Дарахтга айтилган сир

facebook_1455683285603 - копия

Маҳалладаги катта масжид ёнида улкан дарахт бор. Унинг қачон экилганлиги-ю ким экканлиги маълум эмас…
Эрталабки бомдод намозидан тарқаётганларнинг кўзлари дарахтга осилиб турган нарсага тушди. Қизиққанлар яқинроқ келишди. Кимдир ёқасига туфлади, кимдир осиғлиқ турган мурдани ечиб олишга уринди. Маълум бўлишича, жасад шу маҳалланинг турғуни Шопўлат аканинг келини Марғубаники экан…
Ёшлигидан оғир ва ночор аҳволда вояга етган Марғуба мактабни битиргач, отасининг розилиги билан унинг яқин дўстининг ўғлига турмушга чиққанди. Шопўлат ака нафақа пули билан кун кечирадиган оилалардан эди. Томорқа ерларидан яхши ҳосил олиб, бозорга аралашгач, аҳволи бирмунча яхшиланди. Аёли Дилшода ая ҳам қўлидан келганича, рўзғорнинг камчилигини тўлдиришга ҳаракат қилди. Сигирнинг сутидан ҳам қатиқ, ҳам қаймоқ қилиб, мижозларга етказиб турди. Ҳарқалай, кекса қайнонанинг нафақаси ҳам жонга дармон эди.
Шопўлат аканинг дўсти Мираҳмад аканинг хотини бевақт вафот этганди. Шум ажал икки нафар фарзандни етим қолдирди. У кейинги турмушиданам ёлчимади. Ҳамма ҳам шундаймикин, деган хаёлларга борарди Мираҳмад ака гоҳида. Ишдан келишига, албатта бир ишкал ҳозир эди. Айбдорлар – унинг Марғубаси ва Бобуржони.
Оилада тинчлик бўлмас экан, айни гўшадан, энг аввало эркаклар безишади. Қолаверса, гўдаклар жафо чекадилар.
Иккинчи хотини Кароматнинг нағмалари қулоғини тўлдирган Мираҳмад ака, баъзида уйидан бош олиб чиқиб кетишга ҳам рози эди. Ишхонада кўпроқ қолишга ҳаракат қиларди. Болаларининг она меҳридан жудо бўлганлари етмаганидек, ота дийдоридан-да мосуво эдилар. Хотинининг олдида уларга яхши гапиришгаям журъат этолмайдиган отасини тушунмасдилар.
Марғуба уй ишларидан безор, онасининг калтакларидан хафа бўлган кезлари ёстиғининг остидан онасининг расмини олганича бағрига босиб, юм-юм йиғларди. У ўгай онасининг хурмача қилиқларини отасига айтолмасди. Қўлларини белига тираб, бақиришни канда қилмайдиган бу хотиннинг важоҳатини кўрганида Марғубанинг дами ичига тушарди.
“Отангнинг олдида ёлғондан кўз ёши тўкиб, артистлик қилмай қўя қол. Жаҳлимни чиқарсанг, кўрасан. Нима қилишни ўзим биламан!” – дея бечоранинг ҳолини танг қиларди. Мираҳмад аканинг бу хотинидан ажрашишгаям иложи йўқ эди. У ҳам икки фарзандининг онаси эди.
“Эр кулмаган кеч кулмайди, кеч кулмаган ҳеч кулмайди” – дейди халқимиз. Шопўлат аканинг ўғли Зафар бирон касбнинг бошини тутмаган безори эди. Ота-онанинг берган панд-насиҳатлари кор қилавермагач: уйлантириб қўйсак, қуйилиб қолар, деган ниятда кўп эшикларга кириб-чиқишди. Тарбияси ночор йигитга ҳеч ким қизини раво кўрмади.
Кунларнинг бирида у дўсти Мираҳмад аканинг уйига ташриф буюрди. Марғубанинг қилаётган ишларини кўз қири билан кузатиб ўтирган Шопўлат ака уни келин қилишни дилига тугди. Оғирчиликни кўп кўрган, сабрли Марғубани тақдирнинг янада оғир синовлари кутарди. Дўстининг сўзидан ўтолмаган Мираҳмад ака тўйга розилик берди. Отасини ҳурмат қилган қиз унинг юзига тик қарамади, отасининг ўгай она олдида бўйни қисиқ бўлишини хоҳламади.
– Майли, отажон. Сиз нима, десангиз шу, – деди.
Барча расм-русумлари адо этилгач, янги хонадоннинг бекаси бўлган Марғуба меҳр-муҳаббатини умр йўлдошига, унинг яқинларига бахшида этишга жазм қилди. Айниқса Дилшода аянинг ширин сўзлари: қизим, дея эркалашлари она меҳридан бебаҳра ўсган Марғубанинг кўнглини кўтарарди. У югуриб-елиб хизмат қилишдан чарчамади. Тонг саҳардан, то шом қоронғусигача тиним билмаган келиннинг хизматидан қайнюрти ҳам рози эди.
Лекин аёл учун турмуш ўртоғининг эътибори, ширин сўзи, дил изҳори алоҳида аҳамиятга эга. Одамнинг танаси Оллоҳнинг иморати ҳисобланади. Унинг синса қайта тикланмас салтанати эса – кўнгилдир.
Зафарнинг кундаликдаги одати уйланганидан сўнг ҳам қолмади. Зеро: “Тарки одат – амримаҳол” – дея бежиз айтилмаган. У кечалари санғиб юрар, ичкилик ичиб, тамакини буруқситарди.
Эрининг қўпол ва дағал муомаласи ота-онасининг ширин сўзларини Марғубанинг дилидан ювиб кетарди. Кўча кезиб келгани етмаганидек, Марғубани ҳар хил сўзлар билан таҳқирлаб, ҳатто-ки қўл кўтарадиган бўлди. Зафар секин-аста ўз ҳамроҳлари билан қора доридан фойдалана бошлади. Икки хил овқат ошқозонни бузиб, таъбни хира қилганидек, ичкилик ва гиёҳванд модданинг қўшилиши мияни карахт этиб, ақлдан оздириши турган гап.
– Хотиннинг сочи узун, ақли калта бўлади, ўқимаган. Ақлинг етмаган ишга аралашма! – дерди Зафар, хотинининг ушбу йўлдан қайтишини илтимос қилган сўзларига жавобан. Кундаликдаги тўполонлар, бақир-чақирлар Марғубанинг дилини чўктириб, қалбини вайрон этарди.
Фарзандининг эсон-омон туғилишидан умид қилиб яшаётган келиннинг орзулари пучга чиқди. Аёвсиз тепкилар зарбидан ҳомила эрта туғилишга мажбур бўлди. Кўп қон кетиши боис, Марғубани жарроҳи қилишди. Оллоҳнинг пешонага ёзгани шу бўлса керак-ки, энди унинг фарзандли бўлишга имконияти йўқ эди.
Куйган кўнгил ноласини Оллоҳдан бошқа тинглагувчи қолмади. Туғмайдиган хотин унга керакмаслигини айтиб, талоғини берганида, ер-жаҳон кўзига қоронғу бўлди. Қайнота-қайнонаси фарзандини қанча йўлдан қайтармасинлар, бунинг уддасидан чиқолмадилар. Уларнинг: бирор кишининг боласини боқиб оларсизлар, деган сўзлариям беҳуда кетди.
Тун ярмида келган Зафар хотинига кўзи тушиб, уни яна дўппослаб ташлади. Ўзини ҳолсиз, умид эшиклари унинг олдида ёпилгандай ҳис этган Марғуба дарвозадан кўчага чиқди. Ота уйига қайтишнинг сираям иложи йўқ: бир томондан ўгай онаси тинчлик бермаса, бир томондан отасига қийин…
Масжид ёнидаги улкан дарахтнинг ёнига базўр етган Марғуба уни маҳкам қучоқлади. Ундан ўзига куч олиб, таскин топгандай бўлди. Ўзининг беғубор болалигидан, то шу кунгача бўлиб ўтган воқеаларни йиғлаб-йиғлаб унга айтиб берди. Дардларини инсон эшитганида унга қўшилиб йиғлаган бўларди, лекин дарахт уни жимгина эшитди, Марғубанинг сирларини япроқлари орасига яшириб қолдирди.
Марғуба Оллоҳнинг омонат қилиб берган жонидан воз кечиб, ўз жонига қасд қилишга жазм этди. У ўзи билан сир бўлишган дарахтни ўзининг қотилига айлантирди…
Бир маъсума, ёшгина ниҳолдай, ўн гулидан бир гули очилмай хазон бўлган Марғубанинг жасадини ер бағрига олди.
Кимдир бунда ношукур бўлган эрни айбдор санаса, кимдир бунга беэътибор ота-онани, яна кимдир озгина синовга бардош беролмаган Марғубани ушбу бевақт ажалнинг сабабчиси, дея гапирди. Зеро, тақдир кимга қандай ўлим насиб этиши Тангри таолога аёндир.
Инсоннинг, асли меҳрдан яралган, дейишади. Буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоийнинг шундай мазмундаги битиги бор: ”Ким-ки, бузилган, ҳасратда қолган кўнгилга қувонч ва шодлик бахшида эта олса, вайрон этилган Каъбани тиклаганчалик савоб олади”.
Меҳр бўлган жойда ҳаёт ҳам ўзгача бўлиши мумкин, деганлар донишмандлар. Ўша бир чимдим меҳрни бир-биримиздан дариғ тутмай, Марғуба сингари қизларнинг ҳаётларини гулга ва меҳрнинг нурига ўраб қўяйлик-ки, токи ёвузликлар инсонларнинг тақдир эшикларини тақиллатмасин, иншооллоҳ!

Гулбаҳром ОБОТОВА,
“Шуъла” ижодий уюшмасининг аъзоси.

Изоҳнинг ҳожати йўқ