
Аҳли донишларнинг айтишича, бир оғиз ножўя бидъат сўз, нохуш ёлғон калом нодонлар орасига жуда тез тарқалиб кетаркан. Бунинг ачинарлиси шундаки, бир аудиторияда, клуб ёки масжидда айтилган маърузани 500 – 1000 одам эшитади, амал қилади. Аммо газета, журнал ёки китобда босилган маърузани эса бир неча минг одам, ҳисобсиз ўқувчи ўқийди, таълим олади.
Кейинги пайтда тарихни ўз билганича бузиб ёзадиганлар кўпайиб кетди. Бунинг зарари халққа тегяпти. Бир оғиз ёлғон сўз ёзган ҳам, унга ишонганлар ҳам ширк кетиб, гуноҳкор бўляпти.
Маълумки, юртимизда зиёратгоҳлар, азизларнинг мақбаралари кўп. Ўшаларнинг тарихи матбуотда эълон ҳам қилинган, лекин айрим тарихчиларнинг ҳақиқатдан кўз юмиб, бу улуғлар ҳақида ўз билганича ёзиб, кўпчиликни чалғитаётгани, кишини ажаблантиради. Бу кечирилмас ҳолатдир.
Юртимиздаги Қутбиддин алломага бир ёзувчи: «Қулфиддин авлиё бахти бойланган аёлларнинг бахтини очиш учун қулф олиб келиб, чироқчисига очтирса, ўша аёлнинг бахти очилади», деб тавсиф берибди. Бу билан ўша уйдирмани ёзган одамнинг ўзи ҳам, бу аҳмоқона сўзга ишонган ҳам гуноҳга ботаяпти, ширк кетаяпти. Ўша аҳмоқона битилган сўзи туфайли ҳафта сайин қулф кўтариб юрган гумроҳларни гуноҳи азимга йўлиқтираётганини у ўйлаб кўрдимикан?
Жумладан, М.Холмурзаев деган шахс бир китоб чиқариб, ўз билганича чалкаш маълумотлар бераверган. Унинг ёзишича, гўё Сайрамда, йўл ёқасида Баҳовиддин ва Балогардон деган икки авлиёнинг қабри ёнма-ён турибди эмиш.
Ажабо, Марказий Осиёда 14-асрда пайдо бўлган Нақшбандия тариқатининг асосчиси, Бухорода дафн этилган Баҳовиддин ҳазратларининг қабрини Сайрамда, дейишга қандай ҳадди сиғди экан? Ахир тарихий рисолаларда Балогардон қабристонида Абдулазизхон ва Сайидхўжа отанинг қабрлари бор, деб ёзилган-ку! Ўша тарихчи Биби Марям онанинг қабри Сайрамда, у Хизр-Илёс авлиёнинг онаси, деб ёзибди. Бу тарихни бурмалашдир, билмаса, ўрганмаса, тарихни бузишга уни нима мажбур қилдийкин?
Сайрам ҳақидаги рисолада «Уламо Қутбиддиннинг бош тарафларида ҳазрат Биби Марям бинти Хожа Ҳамидиддиннинг қабрлари бор», деб ёзиб қўйилган- ку! Демак, Биби Марям–сайрамлик Хожа Ҳамидиддиннинг қизи. Холмурзаев ўз китобида Марям она қабристонида Анор ва Олма авлиёлар бор, деб ҳам ёзибди. Бундай маълумотни юртдошларимиз ҳеч бир тарих саҳифасида учратмаган.
Диний қоидаларни, шариатни билмай, оғзига келган уйдирма-бидъат сўзлар билан ҳожатмандларни алдаётган ёзувчи ва чироқчилар бугун ҳам, охиратда ҳам жавоб беражаклигини унутмасликлари керак. Султонработга етиб, ўнг томон, Қазиғурт сари юрсангиз, табиат мўъжизаси–тошлардан пайдо бўлган қир, сойлар, тешик тошларни кўрасиз. Шу жойдаги чироқчининг сўзини эшитсангиз, асабингиз таранглашиши турган гап. Сўзларининг кўпчилиги ширк, лекин саводсиз ҳожатмандлар уни тинглаб, кўр-кўрона ишонишади, киссасидаги тенгесини бериб, ундан дуо ҳам сўрашади. Чироқчи, ҳатто: «Мана, бу ер Одам ота билан Момо Ҳаво ўтирган табаррук жой, мана бу жойда таҳорат қилишган, мана, уларнинг намоз ўқиган қутлуғ жойи», деб ҳаммани чалғитаётир. Бир оғиз қарши айтсанг, сени саводсизга чиқазиб қўяди… У шу жойни табаррук билишни, тавоф қилишни тавсия қиляпти. Улкан тош тешигидан ўтганларга “гуноҳингиз йўқ экан, жаннатисиз“, деса, тешикка сиғмаган, тешикдан ўтолмаганларга “берадиган хайр-садақангизни кўпайтиринг”, деб шама қиларкан.
Исломий таълимдан бехабар, гумроҳлик туфайли хафа бўлаётган, тешикдан ўтиб,“гуноҳсизман”, деб фахрланаётганларга, эй, мусулмон биродарлар, билгувчи фақат Оллоҳ таолодир. Бошқа ҳеч ким инсоннинг эртанги тақдирини фол очиб, айтиб беролмайди, деб такрор-такрор уқтиргимиз келади.
Азиз юртдошлар, бугунги диний эркинлик, мустақиллик шарофати ила Қуръони Карим ва Ҳадиси Шариф кўрсатмаларини ўқиб-ўрганайлик. Зинҳор ширк амалларга йўл қўймайлик. Қабрларни зиёрат қилиш охиратни ёдга солади, дейдилар. Лекин зиёрат қилишдан олдин аҳли донишлардан, домлалардан билмаганларимизни сўраб, ўрганиб олсак, айни муддао бўларди.
Муқаддас қадамжоларда шайхлик қилиб ўтирган биродарларга, тарихни, шариатни, исломни пухта ўрганиб олингиз, йўқса, ширкка йўл қўйиб, ўзингизни ҳам, ўзгани ҳам гуноҳи азимга ботириб қўясиз, демоқчимиз. Хайр- эҳсон, маблағ учун зинҳор ҳожатмандларни алдаманг!
Мираҳмад МИРХОЛДОР ўғли,
“Турон” ФА академиги.

