Алоқа | Обуна

Дарсликлар муаммоси қандай ечилади?

FB_IMG_1448592735617

Вилоятимизда таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларда фойдаланиладиган дарсликлар етарлими? Уларнинг сифати қай аҳволда? Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида Сайрам тумани таълим бўлимининг услубиятчи-кутубхоначиси Гулнар ТИНИБАЕВАни суҳбатга чорладик. У мазкур мактабларда, ҳақиқатан ҳам, баъзи фанлардан дарсликларнинг етишмаётганлигини айтиб, айни ҳолатни қуйидагича изоҳлади:

– Маълумки, 2002 йили мавжуд давлат андозалари талабларига мос равишда Қозоғистон Республикасида бошланғич ва ўрта таълим мактаблари учун барча ўқув фанларидан дарсликлар чоп этилганди. Ўша қўлланмаларни ўзбек тилига маҳаллий педагоглар ўгиришган. Ўрни келганда шуни ҳам таъкидлаш жоиз-ки, ушбу жараёнда таржимонлар томонидан кўпгина хатоликларга йўл қўйилган. Шунингдек, ўзбек тили ва адабиёти қўлланмаларини яратиш борасида тажрибасизликка йўл қўйилганлиги ҳақидаям кўплаб эътирозлар билдирилганди.
Сўнгги йилларда республикамизда таълим соҳаси бўйича давлат андозаларининг талаблари ўзгариши натижасида янги дарсликлар дунё юзини кўрди. “Атамура”, “Алмати”, “Жазуши” нашриётларида бундай қўлланмаларнинг бир неча вариантлари ишлаб чиқилди. “Атамура” варианти анча мураккаб ёзилганлиги сабабли, ўзбек мактаблари учун “Алмати” нашриёти чиқарган дарсликлар ҳар томонлама тўғри келади. Улардаги материаллар тушунарли, ҳам илмий, ҳам услубий жиҳатдан пухта ёзилган.
Ана шу дарсликларни ўзбек тилига малакали таржима қиладиган етук мутахассисларнинг йўқлиги масаланинг ечилишига салбий таъсир этмоқда. Мазкур муаммони ҳал этиш учун маҳаллий таржимонлар ва тегишли дарсликларнинг муаллифлари ўзбекистонлик профессионал мутахассислар билан ҳамкорликда ишлашлари керак.
Бугунги кунда вужудга келган мураккаб вазиятдан чиқиш учун ўзбек тилида ёзилган дарсликлар етишмайдиган мактабларга, вақтинча қозоқ тилида ёзилган қўлланмаларни беришга мажбур бўлдик. Дарсликсиз ўқигандан кўра, боридан фойдаланишсин, деган мақсад билан шундай йўл тутдик.
Қўлингиздан келса, яхши мутахассислар топиб беринг, таржималар учун тўланадиган маблағ ҳам етарли даражада ажратилган.

P.S. Ўзбек тили ва адабиёти қўлланмаларини илмий-услубий жиҳатдан сифатли ёзиш учун профессионал даражадаги педагог-олимлар, методист-ўқитувчилар ва тажрибали мутахассислар ҳамкорликда фаолият олиб боришлари даркор.
Шундай экан, ҚР ўзбекларининг “Дўстлик” ҳамжамияти, барча даражадаги ўзбек этномаданият марказлари, бошқа тегишли ташкилотлар, депутатлар, мактабларнинг жамоалари, зудлик билан мазкур ҳаётий муаммони ҳал этишга киришмоқлари зарур. Бу –  миллатдошларимизнинг келгусидаги тақдиригаям ҳар тарафлама боғлиқлигини унутмайлик!

Суннатулла АКРОМОВ,
“Халқ сўзи” жамоат
бирлашмасининг раиси.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ