
Аввал хабар берганимиздек, “Қайнарбулоқ” мактаби ўқувчиларидан ташкил топган “NiK” жамоаси республика турнирининг ғолиби сифатида МДҲ давлатларининг ёш футболчилари орасида Россияда ўтказилган “Чарм тўп” мусобақасида қатнашиб келди. Бундай нуфузли мусобақада қатнашиш шарафига мазкур жамоа аъзолари ўзларининг тиришқоқликлари ва мақсад сари интилишлари билан сазовор бўлишди.
Тарихга назар солсак, 1974 йили Сайрам қишлоғидаги Фрунзе (ҳозирги Ал Форобий) номли мактабда ташкил топган “Дружба” жамоаси шундай шарафга муяссар бўлган экан.
Сафардан қайтган жамоанинг бош мураббийси, “NiK” футбол клуби директори Ойбек Тошметов мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Мусобақа жуда катта қизиқиш уйғотди. Унда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидан жами 11 жамоа футболчилари иштирок қилишди. Геленжик шундоққина Қора денгиз соҳилида жойлашган сўлим ва гўзал шаҳар экан. Сафар мобайнида Волгоград, Астрахань, Краснодар шаҳарлари бўйлаб саёҳатга чиқдик. Қора денгизда катерда суздик. Мазза қилиб чўмилдик. Хуллас, ёш футболчиларимизнинг таассуротлари бир олам!
Бевосита мусобақага келсак, “NiK” жамоаси ўйинларини яхши ўтказди. Олти ўйиннинг иккитасида ғолиб бўлдик. Мутахассислар эътиборига тушган дарвозабон Рўзақул Ортиқов, ярим ҳимоячи Муроджон Холматов, ҳужумчи Санжар Абдувоситовларни Озарбайжон ва Тожикистоннинг нуфузли “Нефтчи” ва “Насаф” жамоалари футбол мактабларига ўқишга таклиф этишгани ҳам бежиз эмас. Демак, мутахассислар ўйинчиларнинг ноёб иқтидорларини пайқашган.
– “NiK” футбол жамоаси бугунги кунда қандай турнирларда қатнашмоқда?
– Жорий йилги мавсум “NiK” жамоаси учун жуда муҳим воқеаларга бой бўлди. Жумладан, шу кунларда “NiK” футболчиларининг бир гуруҳи 2003 йилда туғилган болалар орасида Шимкентда шаҳар маслаҳати депутатлари соврини учун ўтказилаётган турнирда иштирок этишаётган бўлса, яна бир гуруҳи Тараз шаҳрида 2002 йилда туғилган болалар орасида ўтказилаётган “Дўстлик кубоги”да қатнашмоқда. Ишонамизки, футболчиларимиз ҳар икки турнирдан ютуқлар билан қайтишади.
Фурсатдан фойдаланиб, мана шу сафарга боришга беғараз ёрдам кўрсатган ҳомийлар – Б.Нишонқулов, Ф.Исломов, М.Мирзаев, Н.Рустамов, Ф.Нишонқулов, О.Нишонқуловларга, шунингдек, “Қайнарбулоқ” мактаби директори С.Абдураҳмо-новга жамоамиз номидан чексиз раҳматлар айтаман!
– Суҳбат учун раҳмат! Футболчиларимизга омад ҳамиша кулиб боқсин!
З.АҲМАДЖОНОВ тайёрлади.
Тасвирда: Геленжик шаҳрида ўтган мусобақадан лавҳа.



