
Яқинда Шимкент шаҳридаги Қозоғистон инженерлик — педагогика Халқлар дўстлиги университети (КИПУДН) командаси аъзолари миллий талабалар лигаси (МТЛ) иккинчи мавсумининг чемпиони бўлишди.
МТЛ биринчилигининг “Баҳор — куз 2015” финал босқичи Алмати шаҳридаги «Достық» спорт мажмуасида бўлиб ўтди. Мазкур ўйингоҳда 16 ноябрдан эътиборан, Астана, Алмати, Талдиқўрған, Шимкент ҳамда Қарағанди шаҳарларининг 16 та талабалар футбол жамоалари ўртасида гуруҳлар бўйича мусобақалар ўтказилди. Айни босқич натижаларига кўра, аниқланган ғолиблар ўтган шанба куни 2015 йилги чемпионатнинг ярим финалига йўлланмани қўлга киритдилар.
Якшанба кунидаги дастлабки мусобақада биринчи финалчи команда маълум бўлди. Таъкидламоқ даркор-ки, “Арлан” (Ал — Форобий номидаги Қозоқ миллий университети) ҳамда “Казпотребсоюз” (Қарағанда иқтисодиёт университети) жамоалари баҳси белгиланган асосий вақтда дуранг (0:0) натижа билан тугаганлиги боис, пенальти тўплари тайинланди. Бунда, “Казпотребсоюз”нинг капитани Александр Макаричев ҳисобни 2:1 га етказганлиги учун мазкур команда финалга чиқди.
Ярим финалчиларнинг иккинчи беллашувида «Достық» (Қозоғистон инженерлик — педагогика Халқлар дўстлиги университети — КИПУДН, Чимкент) ва «Caspian University” (Каспий ижтимоиёт университети, Алмати) командалари майдонга тушдилар. Мазкур мусобақа қизғин курашлар остида кечди ва ўйин ниҳоясига беш дақиқа қолганида “жанубликлар”, охири, “каспийликлар” дарвозасига кетма — кет 2 та гол уриб, уларни мағлубиятга учратишди.
Шундай қилиб, Чимкент ҳамда Қарағанда олий ўқув юртларининг футбол жамоалари финалга чиқишди. «Достық» (Қозоғистон инженерлик — педагогика Халқлар дўстлиги университети — КИПУДН, Чимкент) ва “Казпотребсоюз” (Қарағанда иқтисодиёт университети) командалари мусобақасида Қозоғистон инженерлик — педагогика Халқлар дўстлиги университети (КИПУДН)нинг «Достық» жамоаси талабалари 2015 йилги мавсумнинг бош матчида йирик ҳисоб (5:1) билан улкан ғалабага эришдилар.
Натижада, Қозоғистон инженерлик — педагогика Халқлар дўстлиги университети (КИПУДН)нинг «Достық» командаси миллий талабалар лигаси (МТЛ)нинг 2015 йилги чемпиони бўлдилар.
Учинчи ўрин учун курашган “Арлан” (Ал — Форобий номидаги Қозоқ миллий университети) ҳамда «Caspian University” (Каспий ижтимоиёт университети, Алмати) жамоалари учрашувида “арлан”чиларга 0:2 ҳисобида ютқазаётган алматиликлар, ҳаммани қойил қолдирган ҳолда, ўйинни 4:3 ҳисоби билан якунлаб, бронза медали соҳибига айландилар.
Ғолиблар ва совриндорлар махсус медаллар ҳамда пул мукофотлари билан тақдирландилар. Бундан ташқари, чемпионлар учун ажойиб совға – Мадриднинг “Реал” командаси ҳужумчиси, жаҳонга машҳур футболчи — Криштиану Роналдунинг дастхати қўйилган УЕФА чемпионлар лигасининг махсус расмий тўпи тантанали равишда тортиқ этилди.
Энг асосийси – 2015 йилги мавсум якунлари бўйича Қозоғистон талабалар миллий терма командаси ташкил топди ва шакллантирилди. Мазкур жамоа келгуси йилнинг апрель ойида ўтадиган Осиё чемпионатида қатнашади ҳамда ёзда Бразилияда бўладиган жаҳон чемпионатида иштирок этади.

