
Яқинда Ақтўбе шаҳрида Қозоғистон Халқи ассамблеясининг 20 йиллиги ва Қозоғистон Республикасининг Тўнғич Президенти куни муносабати билан этнобирлашмаларнинг “Маданиятлар уйғунлиги” V халқаро фестивали бўлиб ўтгани ва унда Россия, Украина, Чеченистон, Жанубий Корея давлатлари ҳамда Жанубий Қозоғистон вилоятидан этномаданият марказларининг вакиллари иштирок этганидан кўпчилик хабардор бўлса керак. Аммо унда вилоят ўзбек этномаданият маркази номидан қатнашган Оқсувкент гуманитар-педагогика коллежининг “Тўмарис” фольклор дастаси ўз куй-қўшиқлари, лапар ва рақслари билан барча ақтўбеликлар ҳамда хорижлик меҳмонларни қойил қолдирганини куни кеча эшитдик.
Вилоят ўзбек этномаданият марказининг раиси Икромжон Ҳошимжонов атайин келиб, фестиваль дипломантларини қутламаганида, бундан ҳам бехабар қолармидик.
Марказ раиси нуфузли фестивалда фаол иштирок этган “Тўмарис”нинг барча аъзоларини, ташкилотчилардан: директор ўринбосарлари Элмурод Мавлонов, Шавкат Холмуродов, жуда қисқа вақт ичида иштирокчиларни ва либосларни тайёрлаб улгурган хореограф Ирина Федюшина, дизайн усталари Мунаввар Соипова, Зарнигор Эргашева, лапарларни ёдлатган Мавжуда Қайнарбекова, Севара Раҳматуллаева ва бошқаларни бирма бир чақириб, уларга чин дилдан ташаккур билдирди, диплом ҳамда ёрлиқлар билан табриклади, келгуси танлов-кўрикларда муваффақиятлар тилади. Коллеж директори Гулчеҳра Исмоилова эса, фестиваль қатнашчиларининг барчаси пул мукофотлари билан тақдирланишини тантанали суратда эълон қилди.
– Биласизми, биз нимадан ютдик, — дейди даста аъзоси, коллеж талабаси Фирдоус Умирбеков. — Биз ноанъанавий йўл тутдик: бошқалар умуман кўрсатмаган, кўрсата олмаган нарсаларни кўрсатдик. Хушовоз хонандамиз Бобуржон Нодирхонов ва лапарчиларимиз шўх қўшиқ-лапарларни ижро этишганида, “Андижон полкаси”га, хоразмча рақсларга тушганимизда бутун зал, ҳатто парда ортидагилар ҳам гулдурос қарсаклар билан олқишлаб, бизга жўр бўлиб кетишди. Мудроқ томошабинларни уйғотиб, қалбларига олов солдик, хуллас, “ёндирдик”, ҳаммани қойил қолдирдик.
– Ҳа, айтганча, даста аъзолари турли миллат вакиллари, лекин ўзбек санъатини шундай намойиш қилишди-ки, томошабинлардан раҳмат айтмагани қолмади, – дейди гуруҳ етакчиси Элмурод Мавлонов.
Балли, азаматлар, санъатингизга санъат қўшилаверсин, ўқишда ва ишда ҳормангиз, деган тилаклар беихтиёр дилдан тилга кўчди.
Ислом МЎМИН.








