Алоқа | Обуна

Асаббузарликка ўзимиз сабабчимизми?

Юсуфжан Сайдалиев

Пенсионер – уйнинг қоровули, яъни дарвозанинг қулфи-калити, барча ахборот ва маълумотларнинг маркази, “Қазтелеком” таърифи-ча: “маълумотлар базаси”га айланиб қоларкан. Яхши ахборот, хабар, янгилик бўлса, бош устига, аксинча,  уйда зерикиб ётган пенсионер учун биров билан мулоқот қилиш, фикр алмашиш, янгиликдан огоҳ бўлишдан ортиқ бахт йўқ.

Лекин, баъзан яхши тушлар кўриб, эрталаб яхши кайфиятда уйғонганингда кимдир қўнғироқ қилиб,  турфа саволлар билан кайфиятингни бузса, асабингга тегса, буниси ортиқча бўларкан. Бироз муддат аввал “Қазтелеком” ходимаси билан ўтган бир суҳбат тафсилоти бунга мисол…
Келиним уй телефонини кўтарганича кириб қолди. “Ким экан, нима экан?” – дея гўшакни қулоғимга тутдим.
–  Ота, бу “Қазтелеком”дан! – нотаниш қизнинг чиройли овози эшитилди, у яна алланималар деди.
–  Нима? Тушунмаяпман. Қаттиқроқ гапир-чи?
–  Биз абонентларнинг “маълумотлар базаси”ини тўплаяпмиз. Шунга паспортингиздаги ИИН номерингизни…
–  А, нима? Қандай номер? – тушунмай яна сўрадим.
Билдим, қизнинг жаҳли чиқа бошлади.
–  И И Н!
–  Нима бу, ИИНингни тушунмадим. – Охири, узуқ-юлуқ тушунтиришлардан сўнг, “ҳужум”га ўтдим.
–  Хўш, бу номер сенга нима учун керак бўп қолди? – дедим кексаларга хос босиқлик билан.
Энди қизнинг жаҳли чинакам чиқди.
–  Ота, айтдим-ку, бизга сизнинг, яъни ҳар бир абонентнинг “маълумот базаси”ни тўлдиришимиз учун керак. Бизга шундай топшириқ берилган.
Мен яна ҳижжалаб сўрай бошладим.
– Шахсий ҳужжат ҳеч кимга берилмайди ва ундаги маълумотлар ҳаммага ошкор этилавермайди. Талаб этилган тақдирда, шахсан ўзи иштирокида кўрсатилади, қизим. Эртага ўзим бораман “Қазтелеком”га, – дея гапга нуқта қўйдим.
Орадан кунлар ўтиб, ўша воқеа бутунлай ёдимдан чиқибди. Уйдагилар “Қазтелеком”дан бир неча бор телефон қилишиб, ИИНни сўрашганини айтишди.
Бугун яна телефон қилишди. Ўша овози ширин қиз яна ИИНни сўради.
Мен тағин аввалги жавобни айтдим.
–  Ҳар бир телефон эгасиги бирма-бир қўнғироқ қилиб чиқяпсизми?
–  Ҳа.
–  Ахир, бу машаққат-ку! Нега газетада ёки телевидениеда эълон бермайсизлар? Бу хизматингизнинг ошкоралигини ва осонлигини таъминларди, қолаверса, абонентда ҳеч қандай гумон ва хавф уйғотмаган бўларди, –  дедим қизга жоним ачишиб. Албатта ушбу воқеани газетага ёзишимни ҳам қистириб ўтдим. Исми-шарифини сўрадим.
–  Барно Рустамова, операторман, – дея таништирди ўзини у.
Шу билан суҳбатимиз тамом, мен эса, миссиямни тугатдим, дея ўйласам, гўшакни қўяр-қўймас, телефон яна жиринглади.
–  Алло!
–  Ассалому алайкум! Мен Ҳакимжонман, – деди нотаниш йигит хушмуомалалик билан ва ҳалиги оператор Барнонинг гапларини такрорлади.
Мен ҳам Барнога айтган важларимн такрорладим. Лекин Ҳакимжоннинг самимий, қаллобликдан мутлақо холи овозини эшитиб, сўраган рақамларини бердим.
–  Бўлдими? – дедим.
–  Бўлди! – деди Ҳакимжон.
Ушбу ҳолат арзимасдай туйилади. Бироқ шахсий гувоҳномалар билан боғлиқ қаллобликлар, товламачиликлар, фирибгарликлар ўзимиздаям, қишлоғимиздаям содир этилаётганини ҳеч ким йўққа чиқармайди-ку!
Бундай вазиятда “Қазтелеком” раҳбарияти маҳаллий оммавий ахборот воситалари орқали эълон беришса ва унда зарур алоқа телефонини кўрсатишса, ИИН тўғрисида ҳамма хабар қилган бўларди.

Ю. САЙДАЛИЕВ.

Изоҳнинг ҳожати йўқ