Пайғамбар ёшидаги педагог

IMG-20151228-WA0003

Унинг айнан рус тилини танлашига ўша пайтдаги тилга бўлган эҳтиёж сабабдир. Қишлоқдаги ёш-у қари рус тилида гаплашиш борасида анча қийналишар, аммо аксар ҳужжат ва маълумотлар, нуқул рус тилида тайёрланарди. Шаҳарга қандайдир иш билан борсангиз ёинки чет давлатга саёҳат қилсангиз, оммавий алоқа воситаси ҳисобланган рус тилини яхшигина билиш шарт эди.
Ўрта таълимни эгаллаётган оддий қишлоқ фарзанди Азим Камол ўғли Раҳмонқулов буни эрта фаҳмлади ва: “Мен ушбу тилни чуқур ўрганаман, педагог бўламан ва ёшларнинг рус тилини мукаммал эгаллашларига ўз ҳиссамни қўшаман” – дея ният қилди.
Айниқса устози Закия Муҳаммаджонованинг дарсларда маҳоратли ва мазмунли сўзлаши қаҳрамонимнинг илҳомини янада оширди. Мактабни тамомлаб, олий ўқув юртига ҳужжат топширар чоғида, ҳеч иккиланмай рус тили ва адабиёти факультетини танлади.
“Ўқув йилининг бошланғич даврида рус тилида гаплашиш, уни ўрганиш анча қийин кечди. Боиси, мактабда мазкур тил дарсдан ташқари қўшимча сабоқ сифатида ўқитилмасди. Хусусан, рус тилининг грамматикасини теран билиш, сўзлашиш, китобларни ўқиш – биз, талабалар олдига қўйилган асосий талаб эди. Ўша йилларнинг анча кунлари-ю тунларини уйқусиз ўтказганмиз. Машаққатларимиз меваси – олган билимимизни келажак авлодга ўргатиб, уларнинг давлат грантларини қўлга киритишларига ўз ҳиссамизни қўшяпмиз. Бундан ниҳоятда мамнунман” – дея ғурур билан сўзлайди суҳбатдошим.
Мақсад асосида иш юритган тажрибали педагогнинг бир қанча шогирдлари билим даргоҳларида рус тилида дарс беришмоқда. Яна бир гуруҳи Алмати, Астана, Шимкент, Туркистон ва бошқа жойларда, айнан рус тили соҳаси бўйича таҳсил олишяпти. Қувонарлиси, улар грант асосида ўқишади.
“Рус тилини ўрганишга қизиқиш бугун ҳар қачонгидан ҳам ортган. Бунинг бош сабаби – мустақиллик туфайли барча чет давлатлар билан мулоқот қилишга йўл очилди, яна бир омил эса, ахборот алмашиш кўлами ва суръати тобора ортиб, давлатимизнинг умумдунёвий глобаллашиш доирасига тортилаётганидир. Устознинг ушбу борада бизга берган таълимлари, талаб-у тартиблари бизнинг педагог бўлиб шаклланишимизга ва ўзи каби билимли, ҳар тарафлама уддабурон, ишбилармон бўлишимизга имкон эшикларини очди” – дейди рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сифатида фаолият юритаётган шогирди Умида Рашидова.
Қаҳрамоним, нафақат шогирдлари, балки ўз фарзандларини-да ўзига издош қилди: 3 нафар қиз, 1 нафар ўғил олий маълумотли бўлишди. Ўғли Суннатулла Раҳмонқулов Туркистон шаҳридаги халқаро қозоқ-турк университети клиникасининг кардиолог шифокори бўлса, катта қизи Саида Маҳмуд Қошғарий номли мактабда педагог, ўртанчи қизи Гулида Кентов шаҳридаги 3-сонли кўп соҳали гимназия мактабида рус тили фани ўқитувчиси, кенжа қизи Фарида Айша биби номли болалар боғчасида тарбиячи.
Асли қарноқлик Азим Камол ўғли Раҳмонқулов 1953 йилнинг 11 январида Тошкент шаҳрида оддий ишчи оиласида таваллуд топган. У ёшлигидан изланувчан, фақат ва фақат ҳаракатда бўлгани учун ҳам, ҳаётда барча ниятларига эришганлигини мамнуният билан тилга олади. Умр йўлдоши ҳам математика фанидан ўқитувчи бўлиб фаолият юритган.
Ота-она учун фарзанд камолини кўриш улуғ неъматдир. Кечагина пайғамбар ёшини қаршилаган Азим ака ҳаётига ҳавас қилсак арзийди. Болалик давридан, то шу кунгача билим олиш, таълим бериш ишлари билан банд. Қанийди, ҳар биримиз, дастлаб оиламиз, сўнг жамиятимиз учун шундай меҳнат қилсак, жон куйдирсак, елиб-югурсак?! Ҳаётимиз янада гўзал, жозибали, мазмунли ўтармиди?
Азим акага: таваллуд айёмингиз муборак бўлсин, иншооллоҳ, 100 ёшга киринг, неваралар ардоғида шод-у хуррам ҳаёт кечиринг, қалбингиз, асло ғам кўрмасин, дуогўй ҳожи ота бўлиб юринг, дея тилаклар йўллайман.

Азим РАҲМОНҚУЛОВ:
– Педагог шогирдларига, нафақат билим беради, балки уларни тарбиялайди ҳам. Қайси шогирднинг қобилияти нимага мойил, қизиқиши нимада, қайси фазилати яхши? Мана шу каби саволларга жавоб топа олган устоз ўз ишининг устасидир. Хусусан, у қизиқиши суст ва тартиби ночор ўқувчилардаям фанга қизиқиш уйғота олмоғи даркор.
Ўз айбини тан олиб, ўзга инсондан узр сўрай билиш – мардлик. Баъзан ўқувчи ва ўқитувчи ўртасида келишмовчилик ёки тушунмовчилик туғилади. Бундай пайтда устоз теран ўйлаб иш юритиши лозим. Борди-ю кимнингдир кўнглига ноўрин тегиб қўйса, узр сўраши шарт. Ўзимдаям бундай ҳоллар юз берган ва мен ўз айбим учун кечирим сўраганман.
Ўзгаларга тош отиш ниятим йўқ-ку, лекин бугунги кун билан аввалги давр педагоглари ўртасида фарқ осмон билан ердек. Тўғри, ўз касбини севиб, маҳоратини кўрсатаётган, ўз ишига масъулият билан қарайдиган ёшларимиз етарли. Аммо касбига юзаки ёндошаётган айрим педагоглар “Битта қумалоқ бир қозон ошни бузибди” нақлини эслатишаётгандек туйилади. Уларга қарата рус ёзувчиси Толстойнинг: “Рассом бўладиган – рассом, этикдўз бўладиган – этикдўз бўлиши керак!” – деган ажойиб сўзларини айтган бўлардим.
Ҳар дақиқа ғанимат. Шундай экан, бўш вақтларимда уйда мактаб ёшларини грантга тайёрлайман, шунингдек, янги технология асосида берилаётган тестлар устида ишлайман, ўзим эса, изланишдан толмайман. Детектив ва тарихий киноларни томоша қилишни ёқтираман. “Жануб жарчилари”,  “Жанубий Қозоғистон” сингари матбуот нашрларини севиб ўқийман. Улардаги Эркин Абдунақибов, Гулбаҳром Оботова, Эътибор Аҳмаджонова ва бошқа муаллифларнинг мақолаларини қизиқиб мутолаа қиламан, – дейди қаҳрамоним мулоқотимиз ниҳоясида.

Султоной НИШОНБОЙ қизи.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ