
Саодат ШАРИФБОЕВА.
(Давоми. Боши ўтган сонларда).
Кузнинг изғиринли кунларидан бирида эрталабки соат олтиларда уйғондию, қизини қалин кўрпага ўраб, тунда ёзган хатини стол устига қўйиб, секин уйдан чиқди. Кўча қоп-қоронғи, фақатгина бир-иккита одамнинг қораси кўриниб қоларди. У дуч келган машинага қўлини кўтара бошлади. Оқ “Жигули” келиб тўхтади. Мўйлови қоп-қора, сочлари жингалак қирқ ёшлардаги ҳайдовчига манзилни айтгач, у бошини силкиб, ўтиринг, деди.
У болалиги ўтган кўп қаватли уй олдида машинани тўхтатди. Гулнора эшик қўнғироғини босганда ҳали тонг отмаган, уйдагилар ухлаб ётарди.
Қизининг бемаврид кириб келиши онасини унча ҳайрон қолдирмади. Чунки бу парвойи фалак хотиннинг фарзандларига уқуви ҳам, меҳри ҳам йўқ эди. Бу жувоннинг ҳеч ким билмайдиган ўз олами бор эди. Хаста эрига қарашни ҳам билмас, фақат касали кучайганда “тез ёрдам” чақириб берардию, лекин касалхонага ётқизил-ганда бориб кўрмас ҳам эди. Ўғилларидан қайнатма шўрвани бериб юборар, бир оғиз,” оталаринг дурустми”, деб сўраб ҳам қўймасди. Унинг кун бўйи қиладиган иши қўни-қўшниларнинг, қариндош-уруғларнинг кўрпа-кўрпачасини қавишу шундан тушган пулни йиғишдан иборат эди.
Гулнора оиласининг аҳволини билса ҳам, бу ерда унга биронта жонкуяр бўлмаса ҳам келишга мажбур эди. Чунки қайнота ва қайнонасининг, эрининг кўзига қаролмасди. Бедаво дард уни кундан кунга ўз домига тортиб борарди. Кичик хонадаги диванга қизини ётқиздию, ёнига ўзи ҳам ўтирди. Бўлган воқеаларни, қаерда хатога йўл қўйганини ўйлай бошлади.
Шу куни бомдод намозига турган Акбар ака дарвозанинг бир қаноти очилиб қолганини кўрдию, хотинини чақирди:
– Жамила, ҳой, Жамила, кўчага ким чиқди?
Югуриб бориб сарой эшигини очиб, молларига қаради, ҳаммаси жойида…
Отасининг товушидан уйғонган Олимжон ва Рамазон майкчан чиқишиб: “Тинчликми?” – деб сўрашди.
– Кўча эшик очиқ турибди, тунда ўзим қулф солгандим-ку!
Болалар бир-бирига қарашиб, ётоқхоналарига кириб кетишди. Бироздан сўнг Олимжон столдаги хатни кўтариб чиқди. Унда шундай жумлалар бор эди: “Дада, ойи, мен кетяпман. Айб ўзимда, бекорга сизларни ташвишга солиб қўйдим. Бу дард мени енгадиганга ўхшайди. Олимжон ака, сиз ҳам мени кечиринг, бундан буёғига ўзимни ҳам, сизни ҳам алдаб, яшай олмайман. Биламан, сиз ҳам қизингизни қаттиқ яхши кўрасиз, аммо бошқа иложим йўқ, мени афв этинглар, деб Гулнора”.
Олимжон анграйиб, ота-онасига қаради.
– Вой, шўрим, нега кетади, чақалоғи билан қаерга боради, аҳволи нима кечади? – дерди она зор қақшаб.
– Сен бирон нарса деганмидинг? – сўроққа тутди Акбар ака ўғлини.
– Мен нима дейман, – деди дудуқланиб Олимжон.
– Бекордан-бекорга кетмайдику, шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, – деди Акбар ака жаҳлланиб.– Агар сен ранжитиб,келинни ҳайдаган бўлсанг, ўзинг олиб келасан, агар ўзи аҳмоқлик қилиб, кетиб қолган бўлса, ўзидан кўрсин!
Гулнора уч ой уйида ўтирди. Бу орада Жамила опа эрига билдирмай набирасини бир неча бор кўриб келди. Охири чидай олмади. Кечки овқатга ўтирганларида дардини тўкиб солди.
– Бундан буёғига чидай олмайман, набирамни олиб келиб берасизлар, сен ҳам ғиди-бидингни йиғиштир, болани етим қилиб қўймайман. Мен қандай буви бўлдимки, набирамни шу аҳволга солиб қўйсам. Келиним ҳам адойи-тамом бўлибди, фақат бурни қолибди сўррайиб…
Акбар ака ўғлига савол назари билан қаради:
– Сен нима дейсан, яшайдиган сенсан ахир, айт, ичингдаги дардингни…
– Мен унга кет деганим йўқ, – деди тўрсайиб Олимжон.
– Ўзи кетган бўлса ҳам олиб келасизлар, набирагинамни кўчага ташлай олмайман, ҳар борганда юракларим эзилиб кетади…
Эртаси куни пешинда Акбар ака Гулнорани олиб келди. Фозилани ўртага олиб, анчагача у билан овунишди. Сўнг Жамила опа печкага ўт ёқиб, чақалоқни чўмилтирди, янги кийимларини кийдириб, бешикка белаб қўйди. Гўдак ҳам иссиқ гўшасининг тафтини ҳис этдими, тезда ухлаб қолди. Уч ойдан бери набирасига зор бўлган Жамила опа бешикка бағрини бериб, анчагача алла айтиб ўтирди.
Гулноранинг танасидаги яралар, дори-дармондан сўнг тузала бошлади. У ўзини бирмунча тетик сезар, уй ишларини ҳам чаққон бажарарди.
Орадан икки йил ўтди. Билим юртини тамомлаб келган қайинсинглисини ҳам узатиб юбордилар. Бу орада у иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлди. Оилада ўғил фарзанд дунёга келди. Акбар аканинг боши осмонда. Набирага Жавоҳир деб исм қўйдилар. Лекин келиннинг аҳволи оғирлаша бошлади. Кундан-кунга нафас олиши қийинлашиб, бурни битиб қолаверди. Қайнота ва қайнона келинини шифокорларга кўрсатишдан бўшамай қўйди. Уни касалхонага ётқиздилар. Аммо ёзмишдан ортиғи бўлмайди, деганларидек, у яна бир дардга чалинган эди. Олимжон ҳар куни хотинини кўришга борар, унинг кундан-кунга сўлиб бораётганини кўриб, ич-ичидан зил кетар, чорасизлигидан эзиларди.
Гулнора апрель ойларида касалхонадан чиқди. Дўхтирлар унга болалари олдида бўлишга рухсат бердилар, бироқ бошқа туғиш мумкин эмаслигини қайта-қайта таъкидлашди.
Келин уйга келгач, болаларини кўрибми ёки яқинларининг илиқ гаплариданми, ҳар ҳолда баҳри-дили очилди. Ўзини кундан-кунга яхши сеза бошлади. Уй ишларини Жамила опанинг ўзи бажариб қўяр, фақат энди йўлга кирган Жавоҳир бир жойда ўтиролмас, кун бўйи бувисини чарчатиб, ҳолдан тойдирарди. У шундай тўполончи бўлган эдики, бувиси бирор ишга уннаб кетса, дарров бирорта ишкал чиқариб турарди. Бир куни қайнона-келин ошхонада куймаланишиб, қайнатма пиширишди. Овқатнинг ҳиди димоқларни қитиқлаб, қачон шўрвани ичамиз, деб туришганида пойгакда турган калишни қозонга улоқтириб юборса бўладими, набира тушмагур. Тушликка тўпланган оила аъзолари қайнатмадан мосуво бўлиб, чой билан кифояландилар. Болали уй бозор, деганлари шу бўлса керакда. Тиниб-тинчимас Жавоҳир онасига ҳам, бувисига ҳам иш топиб берарди. Боласининг шўхликларини, ширин қилиқларини кўриб, келиннинг кўнгли яйрар, касали ҳам эсдан чиқарди.
Гулнора вақтида шифокорларнинг маслаҳатини олиб, даволаниб турди. Бу орада у учинчи фарзандига ҳомиладор бўлди. Дўхтирларнинг туғиш мумкин эмас, дейишларига қарамай болани олдирмади. Дунёга яна битта қизалоқ келди. Унга Нозима деб исм қўйдилар. Лекин келиннинг соғлиги яна ёмонлаша бошлади. У умуман нафас ололмай қолди, овқат ейиши ҳам қийинлашди, томоғидан фақат сув ўтарди, холос. У тўшакка михланиб қолди. Олимжон хотинини яна дўхтирларга қаратди, топганини дори-дармонга сарфлади.
Бу орада қон босими кўтарилиб, Акбар ака ҳам дунёдан кўз юмди. Фалакнинг ишидан ноилож Жамила опа дод солганча набираларини бағрига босиб қолаверди. Гулнора қизини сунъий йўл билан овқатлантирар, кечалари туриб, сутини беришга мадори етмас, бу иш ҳам Жамила опанинг зиммасида эди.
Қайнотасининг маъракасида Гулнора чириллаб йиғлаётган чақалоғига овқат бермоқчи бўлди. У пиёлада турган сувни бутилкага қуйдида “NAN” ёрмасидан уч қошиқ солиб, сўрғичи билан қизига тутди. Чақалоқ чириллаб, уни оғзига олмади, онаси бўлса ичишга мажбурларди. Шунда келинойиси Ойжамол:
– Қани, менга берингчи, қизингиз бунча йиғлайди,– дедию сутни қўлига томизиб кўрди. – Вой, болангизни ўлдириб қўяй дебсиз, сутдан сирка ҳиди анқиб турибди-ку, сувни қаердан олдингиз? – деди у.
(Давоми бор).

