Узилмас ришталар

Хонзода Абдижалилова

Қозоқ ва ўзбек халқларининг дўстлиги тарихи узоққа бориб тақалади. Икки қардош миллат вакилларининг мустақиллик йилларида эришган ютуқлари ҳам эътиборлидир.
Ҳар йили Шимкент шаҳридаги Абай истироҳат боғида ўтадиган “Ўзбек тили, маданияти ва анъаналари куни” байрами ҳақида эшитиб юрардим. Ниҳоят, айни тантаналарда иштирок этиш каминагаям насиб этди. Минг марта эшитгандан, бир марта кўрган яхши, дейишади. Дарҳақиқат, тадбирда қатнашиб, Қозоғистонда яшовчи ўзбек миллати вакилларига ўз она тили, маданияти ва анъаналарини ривожлантириш учун керакли шарт-шароитлар яратилганига гувоҳ бўлдик.
Ҳозирги кунда таълим, фан ва адабиёт соҳаларидаги алоқалар янги босқичга кўтарилди-ки, келгусида ушбу ишларни янада кучайтириш зарур. Ўзбекистонда ҳам қозоқ миллати вакилларининг тили, маданияти ва урф-одатларини сақлаш, ривожлантириш ишларига жиддий эътибор берилмоқда. Республикада фаолият юритадиган олий ўқув юртлари мисолида бунинг исботини кўриш мумкин.
Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтининг тарих ва филология факультети қошида “Қозоқ тили ва адабиётини ўқитиш методикаси” кафедраси илк бор 1953 йилда очилиб, 1972 йилда филология факультети таркибида «Қозоқ филологияси» кафедраси ташкил қилинади.
Ўтган йиллар кафедранинг тикланиш ва ривожланиш даври бўлди, кўплаб мутахассислар ва олимлар етиштирилди. Масалан, профессор А. Исабоев сермаҳсул олимлардан бири. У йигирмага яқин монография, дарслик, ўқув қўлланмалари, методик тавсиялар ёзган ва юздан зиёд илмий мақолалар чоп эттирган.
Кафедра профессори лавозимида ишлаган Қ. Сатторов эса, халқ оғзаки ижоди намуналарини йиғиб, жами 14 та тўплам нашр қилдирди. У “Қозоқ халқ романтик эпоси” номли монография, ўқув қўлланмалари ва фольклоршуносликка оид китоб муаллифидир.
Институт раҳбариятининг қўллаши ва ёрдами билан таълим масканида турли анжуманлар ҳам ўтказилади. Жумладан, 2003 йилда “Қозоқ тили ва адабиёти бўлими”нинг ташкил топганига 50 йил тўлиши муносабати билан илмий-амалий конференция ўтказилди. Айтиш жоиз-ки, Жанубий Қозоғистон вилояти олий ўқув юртлари ҳомийлик кўрсатишди ва компьютер хонаси ташкил қилинди.
2007 йилда Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ўзбекистон ФАнинг Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институти ва қозоқ филологияси кафедраси буюк қозоқ ёзувчиси, академик М. Авезовнинг110 йиллиги муносабати билан “М. Авезов ва ўзбек-қозоқ халқларининг адабий-маданий алоқалари” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди. 2013 йили эса, “Қозоқ тили ва адабиёти бўлими”нинг 60 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман уюштирилди.
Мазкур факультет устозларининг самарали меҳнатлари давлат ва ҳукумат томонидан муносиб тақдирланган. Жумладан, Т. Қолдибоев “Ўзбекистон Республикаси халқ маорифи аълочиси” нишони, шунингдек, “Дўстлик” ордени билан мукофoтланган. Кафедра мудири, доцент Э. Абдувалитов ҳам яқинда “Ўзбекистон Республикаси халқ маорифи аълочиси” унвонига сазовор бўлди.
Ҳозирги кунда кафедрада доцент Н. Сиздиқбаев, катта ўқитувчилар Ў. Байқобилов, Д. Дуйсебаева ва ўқитувчи Н. Абдувалитов каби жонкуяр ва фидойи мутахассислар таълим ва тарбия жараёнида фаол иштирок этишмоқда.
Дарҳақиқат, мазкур кафедра устозлари ҳамда “Ўзбекистон-Қозоғистон” дўстлик жамияти томонидан мазкур йўналишда биргаликда амалга ошириладиган ишлар режаси тузилган. Ҳар икки мамлакат зиёлиларининг ўзаро самимий мулоқотлари, дўстлик учрашувлари қозоқ-ўзбек алоқаларини янада мустаҳкамлаш учун муҳим асосдир.

Хонзода АБДУЖАЛИЛОВА,
“Ўзбекистон-Қозоғистон”
дўстлик жамияти аъзоси.
Тошкент шаҳри.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ