрамиз!” – дея қўлимизга тутқазганида, беихтиёр кўзимдан ёш чиқди. Онасининг: “Қўйинг, дадаси, ахир бу машаққатимиз меваси-ку!” – деган гапидан ўзимга келдим.
Ҳар бир қизимиз-ўғлимиз шундай, дея илк ойлик маошларини қўлимизга тутқазганида тоғдек кўтарилиб, қувониб қолардик. Фарзандларимиз туфайли уйдаги эскирган жиҳозлар янгиланиб, хонадонимиз янги техникаларга тўлиб кетди. Қизларимиз турмушга чиқишган эса-да, пул керак чоғларда ёрдам қўлларини чўзишди. Ўғилларимизнинг топиш-тутишлари яхши: бири ўзининг шахсий тадбиркорлигини бошлаб юборган бўлса, бири вилоятда кўзга кўринган раҳбар.
Улар уйимизни янгидан солиб, таъмирдан чиқаришди. Биз учун ҳамма шароит муҳайё. Куёв болаларимизнинг ҳаммаси ўқиган, тушунган, муомалали инсонлар. Уларнинг маслаҳатлари ва совғалари орқали ислом фарзларидан бири саналган ҳаж сафарида бўлдик.
Болаларини ўқитишга дунёсини кўзи қиймаган акам ҳозир афсусда. “Ўшанда бекор ўғилларимни ўқитмаган эканман” – дейди. Кенжа боласини олийгоҳга киритган эди, лекин йил ўртасида ўқув ҳақи тўланмаганлиги сабабли жияним ўқишдан қувилди. Ўғиллари қишлоқда қандай иш чиқса, шуни бажариб, кундаликда керак харажатни топишяпти. Иш йўқ куни эса, уйда жанжал. Қишлоқда нима иш бўлсин: кимнингдир оғилхонасини, яна кимнингдир ҳожатхонасини солиб, ямаб, лойга ботиб, қора меҳнатда кун ўтказишяпти.
Акамнинг қизи турмушдан қайтган, уч нафар фарзанди бор. Айтишлари-ча, куёв бола ароқхўрмиш. Ёлғизгина қизи бозорда картошка, пиёз сотади. Очиғини айтсам, акамнинг болаларига ачинаман. Ким билади, ўшанда акам пулларини қизғонмасдан болаларига сарфлаганида, олий маълумотли қилганида ҳозир бундай қийналишмасмиди…
Яратган акамга қўра-қўра мол берди, бисёр дунё берди. Бой бойиган сари бойисам экан, дея касал чоғида ҳам дори ичишга пулини кўзи қиймасмиш. Акамнинг шундайлар тоифасига кириб қолгани Яратганга ҳам ёқмади, чоғи, бир қишда ҳамма моллари ёппасига қирилиб, ҳаром қотди.
Бир пайтлари акам: “Пул пулни кўриб кўпаяди, пул тўплашинг керак. Бир парча дипломнинг кимга кераги бор, ётади чанг босиб?” – деганди беписанд. Ҳозирда ўқиганларнинг, қўлида дипломи борларнинг ўзадиган замони. Буни аввалроқ тан олиши керак эди.
Мен улар устидан кулиб ёки ғийбат қилаётганим йўқ. Оддий официант қизга раҳмим келяпти-ку, ахир. Биз фарзандларимизни дунёга келтириш, тарбиялаш билан бирга, уларнинг олий маълумотли ёки бирор яхши ҳунарли бўлишларига имконият яратишимиз жоиз. Билагимиз кучга, белимиз қувватга тўла чоғида фарзандларимизни олий маълумотли, касб-корли, ҳунарли қилишга интилайлик, меҳнат қилайлик. Шунда улар замонга мос инсонлар бўлиб, жамиятда ўз ўринларига эга мутахассислар сифатида давлатимизнинг тараққиётига ўз улушларини қўшишади.
Акс ҳолда, юқорида айтганим официант қиз каби кўнгиллари ғам, кўзлари нам ҳолда мижозлар олдида юзлари қизариб қолишади.
ХУРСАНД аканинг гапларини Султоной НИШОНБОЙ қизи оққа кўчирди.

