
Инсон яшар экан, ўзидан яхши ном, эзгу ишлар қолдиришга интилади. Ана шу эзгу ва хайрли ишлар эса, кишига ҳурмат, обрў-эътибор келтиради. Бундай ҳурматга, табиий-ки, киши ҳалол меҳнати, олижаноб фазилатлари билангина эришади.
Сайрам туманининг Манкент қишлоғида туғилиб, вояга етган, ҳозирда моҳир муаллима, малакали раҳбар сифатида ҳудудда ўз ўрни ва нуфузига эга бўлган Зуҳра опа Нурметова ҳам ана шундай аёллар сирасига киради. Ёшлигиданоқ изланувчан, ташаббускор ва ўз мақсади сари дадил одимлашга ўрганган қаҳрамонимиз Тошкент педагогика институтида ўқиб юрган кезларидаёқ, шу муаззам заминнинг гуллаб-яшнаши йўлида астойдил меҳнат қилишни, ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган эди. Талабалик давридаёқ, ўзининг изланувчанлиги билан тўқимасозлик фабрикасида ишлаб, шу вақтнинг ўзида бир қанча ходимларга раҳбарлик қилди.
Зуҳра опа институтни тамомлаб, дипломни олгач, она юрти Манкент қишлоғидаги Олег Кошевой (ҳозирги Шароф Рашидов) номидаги мактабга ишга келди, ўқувчиларга химия ва биология фанларидан дарс бера бошлади. Ёш мутахассис меҳнат фаолиятининг дастлабки кунларидан билимдонлиги, ташкилотчи ва ташаббускорлиги билан ўзини кўрсатди. Унинг дарс ўтиш услуби содда. Аввало ўқувчилар қалбига йўл топишга, фанга қизиқтиришга интиларди. Ушбу жараёнда улар билан дўстона, самимий мулоқотда бўларди.
Кўп ўтмай, ана шу мактабга директорликка кўтарилди. Илк фаолиятида Зуҳра Нурметова мактабни кенгайтириш ишларига ўз кучини сарфлади. Албатта аёл кишига бу иш осон кечмади. Эндигина ўз фаолиятини бошлаган, ҳали етарли тажрибага эга бўлмаган раҳбар кўзлаган мақсадига етиш учун туман ҳокимлиги ва тадбиркорлар кўмагига таянди. Даставвал эски бинонинг полларини алмаштиришга эътиборни қаратди.
Мазкур ишни амалга оширишда ўша пайтдаги туман ҳокими Қуаниш Айтаханов ва унинг ўринбосари Абдусамат Ниёзқуловнинг ёрдамлари ўринли бўлди. “Мен аризада 3 куб тахта сўрасам, ҳоким бизга 30 куб тахта берганди. Қувончим ичимга сиғмасдан, ишни дадил давом эттирдим” — дейди Зуҳра опа суҳбат чоғида.
Йиллар ўтиб, устоз меҳнатлари ўз самарасини берди. Мазкур мактабни, фақат янгилашгина эмас, унга қўшимча бино қўшишга эришилди. Зуҳра опанинг бу меҳнатлари, албатта четда қолмади. 1985 йилдан бошлаб, ўзи билим олган Собир Раҳимов номли мактабга директорликка ўтказилди. Янги мактаб, янги ходимлар билан иш бошлаш Зуҳра опа учун муаммо бўлмади.
Зуҳра опани гоҳ оиласида, гоҳ қўни-қўшнилар даврасида, гоҳ жамоат ишларида, баъзан эса, тадбирларда учратамиз. Шиори, фақат олдинга интилиш ва ҳалолликни қадрлаш бўлган бу аёл икки марта Президентимиз Нурсултан Назарбаевнинг “Алғыс хати”, ҚР Фан ва таълим вазирлигининг “Құрмет” ёрлиғи, “Маориф аълочиси” кўкрак нишони ҳамда вилоят таълим департаменти, Сайрам тумани таълим бўлимининг “Фахрий ёрлиқ”лари билан тақдирланди.
Оиласини ҳаётининг асл мазмуни дея, доимо кўз қароғида асровчи Зуҳра Нурметова яхши бека, мунис рафиқа, меҳрибон она, ғамхўр қайнона ва суюкли бувижондир. Турмуш ўртоғи Раҳмонали ака Нурметов билан икки ўғил, бир қизни тарбиялаб, камолга етказишди.
Суҳбатимиз сўнгида Зуҳра опа ёшларга қарата: “Инсон ўз касбини севиши керак, шундагина мақсадига эришади. Инсонларнинг ҳаммаси ҳам “5” баҳо билан ўқий олмайди, “3” баҳо олсангиз ҳам, юрагингиздан ўқинг. Юрагидан ўқиган бола, меҳрли, меҳнаткаш бўлади. Устозларингизнинг дуосини олинг!” — деди.
Дарҳақиқат, қаҳрамонимизнинг босиб ўтган ҳаёт йўлига боқиб, унинг халқ дарди, ташвиши билан яшаганлигига, эзгу ва хайрли ишлари билан ҳурмат қозонганлигига амин бўлдим.
Дилноза ҲАСАНОВА.

