
Дунёда касблар кўп. Жумладан, шифокорликнинг ўзига яраша масъулияти, инсонлар саломатлигини тиклашда катта ҳиссаси бор. Шифокор бўлиш инсондан, нафақат машаққатли меҳнат, балки сабр — тоқат, матонат ва инсоний туйғулар билан йўғрилган муҳим фазилатларни ҳам талаб этади. Ана шундай фидойилардан бири – кишиларга ёрдам бериш, уларнинг дардларига малҳам бўлишни ўз бурчи, деб билган Эркин Йўлдошбек ўғли Сармонов тиббиёт тизимида ҳалол меҳнати билан халқ меҳрини қозонаётган шифокорлардан.
Қорабулоқ қишлоғидаги туман касалхонасига кириб борарканман, замонавий кўринишдаги иншоотнинг саранжом — саришталиги эътиборимни тортди. Беихтиёр, хаёлимга озодаликнинг биринчи белгиси — тозаликдир, деган сўзлар келди. Албатта, қаерда-ки, тозалик бўлса, ўша жойда соғлом муҳит ҳукмрон. Ушбу фикр бу даргоҳда фаолият юритаётган ҳар бир ходимнинг шиорига айланган бўлса, ажабмас.
Дастлаб, терапия бўлимининг ходимаси Гулбаҳор Парпиева билан учрашдим. Гулбаҳор опа очиқ юз билан қаршилаб, шифохонанинг “Жонлантириш” бўлими ҳақида ёритишни таклиф қилди. Беморларнинг жонига малҳам бағишлаётган мазкур бўлим фаолияти билан яқинроқ танишиш мақсадида унинг раҳбари Эркин ака Сармоновни суҳбатга чорладик.
Ёшлигидан шифокор бўлишни орзу қилган Эркин Йўлдошбек ўғли 1994 йилда Ўрта Осиё тиббиёт — педиатрия институтини битириб, анестезиолог касбини эгаллади. У талабалик даврида ҳам тенгдошлари орасида зукко ва билимга чанқоқлиги билан ҳурмат қозонди. Касбга бўлган меҳр, соҳа сир — асрорларини қунт билан эгаллаш, ўзига нисбатан талабчанлик хислатлари унинг шифокор бўлиб шаклланишида муҳим роль ўйнади.
Эркин Сармонов 1995 йилдан Қорабулоқ қишлоғидаги шифохонанинг “Жонлантириш” бўлимида фаолият юритмоқда. Ҳозирда ушбу бўлимга раҳбарлик қилиш билан бирга, ёш мутахассисларга ҳам ўз иш тажрибаларини ўргатаяпти.
Соҳадаги янгиликлар ва ўзгаришлардан бохабар бўлиш, назарий билимларини мунтазам ошириш мақсадида шифокор тинимсиз ўқийди, изланади ва ходимлардан ҳам ана шуларни талаб қилади. Ундаги тиришқоқлик, изланувчанлик, шифокорга хос бўлган оқкўнгиллик, ширинсуханлик каби фазилатларни ҳамкасблари ҳам таъкидлашди.
– Беморларга ёрдам беришни касбий ва инсоний бурчим, деб биламан. Бу ерга турли ёшдаги, турфа табиатли инсонлар келишади. Уларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор кўрсатиш, касаллик тарихини эринмасдан ўрганиш, аниқ ташхис қўйиш ва даволаш зарур. Беморларнинг дардига даво топиб: ота — онангизга раҳмат, деган сўзларини ҳар сафар эшитганимда, кўнглим тоғдай кўтарилади, касбимдан фахрланаман. Аввало, инсонлар касал бўлишмасин, бунинг учун, соғлом турмуш тарзини сақлаб, тўғри овқатланишни йўлга қўйиш керак, — дейди Эркин ака Сармонов.
Бўлим шифокорларидан Дилмурод Тошметов, Муҳиддин Маматалиев, Марҳамат Йўлдошев, Шопўлат Юнусов, Фарҳод Мўминжонов, ҳамширалардан Мавлуда Рўзметова, Муҳаббат Убаева, Клара Йўлдошева, Дилафрўз Султонқуловалар кеча-ю кундуз беморларга сидқидилдан хизмат кўрсатишмоқда.
Ҳа, орамизда ана шундай эгнидаги оқ халатидай кўнгли соф, нияти пок шифокорлар бор. Эркин ака ва унинг касбдошлари ҳам беминнат хизматлари учун одамлар орасида ўзларига яраша обрў — эътибор топишган.
Дилноза ҲАСАНОВА.

