
“Афсусдаман, ёшлик қилиб хато қилганим учун жудаям ўкинаман, шириндан-шакар қизларимдан, гулдек аёлимдан воз кечганимдан қаттиқ пушаймонман…”
Яқинда каминага ўзи ҳақида ҳикоя қилиб берган эркак шундай, дея қаттиқ ўкинди. “Ўғлим йўқ” – дея нолийдиган, “Сен ўзи ўғил туға оласанми?” – дея жони қийналиб, дунёга фарзанд келтирадиган аёлларининг дилига озор етказадиган баъзи эркакларга ҳамсуҳбатимнинг сўзлаб берганлари сабоқ бўлар, дея эшитганларимни қоғозга тушира бошладим.
* * *
Олийгоҳда бир гуруҳда таҳсил олган Зеби билан севишиб, турмуш қурдик. Зеби тарбия кўрган, пазанда, саранжом-саришта бўлганлиги туфайли, ота-онам, туғишганларим, қариндошларимиз орасида ҳурмат қозонди. Онам: “Менинг келиним уддабурон” – дея бировларга мақтанса, аёлим камтарона: “Ойижон, бунинг ҳаммасига сиз туфайли эришдим, ахир айтишади-ку: “Қайнонали келин қарқара, қайнонасиз келин масхара деб” – дея жилмайиб қўярди. Оиламизда тинч-тотув ҳаёт кечирардик. Ана шу осойишталикнинг бузилишига камина сабабчи бўлдим.
Бир йилдан сўнг қиз фарзандлик бўлдик. Мен бўйдоқ пайтимда: “Тўнғич фарзандим ўғил бўлади, исмини Ботир қўяман” – деб ният қилардим. Афсуски, бандасининг эмас, Яратганнинг хоҳиши бўлар экан. “Майли, шунисига ҳам шукур, айримлар қиз фарзандга ҳам зор бўлиб, азобда яшашяпти-ку!” – деди аёлим мени юпатгандай бўлиб. Аслида менга шундай, демаса ҳам бўларди. Бироқ жуфти ҳалолим жудаям меҳрибон, мулойим, оқила, ҳатто мусичага ҳам озор етказишдан чўчиб яшайдиган инсон бўлганлиги учун мен, ношукурга, ўғил туғиб бермаганига ўзини айбдор, деб санади. Ўшанда: “Қўявер, Зеби, Худо хоҳласа, келаси фарзандимиз ўғил бўлар” – дея тасалли беришнинг ўрнига: “Қиз туғдинг, энди ошналаримнинг олдида тилим қисиқ бўлади. Ҳаммасининг тўнғичи ўғил” – дея аёлимни жеркибман.
Орадан уч йил ўтиб, аёлим яна қиз туғди. Туғруқхона эшигидан суюнчи сўраб чиққан ҳамширанинг: “Ўғилли бўлдингиз, табриклайман!” – дейишини нақадар кутгандим, орзуларим поймол бўлди. Қизим билан аёлимнинг ҳолларидан хабар ҳам олмай қўйдим. Ўшанда ҳам сабр-тоқатли жуфти ҳалолим мендан ранжимади, аксинча, қўнғироқ қилиб, уст-бошимни тез-тез алмаштириб, тоза бўлиб юришимни тайинлар, ишларим кўп бўлганлиги сабабли, вақт топиб, туғруқхонага кела олмаётганим учун хафа эмаслигини айтарди. Ана шундай оқила-ю доно аёлимнинг қадрига етмаганимни эсласам, ҳозир юрагим оғрийди.
Ишдан келган вақтимда қаршимга: “Дадажон!” – дея пешвоз чиққан қизларимга истамайгина: “Яхши ўтирибсизларми?” – дея хонамга кириб кетардим. Қизларим кўзлари мўлтиллаб, ортимдан қараб қолишарди. Инсон шунчалик ҳам худбин бўладими? Ахир улар менинг фарзандларим-ку! Нега шунчалик норози бўлибман мен қизларимга? Нега улардан юз ўгирдим? Ёшлигимга бориб, қилган хатоликларим учун кейинчалик жавоб беришим ҳақида нега ўйлаб кўрмадим, ҳайронман?
Беш йилда уч қизли бўлдим. Учинчи қизим дунёга келганидан сўнг, ота-онамнинг панд-у насиҳатлари, Зебининг кўз ёшларига ҳам парво қилмасдан, уйдан бош олиб чиқиб кетдим ва кўнгилхушлик қилиб юрган жувоннинг шаҳардаги икки хонали уйида яшай бошладим. Бу аёл ўзимдан олти ёш катта, унга қарши гап айтсанг, дарҳол жанжал бошланади. Бироздан сўнг аёлим ҳам қизларимни олиб, отасининг уйига кетиб қолибди. Очиғи, ўшанда бу хабар мени қувонтирди, энди ўша аёл (Умида)га уйланиб, ўз уйимда яшайман, деб ўйладим ва бу ҳақида отамга айтдим. У киши мени роса койиди, қизларимнинг уволига қолишимни айтди.
Кўпчиликнинг қарши бўлишига қарамасдан, Зеби билан қонуний ажрашдик. Отамнинг гапларига парво қилмадим: “Ўғил туғмайдиган хотин билан яшамайман, бу уйдан ё у кетсин, ё мен!” – дея отамга дўқ қилдим. Умидага уйландим. У мен билан яшай бошлаганидан сўнг, мутлоқ ўзгарди. Авваллари сочларини бўяб, қирқиб, кўнгли тусаган кийимни кийиб юрар, ҳаддан ташқари ўзига оро берарди, мени ҳурмат қилмасди.
Кейинчалик оддийгина, соддагина ўзбек аёлига айланди — қолди. Бунга менинг меҳрибон волидам сабабчи бўлса керак. Ота-онамнинг ҳам ҳурмат-иззатини жойига қўяди. “Қизларингизни соғинсангиз, бориб кўриб келинг” – дея совғалар олиб, қўлимга тутқазади. У билан яхши яшадик, аммо… ўн икки йилни фарзандсиз ўтказдик. Қаерда малакали шифокор, табиб бўлса, ҳаммаси билан учрашдим. Иккаламиз соғлом эканмиз. Нима учун фарзанд суя олмаётганимизга ҳайрон бўлиб, орадан 12 йилнинг елдек ўтганини ҳам сезмай қолибман.
Нақ ўн икки йилдан сўнг, Умида ўзим истаган ўғилни дунёга келтирди. Уни асраб-авайлаб вояга етказа бошладик. Аёлимга: “Энди яна бир ўғил туғиб бер” – дея олмасдим, боиси, шифокорлар Умидага бошқа фарзанд кўрса, соғлиги қийинлашишини айтишди. “Шу бир ўғлимизни комил инсон қилиб тарбиялаймиз” – дея ҳаммасига кўникиб яшай бошладик.
Қизларим бўй етдилар. Зеби ҳаётини фарзандларига бағишлади – қайта турмушга чиққани йўқ. Қайнотам, қайниларим Зебига алоҳида уй-жой қилиб беришди. Мен нотавон эса, қўлимдан келиб турса ҳам, қизларимга бирор нарса олиб бер, дея аёлимга пул бермадим. Учала қизим мактабни ҳам, олийгоҳни ҳам аъло баҳолар билан тугатишди. Биз ер-у кўкка ишонмай катта қилган Умиджон эса, тарбиясиз ва ахлоқсиз бўлиб вояга етди. Бизнес билан овора бўлиб, унинг тарбиясига вақт ажрата олмабман. “Ўқитаман, олий маълумотли қиламан” – десам, ўқишни ҳам бир курсини битирмай, ташлаб кетди. Машина олиб бердим, на тун, на кун уйда ўтиради, ҳар куни ўзига ўхшаган безорилар билан ялло қилди. Унинг бундай ҳаракатлари онасини касал қилди. Дардим ичимда, бировдан айб қидирмайман, Оллоҳ мени жазолаётганини яхши биламан.
Тўнғич қизимга совчилар келганида Зеби: “Бошқа куни келинглар, отаси билан маслаҳатлашайлик” – дебди. Мен ундан бу гапни кутмаган эдим, “Қизларим мени кўрса, терс ўгирилиб кетишса керак” – дердим. Йўқ, асло ундай бўлмади, хатомни тушунгандим, учала қизимнинг тўйларида ўзим бош-қош бўлдим, қизларим ҳам: “Ада, ада” – дея ҳурматимни жойига қўйишди. Биринчи аёлим уларни мана шундай меҳрли-оқибатли, ақлли қилиб тарбиялабди. Зеби Умиданинг ҳам қизларимизнинг тўйларида иштирок этишини хоҳлади. Бироқ Умида боролмаслигини айтиб, қизларимнинг сеплари учун совғалар бериб юборди. Собиқ аёлим ҳам ўғлимнинг туғилган кунида атайлаб, почта орқали совға жўнатиб туради…
Мана, шунақа гаплар, қизим, Умиджон ўғлимни деб, кўчада бош кўтариб юра олмаяпман. Ёшлигимдан буйрагим оғрийди, бир йилда икки марта даволаниб тураман. Яқинда ҳам икки ҳафта касалхонада ётдим, сизга айтишга ҳам уяляпман, мен дунёга келишини орзиқиб кутган ўғлим отасини кўргани келмади. Тўнғич қизим турмуш ўртоғи, қайнонаси билан келиб, йўқлаб кетишди.
Уялганимдан уларнинг кўзларига тик қарай олмадим, виждон азоби қийнаяти. Кейинги қизларим ҳам келишди, буни қаранг, мен товуқ шўрвасини жуда яхши кўраман, Зеби, атайлаб бу таомни мазали қилиб, улардан бериб юборибди. У, ҳақиқатдан ҳам жаннати аёл, умри узоқ бўлсин. Умида эса, ўғлимиз мени кўргани келмагани учун ўзидан хафа бўлди, айтишича, аёлим Умиджонга тўғри тарбия бермабди. “Қўявер, ҳали ёш, вақт ўтиб, ҳаммасини тушуниб олади” – дея аёлимни юпатиб қўйдим.
Шукур қиламан, қизларим борган жойларида ўзларининг одоби, ибоси, тарбия кўрганлиги туфайли онасига, улардан панд-насиҳатларини аямаган қайнота-қайнонамга раҳмат келтиришмоқда.
Бошқа эркаклар камина сингари адашишмаса, дейман – қизми, ўғилми – фарзанд экан, муҳими, улар ҳаётда ўзларининг муносиб ўринларини топишлари даркорлигини кеч англадим. Укаларим, сизларга маслаҳатим: мен йўл қўйган хатони сизлар такрорламанглар…
Суҳбатдошимнинг, кеч бўлса-да, ўз хатосини тушуниб етганига қувондим. “Аёлим ўғил туғмаган, авлодимни ким давом эттиради, шунча қизнинг биттасини Парвардигор ўғил қилиб бермади-я” – дея Оллоҳнинг берган неъматларига шукур қилмайдиган суҳбатдошим сингари айрим оталар ҳақида ҳар гал эшитганимда қўшиқдаги мана бу мисралар, беихтиёр тилимга кўчади:
…Умр дарё, толега ким кафилдир,
Қизнинг борар жойи бўлак соҳилдир,
Қиз қадрига етмаганлар ғофилдир,
Қиз бор уйда ёруғ бўлар юзингиз,
Қай ўғилдан, айтинг, камдир қизингиз?
Оллоҳ таоло кимнидир, фақат ўғил, кимнидир қиз бериб синайди. Баъзи оила аъзолари эса, йиллар бўйи чақалоқ йиғисини эшитишга зор. Зеро, шундай экан, ҳаётда нолимайлик, ўғилми, қизми – Яратувчимиз ҳеч бир инсонни жажжи мўъжиза, яъни фарзанддан бенасиб қилмасин, иншооллоҳ. Ахир қанча оилалар тирноққа зор, энг аввало яхши ният қилишимиз даркор. Ҳаётда ҳар қандай вазиятда ҳам ўзимизни қўлга олиб, борига шукур, йўғига қаноат қилиб, фарзандларимизнинг – у хоҳ қиз бўлсин, хоҳ ўғил бўлсин – тўрт мучаси соғлом бўлиб дунёга келишларини Оллоҳдан сўрайлик.
Исмини сир тутган муштарийнинг ҳикоясини Эътибор САЙФИДДИН қизи оққа кўчирди.

