Алоқа | Обуна

Бола тарбияси ва ота-онанинг обрўси

f2_2

Ўзбек оиласи зиммасига ёш авлодни ҳар томонлама мукаммал шахс қилиб тарбиялашдек юксак масъулиятли вазифа юклатилган.
Оилавий тарбия, деганда ота-оналарнинг ўз ҳаётлари, турмуш тарзлари бола шахсида дунёқараш асослари, сиёсий, ахлоқий, эстетик ва бошқа ижтимоий омилларни шакллантириш мақсадида мунтазам, изчил, ғоявий ва маънавий таъсир кўрсатиш жараёни тушунилади.
Инсон шахсини шакллантириш оила муҳитидан бошланади. Шахсни таркиб топтириш қанча эрта бошланса, у шунчалик ижтимоийлашиб боради. Шунинг учун, бола тарбиясида турли усуллар қўлланилади. Тушунтириш, насиҳат, ибрат, намуна, машқ қилиш, рағбатлантириш, танбеҳ бериш, жазолаш, пичинг каби усуллар қўлланилса, ижобий натижаларга эришилади.
Баъзи ота-оналар: болам гапимга қулоқ солмаяпти, дея шикоят қиладилар. Болаларнинг гапга қулоқ солмасликлари, кўпчилик ҳолларда ота-онанинг обрўси йўқлигини кўрсатади. Ота бўлиш жуда осон, оталик қилиш эса, қийин. Отанинг донолиги болалар учун чинакам сабоқдир. Ота-оналар болаларини тўғри тарбиялашлари учун, аввало, ўзлари тўғри тарбияланган бўлишлари шарт.
Ота-онанинг обрўси нима ва оилада қандай қилиб, обрў қозониш мумкин?
Келажакнинг қандай бўлиши ҳозирги кунда биз тарбиялаётган ёшларга боғлиқ. Ёшлар олдида обрў-эътиборли бўлиш учун, биринчидан, обрўнинг ҳосил бўлишига нималар халақит беришини билиш муҳимдир.
Баъзи ота-оналар обрўга қўрқитиш, ҳақоратлаш, шахсига тегиш орқали эришмоқчи бўладилар. Бундай “тазийиқли обрў” сохта обрўнинг бир туридир. Атоқли совет педагоги А. С. Макаренко обрўнинг бу турини энг даҳшатлиси, деб атаган. Ҳақиқатан, бундай обрў болаларни ота-онадан бездириб қўяди.
Баъзи ота-оналар “обрўни сотиб олишга” уринадилар. Бу хилдаги обрўни ахлоққа, асли тўғри келмайдиган нарса, деб айтиш мумкин. “Яхши бола бўлсанг сенга велосипед, уяли телефон олиб берамиз” – деган ваъдани берадиган ота-оналар ҳам учраб туради. Бу тоифадаги ота-оналар боланинг яхши хулқини сотиб олмоқчи бўладилар. Бундай шароитда болалар ота-оналаридан ҳамма нарсани илтимос қилиб, ундириб олиш мумкин, деган фикрни ўзлаштириб оладилар.
Шундай ота-оналар ҳам учрайди-ки, улар болага, фақат расмиятчилик билан муносабатда бўлиш орқали обрў орттиришга ҳаракат қилишади. Ўз мақсадларини амалга ошириш учун улар қилдан қийиқ қидиришади, хатти-ҳаракатларини келтириб чиқарган асл сабаблардан кўз юмишади. Болага танбеҳ беришади. Бегоналар даврасида калака қилишади, унинг юриш-туришини чеклаб қўйишади, бўлар-бўлмасга танбеҳ беришади, арзимас ҳаракати учун жеркиб, силташади.
Фарзандларга кўп насиҳат қилавериш ҳам шахслараро муносабатда нохуш кечинмаларни вужудга келтиради. Узундан узоқ ўгит-насиҳат, майда гаплик, эзмалик билан ўғил-қизлар ўртасида ҳақиқий обрў қозониб бўлмайди.
Ота-онанинг бутун ҳаёти, ижтимоий бурчга бўлган муносабати, меҳнатсеварлиги, ўз ота-оналари олдида фарзандлик бурчини қай даражада ўтаётганлиги, оиласи ҳақида қайғуриши, пок ва виждонли бўлиши, одамларга меҳрибон ва жонкуярлиги улар қозонадиган обрўнинг асосидир.
Ота-оналар болаларга ҳамма томондан ибратли бўлишлари, табиий. Улар болалари учун энг яқин, энг азиз кишилар. Шунинг учун, болалар ота-оналарига тақлид қиладилар, уларга ўхшашга интиладилар. Бола ўсиб боргани сари, ақли кўп нарсага етадиган бўлиб қолади. Баъзи масалаларда катталар билан келиша олмайди. Катталар буни ўжарлик, ўзбошимчалик, деб тушунадилар ва болаларини ноҳақ жазолайдилар. Тарбиядаги бундай хато бола қалбини жароҳатлайди ва ота-она обрўйига путур етказади.
Ота-оналар ўз болалари олдида ҳеч қандай обрўга эга бўлмаган ҳоллар ҳам учраб туради. Болаларнинг ҳар қандай инжиқликларини дарров бажарувчи, ўз талабларига мантиқсиз қаровчи, болага бугун бирон нарсани қилишга рухсат бериб, эртага, худди шу нарса учун жазоловчи ота-оналар ҳам бор.
Оқилона талабчанлик, назорат, кузатувчанлик, боланинг ҳаётига доимо эътибор бериш, қизиқиш, ҳақиқат – обрўнинг чин ифодасидир.
Ҳақиқий обрўга эришмоқчи бўлган ҳар бир ота-она қимматли вақтларини ўз фарзандларидан ҳеч қачон аямасликлари керак. Ота-оналарнинг ўз фарзандларига, оиланинг бошқа аъзоларига (буви, бува, келин ва бошқаларга) меҳрибонлиги обрў орттиришнинг энг муҳим йўлларидан биридир.
Баъзи ота-оналар фарзандлари билан камроқ мулоқотда бўлишни, ўзларини улардан узоқроқ олиб юришни, шу йўл билан обрў орттиришни хом хаёл қиладилар. Уларнинг назарида, гўё фарзанд билан кам учрашилса, маълум масофада муомала қилинса, шунча кўп обрў қозониш мумкин.
Болани яхши кўриш керак, негаки, ота-она меҳри бола учун, бамисоли қуёшдир. Аммо болани кўр-кўрона севиш, унинг ҳамма вазифаларини ўз зиммаларига олиш, барча инжиқликлари, ўжарликларини кўтариш, кўпинча кўнгилсиз воқеаларга олиб келади. Бола ношуд, меҳрсиз бўлиб ўсади.
Хулоса қилиб айтсак, ота-она обрўси ҳаёт давомида уларнинг ибратли хулқи, ахлоқи, интизоми, ақл-заковати, камтарлиги, ишбилармонлиги билангина қўлга киритилади. Шундай ота-оналар ўғил-қизларига ростгўйлик, камтарлик, сезгирлик, дилкашлик, фаҳмлилик каби хислатларни ўз оилаларида ўргата оладилар.
Болалари билан дўст, уларга диққат-эътибор билан қарайдиган, қайғуларига ҳамдард, хурсандчиликларини баҳам кўрувчи, талабларида сабрли, болаларига доимий маънавий томондан кўмаклашувчи ота-оналаргина ўзларининг фарзандларига ҳақиқий маънода намуна бўла оладилар.

Каримжон ЮСВАЛИЕВ,
жамоатчи мухбир.

Изоҳнинг ҳожати йўқ