
– Ойи, мен сиз топган қизга уйланишга розиман, совчиликка бораверинглар, – Жамшид иложсиз қолгани учунгина онасига шундай деди-ю хонасига кириб кетди. Сабаби, у ўзи севган, насиб қилса, уйланаман, деб юрган қиз тўғрисида кимдир онасига бўлмағур сўзларни айтибди. “Эл оғзига элак тутиб бўлмайди” – деганларидек, ғийбат гаплар маҳаллага тез тарқалди.
Мана, онаси Манзура опа: “Агар ўша қизни, десанг сендай ўғилдан юз ўгираман, уйдан бош олиб кетаман. Мен танлаган қизга уйланасан” – дея қаршилик қиляпти.
– Чиройли қизларнинг харидори кўп бўлади, ойи, анави топган қизингиз жудаям чиройли экан, совчиликка тезроқ борарсиз. Яна бошқага тегиб кетса, келин ахтариб овора бўласиз, – деди Жамшид онасига.
Манзура опа ўзида йўқ хурсанд, ахир турмуш ўртоғи Ботир ака иккиси интиқлиқ билан кутган кунлар яқинлашмоқда. Патир ёпиб, қулчиликка борди. Қизнинг уйидагилар совчиларга рози эканликларини, дарҳол айтишди.
Манзура опа танлаган келин гўзалликда маликалардек бўлиб, тўй куни ҳаммани ўзига қаратди. Унинг ҳусни тўйхонага йиғилганларнинг оғзида анча маҳалгача гап бўлди. Сарполарини айтмайсизми, хуллас, шаҳарлик келинни кўришга қўни-қўшнилар ҳавасманд эдилар.
Келиннинг гўзаллиги-ю сарполари Жамшидга мутлақо қизиқ эмас – у: “Кўнглимда бир ёр, қўйнимда бир ёр” – деганларидек, хотинини эмас, уч йил давомида аҳд-у паймон қилган Наргизани ўйларди. Ўтирса ҳам, турса ҳам фикри-хаёли унда, Нодирага эса, онаси хафа бўлмасин, дея уйланди. Онаси: “Фарзандли бўлсанг, яхши кўриб қоласан ҳали менинг сулув келинимни” – деб қўярди баъзида ўғлига. Афсуски, сулувликда тенги йўқ бу малак аҳил оилани уч ойдаёқ барбод қилди.
Қандай қилиб дейсизми? Унда, эшитинг…
Ёшлар бинойидек яшай бошлашди. Ботир ака билан ўғли Жамшид бир мактабда ишлашади, иккови ҳам эрталаб кетиб, кечда келишади. Нодира уй юмушлари билан банд, қўли ҳам, тили ҳам чаққон келин дастурхонни бир-биридан мазали пишириқларга тўлдириб қўяди. Оилада тинчлик бўлгани учун барака бор, хуллас, ушбу хонадон ҳавас қилса арзирди.
Кунларнинг бирида Нодира пиёз тўғраётиб, бармоғини кесиб олди. Шу вақт эри Жамшид ишдан келиб қолди. Нодира кутилмаганда дод солиб, йиғлай бошлади.
– Сиз эрта кетиб, кеч келасиз, Жамшид ака, бу уйда онангиз мени не кўйларга солаётгани билан ишингиз йўқ, – деди Нодира қонаётган бармоғини юваркан.
– Нима гап, ахир онам сени менга ўзи топиб берган бўлса, яна қандай кўйга солиши мумкин? – Жамшид ҳайрон бўлди.
– Пиёзни мана бундай тўғрайди, онангиз сизга юмуш ўргатганми ўзи, дея атайлаб пичоқни олиб, бармоғини кесиб юборди, энди иш қила олмайман, – дея югурганча хонасига кириб кетди.
Сигир соғиб бўлган Манзура опа нима бўлаётганига тушунмай, тезда ўғлининг ёнига келди. Жамшид онасини шундай ҳақорат қилди-ки, онаизор тўққиз ой кўтариб юриб, не-не азоблар билан туғиб, катта қилган ўғлидан бундайни кутмаганди, ерга ўтириб қолди, роса йиғлади. “Мен сизга нима ёмонлик қилдим-ки, менга туҳмат қиласиз, эҳтиёт бўлиб тўғрамадингизми пиёзни, қизим?” – келинига йиғлаб гапирарди у.
– Мен бу уйда ортиқ чидолмайман, кетаман, – Нодира тўсатдан айтган гап ҳаммани довдиратиб қўйди. Онамга қўнғироқ қилиб айтдим, қўлимни кесганингизни, нима, сизга душман эдимми? “Ойижон” – дея ҳурматингизни жойига қўйганимда шуми кўрганим, эшитган раҳматим? – келин оғзи тинмай вайсай бошлади. У шундай ролга кириб гапирарди-ки, Манзура опа оғзини ланг очганча қараб қолди.
Шундай қилиб, келиннинг ака-укалари келишиб, Жамшидга аччиқ-аччиқ гапиришиб, Нодирани олиб кетишди. Эртаси куни юк машинасида келган йигитлар: “Қудаларингиз айтишди” – дея келиннинг буюмларини ҳам олиб жўнашди.
Манзура опа нима бўлаётганига тушунмай ҳайрон, оила, деганлари шунчалик ўйинчоқмиди-ки, келин қўлини кесиб олса, шунинг учун ёшлар ажрашиб, оилани бузишса. “Вой, тавба, энди нима қиламан, одамларга нима дейман, нега келиним менга туҳмат қилди, ахир унга ҳеч нима қилганим йўқ-ку!” – каби саволлар онани куни бўйи қийнади. Бир томондан эса, туҳматчи келиндан қутулганига шукур қилди.
Орадан бироз вақт ўтиб, Жамшид ишдан кейин дадаси билан Нодирани олиб келгани боришди. Ботир ака борганига қаттиқ ўкинди, аёл қуданинг оғзидан чиқаётган гапларини эшитиб, ер ёрилмади, ерга кирмади. “Қизимга машина совға қилсангиз, уйингизни унинг номига ўтказиб берсангизгина Нодирани яшатаман, бўлмаса, йўқ” – келиннинг онаси Нодиранинг хоҳишини Ботир акага айтди. “Тур, ўғлим, бўлди, Нодирани унут” – дея ота-бола ортга қайтишди. Жамшид машинага минаётганида Нодира югуриб чиқиб, унинг қўлига бир парча қоғоз тутқазди. Унда шундай сўзлар битилган эди:
“Жамшид ака, уч ой давомида менга кўнгил қўйиб улгургансиз, дея ўйламайман. Биламан, сиз онангизнинг истаги билангина менга уйландингиз. Аслида мен оила қилиш учун турмушга чиқмадим. Менга, шунчаки: “Эрга тегиб чиқди” – деган ном керак бўлди, холос. Бир йилдан бери оилали эркакнинг хушториман, менга, фақат пул бўлса бўлди. Сизни алдаб, турмушга чиқдим, уйимга қайтиб кетишим учун онангизга туҳмат қилдим, аслида қўлимни ўзим кесиб олгандим. Буларнинг ҳаммасини онам иккимиз олдиндан режалаштириб қўйгандик. Яхши қолинг!”
Жамшид хатни ўқиди-ю ҳушидан кетаёзди. “Наҳотки-наҳотки, бўлиши мумкин эмас, мен унинг гапларига ишониб, туққан онамни ҳақорат қилдим-а, ифлос! Одам, деган ҳам шунчалик бўладими, ҳаётимни барбод қилди. Демак, менга турмушга чиққанида бокира эмас экан-да, ўзини яхши кўрсатиб тегиб олиб, яна амалга оширган режасини қаранг, дада!” – дея Ботир акага йиғлаб гапирди у.
Йигит йиғламасин экан дунёда, ота ўғилнинг кўз ёшларини кўриб, эзилиб кетди. “Сен бахтли бўлишга лойиқсан, ўғлим, қаддингни букма” – дея дадаси Жамшидга тасалли берди.
Манзура опа бор ҳақиқатдан бохабар бўлди. Шундай қизни ўстирган ота-онасига лаънатлар келтирди, алдагани учун Нодирани ерга уриб қарғади. Наргизани келин қилмагани учун қаттиқ ўкинди, пушаймон қилди.
* * *
– Ҳозир ўғлимнинг юзига қарагани юрагим бетламайди, – деди онахон суҳбат давомида, – Унинг бахтига чанг солганим учун виждоним қийналади, Жамшид ҳам ўйланавериб, адойи тамом бўляпти. Ўғлим уйланиб кетганидан сўнг, севган қизининг йигитларга бўлган ишончи йўқолиб, турмушга чиқмаяпти.
Яқинда Наргизанинг холасини учратиб қолдим: “Манзура опа, икки севишганга роса озор бердингиз-да, муҳаббатсиз қалб – ҳувиллаган ҳовлидек, деганлари рост экан-да, жияним ўйланавериб, адойи тамом бўлди, ўғлингизни қаттиқ севган экан” – дея ярамга туз сепди.
Эй, Худо, мен нималар қилиб қўйдим, бизни алдаган келиннинг чиройига учиб, ўғлимни бахтсиз қилдим. Наргиза турмушга чиққани йўқ, ўғлимга айтмасдан, уларнинг уйига совчиликка борсаммикан? “Шаҳарлик келин бизни боплаб алдади, илтимос, ўғлимга турмушга чиқинг” – дейманми, энди Наргизага? Қандай йўл тутсам, хатоимни тузатарканман-а? Ўзим ҳам қийналиб кетдим. Менга қандай маслаҳат берасизлар?
* * *
Ушбу воқеани келин олиш арафасида турган оналарнинг кўнгилларида ҳозирги қизларга нисбатан гумон уйғотиш мақсадида эмас, балки қиз ҳақида обдон сўраб-суриштиришсин, икки ўт орасида қолишмасин, дея ҳикоя қилдим. Нима бўлганда ҳам, етти ўлчаб бир кесган маъқул.
Севишганларнинг айро йўллардан кетишларига йўл қўймайлик, азиз ота-оналар!
Оққа кўчирган: ЧАМАН.

