
Яқинда Туркистон шаҳридаги Алишер Навоий номли 13-сонли мактабда билим масканларининг психологлари иштирокида Афросиёб академияси директори, психотерапевт-психолог Зебинисо Аҳмедованинг навбатдаги семинар-тренинги бўлиб ўтди. Ўрни келганда таъкидлаш даркор-ки, Зебинисо Аҳмедованинг тингловчилари тобора ортиб бормоқда.
Тренинг ҳар галгидек тортишувлар, савол-жавоблар билан чиройли ва юқори даражада ўтди. Унда: 1). Ўзига ишончсиз, иқтидори чегараланган, қўрқуви бор болалар билан ишлаш; 2). Хулқи ночорлашган болалар билан ишлаш; 3). Низоли оилалар, ишончсиз ва касалманд болалар билан ишлаш сирлари; 4). Фарзандларнинг ўқишига ота-оналарнинг қизиқишларини орттириш каби мавзулар алоҳида ёритиб берилди.
Ҳозирги кунда, мактабларда педагогик жараёнлар шу қадар тез янгиланиб бораётган бир пайтда, психологлар ўз профессионал савияларини доимо талаблар даражасида ошира боришлари зарур.
Зебинисо Аҳмедованинг аждодлари Сайрамдан бўлиб, 1972 йили Гулистон шаҳрида таваллуд топган. У мактабни олтин медаль билан тугаллаб, Тошкент Давлат тиббиёт институтига 1989 йилда кириб, мазкур даргоҳни 1995 йилда якунлади.
Клиник ординатурада илмий изланишларини давом эттириб, ревматолог шифокор бўлиб етишди. 2012 йилда психолог, ревматолог шифокор, психотерапевтлик касбини эгаллади. Кўплаб даврий матбуот нашрларида ихтисослиги бўйича мақолалари чоп этилган.
Оилали, уч нафар фарзанднинг онаси. Турмуш ўртоғи ҳам шифокорлик касбининг соҳиби.
Инсонларни руҳий тушкунликдан чиқариш, кайфиятига завқ бағишлаш йўлида ўзининг хусусий психологик ёрдам марказини ташкил қилган. Марказ қошида болалар психологи, оила психологи, спорт психологи, психотерапевт каби мутахассислар биргаликда фаолият олиб боришмоқда. “Севгининг беш тили”, “Ҳаёт завқи”, “Ўз ўрнингни топ!” каби тренингларнинг муаллифи.
– Зебинисо Деҳқоновна, вилоятимизда бир эмас, учта тренинг ўтказдингиз, фикр-мулоҳазаларингиз ва маслаҳатларингиз билан бўлишсангиз.
– Бугун мени қозоқ эли таниди. Қозоғистондаги психологлар менинг билимларимни ҳурмат қилишди. Бу мен учун шараф. Тўғри, ҳамманинг кўз ўнгида маҳорат сабоғи кўрсатиб бердим ва дудуқ болалар равон гапириб кетишди. Бу катта муваффақият, албатта. Аммо энг катта муваффақият, бу икки элнинг бирдамлигидир. Агар “Куч бирликда ва тинчликда”лигига ишонсак, албатта фарзандларимиз соғ ва ҳаётимиз фаровон бўлади.
Фарзандларимиз ҳаётда ўз ўринларини топишларида ва касб эгаллашларида темперамент ва психотипларни ҳисобга олган ҳолда тавсия бериш илмини татбиқ этмоғимиз керак. Соционика – инсон психотипларини ҳисобга олган ҳолда жамоада ишчиларнинг ўз ўрнини тўғри белгилаши, фарзандларнинг ўз типологиясини ҳисобга олиб, тўғри касб эгаллаши кераклигини менинг аудиториямдаги психологларга ўргатишни истайман.
НЛП – нейролингвистик дастурлаш психотехнологияси орқали мактаб ўқувчиларига тўғри мақсад қўйиш, мияда дастурини яратиш каби психотехникасини психологларнинг амалий дастурига айлантириш муҳимдир. Низосиз яшашни ўргатишда, “хўп” дейиш орқали “йўқ” дея олиш психотехнологияларини қўллашнинг аҳамияти катта. Бу мен билган билимлардан томчилар бўлса-да, мен уларни ўргатишдан чарчамайман. Зеро, маърифат – камолот йўлидаги энг қисқа йўлдир. Хизмат сафарларимда психологларнинг жудаям илмга чанқоқликларини пайқадим. Агар улар психологик ёрдам марказлари очиш истагида бўлсалар, мен ёрдамимни аямайман.
– Психолог қабулига кимлар келишлари керак?
– Дудуқланиш, хавотир, васваса, қўрқув, ишончсизлик, кўп касал бўлиш, хотира сустлиги, энурез(сийиб қўйиш), тушкунлик каби вазиятларга тушган одамлар. Мен бу каби ҳолатларни даволай бошладим. Изландим, дунё янгиликларини миллатимиз психологиясига мослаб ишлата бошладим. Алкоголизмда мияга мақсад кодини қўйиш, компьютерга қарамликдаги жазавани йўқ қилиш ҳам менга қийинчилик туғдирмади. “Менинг қандли диабетим бор, қон босимим бор” – дегувчиларга: “Сизникими бу қанд диабети ва қон босими” – деганимда, улар кулишар ва: “Меники-да” – дейишарди. Мен бу инсонларга: “Меники…” – десангиз, ундан қандай қутулмоқчисиз, дея сўрардим. Шу йўсинда инсонлар ўз организмлари касаллик билан курашмасдан, уни меҳмон қилиб ўтиришганини тушуниб қолишарди.
Қанча инсонлар: “Мен кимнидир кечира олмаяпман, менинг кимдадир ўчим бор, деб” – яшашларида ҳаловат қолмаганида уларга бахтли бўлишнинг энг қисқа йўли қалбни тозалаш эканлигини тушунтира олардим.
– Муштарийларимизга тилакларингиз.
– Мен ўз навбатида “Жануб жарчилари”, “Руҳият дунёси” ва “Болалар олами” газеталарининг раҳбариятига, хусусан, Гулираъно Расулова ва Зокиржон Мўминжоновга қилаётган ушбу хайрли амалларида муваффақиятлар тилайман.
Қалбингизда меҳр бор экан, тошлардан иборат тоғлар исийди. Қалбингизда соғинчингиз бор экан, музлардан иборат қорлар эрийди, ниятларингиз амалга ошишни бошлайди. Қалбингизда завқингиз бор экан, ҳаётингиз булоқ суви баракасига айланади. Қалбингизда журъатингиз бор экан, қадамингиз шахдам бўлади, қўрқув енгилади. Меҳр, соғинч, завқ ва журъат тилайман барчангизга!
Тахмина ИМОМАДИЕВА.

