Туркистонлик спортчи

IMG-20160128-WA0017

Шаҳноза спортдаги илк қадамини 2001-2006 йилларда баскетболдан халқаро қозоқ-турк университети (ХҚТУ)нинг юқори лигадаги Қозоғистон терма жамоасининг аъзоси сифатида бошлаган. Шундан сўнг унинг ноёб иқтидорини пайқаган мураббийлар Шаҳнозани спортнинг сузиш турига таклиф этишади.
2006-2011 йилларда Шаҳноза сув ости спортидан Қозоғистон терма жамоаси аъзоси сифатида фаолият кўрсатди. 2011 йилдан бошлаб эса, у куракоёқда сузиш бўйича Қозоғистон терма жамоасига аъзоликка қабул қилинади. Шунингдек, Шаҳноза 2011-2013 йилларда сув остида мўлжал олиш (ориентир) бўйича Қозоғистон терма жамоасининг штатдаги аъзоси бўлди.
Спорт соҳасида шуғулланиш билан бирга, Шаҳноза Қурбонова билим олишни ҳам унутмади. 2008 йилдан бошлаб, Алматидаги Каркен Ахметов номидаги иқтидорли болалар спорт интернатида тарбияланди. 2008-2012 йилларда эса, Алматидаги Қозоғистон Давлат хотин-қизлар педагогика университетида таҳсил олиб, сув остида сузиш бўйича мураббий ихтисослигини эгаллади.
Ёш спортчи сув остида ва куракоёқда сузиш бўйича ўтган Қозоғистон чемпионатларининг бир неча бор ғолибаси бўлган.
Шаҳноза халқаро даражадаги мусобақаларда ҳам мунтазам қатнашиб келади. Жумладан, 2012 йили сув остида сузиш бўйича Испанияда ўтган Европа чемпионатида кумуш медалга, 2013 йилда эса, Таиландда ўтган марафонда ғолибликка эришди. Шу йили спортнинг сув остида мўлжал олиш (ориентир) туридан ўтказилган “CMAS” турнирнинг бронза медали соҳибаси бўлди. Шаҳноза сув остида сузиш бўйича 2013 йили Татаристонда, 2015 йили Чехиянинг Люберци шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатларининг бронза ва кумуш медаллари соҳибасидир.
Шаҳноза Қурбоновага 2012 йилда “Халқаро даражадаги спорт устаси” унвони берилган. Шу кунгача жами 55 мукофотга эга бўлса, шулардан 8 таси халқаро мусобақаларда, 47 таси Қозоғистон миқёсидаги чемпионатларда қўлга киритилгандир.
Иқтидорли спортчига келгусидаги фаолиятида ҳам муваффақият ва омадлар тилаб қоламиз.

З. АҲМАДЖОНОВ.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ