
Қозоғистон Халқи ассамблеяси ҳамда ҚР Президенти ҳузуридаги “Қоғамдық келісім” республика давлат муассасаси шафелигида Астана шаҳрида илк бор “Мен орзу этган ихтисослик” мавзусида ўтган танловда Жанубий Қозоғистон вилояти шарафини Кўксаёқ қишлоғидаги Тўлебий туман касалхонасининг травматолог-шифокори Фарҳод Мамиршиқов зўр муваффақият билан ҳимоя қилди.
Танловнинг мақсади ёшларни меҳнатга ҳурмат руҳида тарбиялаш, меҳнат орқали донг таратган машҳур сулолаларни таништириш ва тарғиб қилиш эди.
Дарҳақиқат, Мамиршиқовлар авлодини, нафақат Кўксаёқ қишлоғида, балки туман миқёсидаям яхши танишади. Анормат ака туман касалхонасида узоқ йиллар мобайнида жарроҳлик қилиб, юртдошларининг олқишини олган обрў-эътиборли шифокорлардан биридир. Касб-кори ҳамшира турмуш ўртоғи Замира опа билан уч қиз ва бир ўғилни вояга етказишди. Ҳозирда ўзлари фахрий ҳордиқдалар.
Шукур-ки, фарзандларнинг барчаси тиббиёт соҳасида хизмат кўрсатиб келишмоқда. Жумладан, қизлари Ҳилола – ҳамшира, Наргиза – анестезист, келини Диёра – ҳамшира, шунингдек, набиралардан Бобур, Достон, Малика – тиббиёт коллежи талабалари, Динора – фармацевтликни танлаган.
– Сулоламизнинг умумий иш стажи 130 йилга тенг, – дейди Фарҳод Мамиршиқ ўғли суҳбат чоғида. – Вилоят босқичида биринчи ўринга сазовор бўлгандим. Танловнинг якуний қисмида иккинчи ўринга ноил бўлдим…
Танлов ғолибларини тақдирлаш маросими Тинчлик ва тотувлик саройида ўтди. Фарҳодни мазкур ютуғи билан қутлаб, келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилаймиз!
З.АҲМАДЖОНОВ.

