
Тараз шаҳрининг фахрий фуқароси, таниқли маҳалла оқсоқолларидан Қаҳҳор ҳожи Усмонов жорий йил ўзининг 83 ёшини қаршилади. Отахон 1927 йили Қўқон шаҳрида таваллуд топган. Отаси Исмонжон отанинг касб-кори қассоб бўлган. Улуғ Ватан уруши иштирокчиси, турмуш ўртоғи Нуриниса ая билан беш фарзандни тарбиялашган. 30- йилларнинг бошида тақдир тақозоси билан Қўқонга кўчиб кетишади. Лекин 1947 йили улар оиласи билан Авлиё Ота шаҳрига, қариндошларининг бағрига қайтишади.
Қаҳҳор ота Жамбил шаҳридаги 4-сонли 16-партсъезд мактабини тамомлагач, 1955 йилдан меҳнат фаолиятини магазин сотувчиси бўлиб бошлайди. Шу йили С. Киров номидаги университетнинг иқтисод факультетига ўқишга киради. 1958 йилдан 1992 йилгача у оддий товаршуносдан хўжалик моллари магазини директори ўринбосари лавозимигача кўтарилади.
1959 йили Мамлакат опа билан турмуш қуради. Бу оилада икки ўғил ва уч қизни тарбиялашди. Нафақага чиққач, жамоат ишларида фаол қатнашди. Жумладан, Жамбил вилояти ўзбек маданият маркази фаолиятига яқиндан ёрдам кўрсатди. 1995 йилда у вилоят ўзбек-тожик маданият маркази бошқаруви аъзолигига сайланади. Сўнгра назорат-тафтиш комиссияси раиси этиб сайланди.
1997 йилда Қаҳҳор отага ҳаж сафарини адо этиш насиб қилди. 1998 йилдан 2004 йилгача ўзбек маданият маркази раиси ўринбосари лавозимида меҳнат қилди. У 2002 йилдан Жамбил вилоят ўзбек этномаданият маркази оқсоқоллар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимида меҳнат қилиб келмоқда. 2001 йили республика ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамиятининг қурултойида у тафтиш комиссияси аъзолигига сайланади.
У Ўзбекистон Респуб-ликаси элчилиги, Жамбил вилояти ҳокими “Фахрий ёрлиқ”лари, “Улуғ Ватан урушидаги Буюк Ғалабанинг 65 йиллиги”, “Улуғ Ватан урушидаги Буюк Ғалабанинг 70 йиллиги”, “Қозоғистон Халқи ассамблеясининг 20 йиллиги” юбилей медаллари билан тақдирланган.
Қаҳҳор отанинг хонадонида ўтган таваллуд тўйида иштирок этган математиклардан бири 80 йилнинг 960 ойга, уч йилнинг 36 ойга тенг келишини ҳисоблаб, унга яна тўрт ой қўшилса, роппа-роса 1000 минг ой бўлишини айтганди. Шундай қилиб, жорий йил ноябрь ойида Қаҳҳор ҳожи ота ўзининг 1000 ойлик юбилейини кутиб олдилар! Табаррук ой, қутлуғ кун муборак бўлсин, отахон!
Абдураҳмон ЗАЙНУДДИНОВ,
Тараз шаҳри.

