Эр бошига иш тушса…

ЭР БОШИГА ИШ ТУШСА...

Саодат ШАРИФБОЕВА.

Ҳикоямнинг бош қаҳрамони оиланинг катта фарзанди бўлиб, ёшлигидан мўмин-қобил бола бўлиб ўсди. У туғилган вақтида буваси колхозда раис, отаси  агроном бўлиб фаолият юритишарди. Онаси Жамила  шаҳарликка ўхшамас, қишлоқнинг баланд-пастига  тез кўниккан, эрталабдан кечгача уй ишлари билан машғул эди. Айниқса, келинчак оғир дардга чалинган қайнонасининг оғриқдан бужмайган юзларини, инграган товушларини эшитганда бутун вужуди зирқираб, нима қилишини билмай қоларди. Ҳуриниса буви саратон касаллигига чалинган эди. Оғриқ бироз камайганида набираси Олимжонни бешиги билан олдига келтиришларини  илтимос қилар, унга аллалар айтиб, кўнглидаги изтиробларни бироз бўлсада енгиллатарди. Дардманд бувисининг синиқ овоздаги ҳиргойиси гўдакка хуш ёқармиди, ҳар ҳолда индамай ухлаб қоларди. Бошини сал кўтариб, набирасига термулган аянинг кўнгли ёришиб, жилмайиб қўярди.
Йиллар ўтди.  Ҳуриниса бувини жарроҳи қилдилар, лекин фойдаси бўлмади. Олимжон уч ёшга тўлганда бувисидан айрилиб қолди. Амакилари, аммалари майитнинг   бошига тиз чўкиб, фарёд  кўтардилар. Бола эса жимитдек қўллари билан бувисининг юзини силаб-сийпалаб ўтирарди. Гўё бувиси ширин уйқуда, ҳозир уйғонадию кўзларини очиб, “тойчоғим, қулуним, қўзичоғим” деб эркалаб, бағрига босади. Лекин ундай бўлмади, уй ичи  одамга тўлди. У секин эгилиб, бувисининг пешонасини ўпдию, вужуди музлаб кетди. Кўзида ёш айланди, юрагида алланима чирс этиб узилгандай бўлди. Гўдак вужуди ёмон нарсани ҳис этди. У ўзини ушлай олмай, йиғлаб юборди. Онаизоридан айрилиб, диллари вайрон бўлган аммалари ва яқинлари Олимжонни энди кўришгандай, ялт этиб унга қарашди. Отаси ўзини босолмай ўғлини маҳкам қучоқлаб, ҳўнграб юборди.
– Вой, болам, бувингдан айрилиб, қанотларимиз қайрилиб қолдику…
Олимжон йиғидан ўзини  тўхтата олмас, ҳадеб битта сўзни такрорларди: “Бувижоним ҳозий кўзини очади ва мени бағйига босиб экалайди”.
Отаси Олимжонни бувиси қошидан олар экан: ”Болам, энди йиғлама, бувижонинг сенга булутлар орасидан қараб, сенинг ҳар бир ишингни, яхши-ёмон ҳаракатларингни кузатиб туради”, деди.
Йиллар ўтди, Олимжон мактаб ёшига етди. Лекин тушида тез-тез бувисини кўриб туради. У нуқул бағрига босиб, пешонасидан ўпади. Ўзи ҳам уни соғинса, булутларга қарайди, шунда  нуроний чеҳра  кўринадию, кўзларида ёш қалқийди.
Олимжоннинг бирин-кетин укаси ва иккита синглиси туғилди. Катта синглисига бувисининг исмини қўйдилар. Ака укаларига меҳрибон, айниқса, Ҳуринисага  алоҳида меҳр қўйган, уни еру кўкка ишонмас, дўконга борса, албатта, биронта ширинлик ёки ўйинчоқ келтирарди.
Олимжон қишлоқдаги мактабни тамомлагач, ҳарбий хизматга чақиришди. Йигитлик бурчини  Жиззах шаҳрида ўтаб юрганида  отаси Акбар аканинг қон босими кўтарилиб, инфарктга чалинганлиги сабабли уни чақириб олишди. У уйга келиши биланоқ отасини суриштирди. Онасининг сўзларидан маълум бўлдики, у  шаҳар касалхонасида  экан. Олимжон ойиси дамлаган чойдан бир пиёла ичар-ичмас йўлга тушди.
Акбар ака иккинчи қаватдаги кардиология  бўлимининг 212-палатасида экан. Оқ сариқдан келган отасининг рангги синиққан, мовий кўзлари нурсизланиб, шифтга қараб ётарди. Олимжон у ёқда юрганида бекорга бувиси тушига кирмаганлигини англади. Чунки момоси бесаранжом бўлиб, уйдагилардан хабар олиб тур, деб қайта-қайта тайинлаган эди.
– Ассалому алайкум, дада,– деди Олимжон дудуқланиб…
– Келдингми, болам, тузукмисан, –деди оғриқдан инграниб Акбар ака.
– Яхшиман, сизга нима бўлди?
– Мен дурустман, энди сен уйга қайт, аҳволимни кўриб турибсан, буванг ҳам кундан-кунга ночорлашиб боряпти…Ўғлим, қишлоққа қайт, ҳарбийликни танлаган бўлсанг, бир гап бўлар, шу ерда ҳам иш  топилади.
– Хўп, дадажон, айтганингиздай қиламан,– деди ўғил дадилланиб…
У уйга қайтиб келган заҳоти  бувасини бориб кўрди. Деҳқонбой ота Улуғ Ватан урушида   қатнашган, кўп йиллар мобайнида колхозга  раислик  қилган яғриндор, соқоллари ўзига ярашиб турадиган бақувват киши эди. Аммо бир неча йиллар муқаддам  “қорасон”га  чалингач,  ўзини анча олдириб қўйди. Ота набирасини кўрдию ўрнидан ярим қўзғолиб: “Кел, чироғим, бардаммисан, тани-жонинг соғми, ишларинг яхшими, мусофирчиликда қийналмаяпсанми?” – деб пешонасидан ўпиб қўйди.
– Раҳмат, ўзингиз тузукмисиз,– деди Олимжон бинт билан  ўралган ўнг оёғига қараб…
– Ҳа, болам, бир кун ундоқ, бир кун бундоқ, бир кун соғман, бир кун касал дегандек, кун ботиб, тонг отиб турибди,– деди оппоқ соқолларини силаб ота. – Бувинг раҳматли тушимга кирибди, олиб кетадиганга ўхшайди. Ўзим яратган боғ борку, колхознинг боғи, ўша ерда икковимиз олма тераётган эмишмиз, олмаларни, набираларимиз есин, деб саватларга жойлабмиз. Сўнг  от-аравага ўтириб, йўлга тушибмиз. Майли, болам, мунғайма, бувинг сени жуда яхши кўрарди, тилдан қолганида ҳам олдидан бир зум жилдирмади. Неча кунлигим қолди, билмайману, лекин менга бир ўй келяпти: Акбарнинг ҳам бурунгидай куч-қуввати йўқ, ишқилиб орқамда қолсин. Отанг болалигидан нимжон бўлиб ўсди. Тўрт қиздан кейин кўрган ўғлимиз, деб еру кўкка ишонмасдик-да. Ўзи ҳам сал нарсага ловуллаб кетади. Хўш, сени чақиртирганимизнинг сабаби, бир бошингни икки қилиб қўйсак. Дадангга қўлқанот бўлиб, оғирини енгил қилсанг.
Олимжон бир нуқтага тикилганча индамай ўтираверди.
– Майли, болам, ёш эмассан, ақл-ҳушинг жойида, мен билган ақлимни  айтдим, қани, омин:  “Илойим, тўрт мучанг соғ бўлсин, ёмон кўздан, ёлғон туҳматдан Парвардигорнинг ўзи асрасин, юрганда йўлинг, ўтирганда ўрнинг бўлсин, болам!”
Деҳқонбой ота  Олимжонни қайта-қайта бағрига босиб, пешонасидан ўпиб, хайрлашди. У онасининг: ”Бир кун ётиб, саҳарда кетарсан”, дейишига қарамай шу куниёқ йўлга тушди.
Олимжон эрталаб қисмга кириб келганида назорат пунктида турган хизматдоши савол билан қарши олди:
– Тинчликми, дўстим? Сизни икки-уч кунга жавоб сўраб кетди, дейишувди…
– Ҳа, шундай, лекин ҳужжатларимни олиб, уйга қайтишим керак.
Олимжон қисмдан ҳужжатларини олдию, ҳисобдан ўчирилиш учун паспорт столига борди.
– Улуғбек ака, мен тезда қишлоққа қайтишим керак, бувам, дадам хасталар,– деди.
– Сен ҳовлиқма, рўйхатдан ўчирилиш қочмас, замонни кўриб турибсан, қалқиб турибди. Жуда шошилиб турган бўлсанг, паспортингни  менга ташлаб кет, ўзим чиқариб қўяман.
Олимжон мушкули енгиллашганига хурсанд бўлиб, ошнасига раҳмат айтди-да, вақтни бой бермай  таксига ўтирди.
Қишлоққа қайтгач, совхозда ишлай бошлади. Акбар ака ҳам касалхонадан чиқди. Фақат бувасининг аҳволи оғирлашиб, жарроҳлар ўнг оёғини  кесиб ташладилар. Лекин Деҳқонбой отанинг аҳволи кундан-кунга оғирлашиб борарди. Неварасининг тўйини кўриб қолсин, деган ниятда зудлик билан Олим-жонга шаҳарлик, кўп қаватли уйда яшовчи Гулнора исмли қизни унаштириб қўйдилар.
Совхозда иш кўп, айниқса, ўрим-йиғим пайти эмасми, қўл-қўлга тегмайди. Шундай бўлсада Олимжон дўсти Акмал билан учрашувга отланди.
Хушбичимгина,  кийимлари ўзига шундоқ ярашган, қоп-қора сочлари кўйлаги этаги билан бир бўлиб  турган  қизнинг эгилиб, кўзини ердан олмай туриши йигитнинг кўнглини ширин орзиқтирди. Танишдилар, суҳбатлашдилар, сўнг умрбод бирга бўлишга аҳдлашдилар. Дўсти Акмалнинг  уйга келгунча оғзи тинмади,  Олимжонга Гулноранинг ҳусни-жамолини, ҳаё-ибосини, гап-сўзларини қайта-қайта айтиб, роса мақтади.
Ноябрь ойининг ўрталарида Акбар аканинг хонадонида тўй бўлди. Деҳқонбой ота набира келинига Ҳуриниса аянинг қизил кўзли узугини тақди, узундан-узоқ дуо қилиб, ёшларга оқ фотиҳасини берди.
Олимжон дадаси билан эрталабдан дала ишлари билан машғул бўлар, қош қорайганда бурнидан тортса, йиқилгудек бўлиб уйга қайтарди.
Ёш келиннинг нега одамга тик қарамаслиги тўйдан кейин маълум бўлди. Ўнг кўзининг қорачиғи каттайиб, ҳар замонда ғилайлашиб қоларди. Буни илк бор пайқаган катта қайинсинглиси бир куни онасига секин шипшиди.
– Жим бўл, ҳеч ким эшитмасин, мен ҳам пайқадим, акангнинг дилини оғритма, севиб қўшилган ёри, қўша қарисин, пешонага ёзганидан ортиғи бўлмайди, – деди онаси хомуш тортиб.

(Давоми бор).

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ