
“Назарбаев Университети” инновациявий тадқиқот хизматини юритишга йўналтирилган ҳозирги замонга мос кучли илмий инфратузилмага эга бўлган университетдир. Ўқув масканининг асосий мақсади – рақобатбардош инсон капитали билан Евро-Осиёнинг илмий ҳамда маданий маркази сифатида Астананинг жадал тараққиётига таъсир кўрсатиш, дея белгиланган.
2009 йили ҚР Президенти Н. Назарбаев мамлакатимизда халқаро даражадаги университет ташкил этиш тўғрисида ташаббус кўтарганди. Мазкур олий даргоҳ 2010 йилда илк талабаларини қабул қилди. Қувончлиси шу-ки, ушбу масканда ҳамюртларимиз ҳам таҳсил олишмоқда. Шулардан бири – Сайрам туманидаги Манкент қишлоғининг фарзанди Аҳрорбек Турдалиевдир.
Бугунги кунда ёшларни нималар қизиқтиради, уларнинг ҳаётий ақидалари қандай, кўз қарашлари нимаси билан фарқланади? Ёшлар қандай мақсадларга интилиб яшашади-ю кимларга тақлид қилишади?
Қишки таътилда она юртига келган Аҳрорбек Эрали ўғли билан ўтказилган суҳбат мавзуи шулар ҳақида бўлди.
– Аҳрорбек, университетга киришга қандай тайёрланиш керак?
– Яқинда Жанубий Қозоғистон вилоятидаги ўқув марказлари ташаббуси билан “Назарбаев университети”га бир қадам” мавзусида танлов ўтказилди. Танлов мактабда таълим олаётган ёшларнинг инглиз тили ва бошқа фанлардан қандай билимга эгалигини кўрсатди.
Унда Оқсувкент, Манкент, Қорабулоқ қишлоқларидан 100 нафарга яқин ўқувчи қатнашди. Бундай танлов ўтказиш ҳақида бирмунча муддат аввал таълим ва маданиятимизнинг жонкуяри Бадриддин Нишонқуловга таклиф киритган эдим. У киши таклифни қўллаб-қувватлагач, учта ўқув маркази раҳбарлари билан ақллашдик ва “Болашақ”, “Эрудит”, “Global” ўқув марказлари билан ҳамкорликда илк бор танлов ўтказдик.
– “Назарбаев университети”га кириш орзуси сенда қачон пайдо бўлган?
– Ёшлигимда Тошкентдаги тиббиёт институтига ўқишга кираман, дея орзу қилгандим. 10-синфда ўқиб юрганимда “Назарбаев университети”га кириш истаги пайдо бўлди. Бу даргоҳга кириш бир армон эса-да, лекин аниқ мақсадим ва режаларим йўқ эди. “Лидер” ўқув марказида инглиз тилини ўрганишни бошладим. Махсус имтиҳонларда юқори балл тўплаб, ниҳоят, ниятимга етдим.
“Назарбаев университети”га кириш учун алоҳида учта имтиҳондан ўтиш керак. Интернетда мазкур университетга кириш талаблари эълон қилинган. Мактабдаги ўртача баҳолар 4,5 баллдан кам бўлмаслиги зарур. 2014 йилда С. Раҳимов номли мактабни тугатдим. Олий ўқув юртига ўзим билан ўқиган Ёрқин Озотов билан бирга кирдик. Инглиз тилини жиддий ўрганишни 10-синфда бошлаганман.
– Қандай синовлардан ўтдинг?
– Дастлаб академик инглиз тилидан имтиҳон топширдим. Кафолатли ўтиш учун керакли балл тўплаб, сертификат олдим. Кимда сертификат бўлса, 1-турдан озод қилинади. Кейин иккинчи босқичга тайёрлана бошладим. Тиббиёт соҳаси бўлгани учун химия ва биологиядан қаттиқ тайёрландим. Натижалар июнь ойи охирида чиқди ва мен толиб бўлдим. Бир йил тайёрлов курсида ўқидим.
– Танлаган ихтисослигинг қандай?
– Мен кардиохирург мутахассислигини танлаганман. Бизда асосий фан – биология. Биология ўзига яраша мураккаб фан. Европа тизимидаги бакалавриат даражасини ўрганиш қийин бўлди. Бир йиллик тайёрлов курсида ўзимизнинг соҳамизни чуқур ўргатишди. Мактаб дастурида фанга тегишли ҳамма нарса ўргатилади, бакалавриатда эса, фақат керакли нарсалар ўргатилади. Инглиз тилидан етарли асос бўлса, фанларни тез ўрганиб кетасиз. Жиддий қизиқиш ва улкан хоҳиш бўлиши даркор.
– Танлов ҳақидаги фикринг қандай?
– Танловда ғолиб бўлганларнинг ҳаммасиям юқори натижа кўрсатди, деб айтолмайман. Синовлар, фақат математика ва инглиз тилидан ўтди. Чунки “Назарбаев Университети”нинг қайси соҳаси бўлмасин, математика мажбурий фан ҳисобланади. Тест формати ўзгаргани учун бошқа фанларни қўшмадик.
Математикага қараганда инглиз тилидан олинган тестларнинг балли пастроқ бўлди. Университетга кириш учун камида жами саволларнинг 50 фоизи миқдорида балл йиғиш керак. Биз 40 фоиз тўплаганларни ҳам ўтказдик. Жуда кучли ўқувчиларни, яхши ҳаракат қилаётганларни кўрдим.
Биринчи ва иккинчи ўринларни олишган Моҳира ва Отабекларда имконият бор. Янада пухта тайёрланишлари учун уларда яна бир йил вақт бор.
Университетда соҳалар кўп. Жумладан, ҳозир университетда Сайрам туманидан жами 7 нафар миллатдошимиз ўқишяпти. Шоҳиста Исмоилжонова, Холида Холдорова, Ёрқин Озотов, Шаҳноза Ҳалимжоновалар бакалавриатда ўқишади. Дилноза Абдураҳимова ва Дилноза Мамедова магистратурага киришди.
– Бўш вақтни қандай ўтказасан?
– Бизда бўш вақт жуда кам. Интеллектуал мактаблар, лицейларни битирган ўқувчиларга нисбатан бизга кўпроқ вақт керак. Якшанба кунлари озгина бўш вақт бўлади. Дам олиш вақтида спорт билан, асосан футбол, теннис билан шуғулланаман, сузишни ёқтираман. Китоб ўқишни хуш кўраман. Юрак хасталиги билан боғлиқ янгиликлар билан танишиб бораман.
Юқори курсга ўтганимизда яна бир неча жиддий тестлар топширамиз. Шунга тайёргарлик кўриб боряпман. Бадиий китоб ўқишга вақтим бўлмайди. Асосан рус ва инглиз тилларида ўқийман. Мисол тариқасида айтсам, “Замонавий этикет” китобини, Жон Грэйнинг “Эркаклар Марсдан…”, инглиз тилида “Крёстный отец” асарларини ўқидим.
– Жон Грэйнинг китоби нимаси билан қизиқтирди?
– Кўп одам бирон нарсага беэътибор бўлади. Жон Грэй ҳам шу нарсага аҳамият бера бошлаб, сўнгра мислсиз муваффақиятга эришади.
Университетимизнинг талабалари бўш вақтларида бирон нима билан шуғулланишади. Ўзим санъатга яқин эмасман. Менда қобилият йўқ.
Ҳаётдаги шиорим: “Ҳеч қачон одам ўзини биров билан тенглаштирмаслиги керак”. Русчасига айтсак: “Не важно лучше ли ты другого, важно, что ты сам лучше, чем вчера!” (“Бошқа бировдан яхшилигинг эмас, кечагидан ўзингнинг яхшилигинг муҳим!”). Бўлмаса, инсон ҳасадгўй бўлиб қолади. Ҳар одам илм ёки бошқа нарсаларни ўрганиш билан ўзига фойда олиб келиши керак. Ҳеч нима қилмаса, у орқага қараб кетади.
– Аҳрорбек учун ҳаётда намуна бўлган инсон ким?
– Албатта, энг биринчи инсон – дадам. Шу ютуқларимнинг сабабчилари – отам ва онам. Дадам – Эрали Ниёзалиев, тадбиркор. Ойим – Райҳон опа, уй бекаси, оилада тўрт фарзандмиз. Опам – Марям, Асфандиёров номидаги Алмати тиббиёт университетида ўқийди. Яна бир опам – Диёра, М. Авезов номидаги ЖҚДУда ўқиган. Ихтисослиги бўйича психолог. Укам – Абдуллоҳ, боғчага боради.
Дадамнинг энг яхши фазилатлари – камтарлиги, оқ кўнгиллиги, қўли очиқлиги.
– Талаблик – олтин давр, дейишади…
– Ҳа, талабалик – олтин давр! Буни ҳар ким ҳар хил тушунади. Шахсан мен карьерамни тўғри йўлга қўйишим учун ҳозир яхши билим олишим керак. “Қизил диплом” билан ҳам ишламаётганлар бор. Бизнинг университетимизда ҳар хил волонтёрлик ишлари мавжуд. Спорт турнирлари, бошқа тадбирлар кўп бўлади. Ҳафтасига 3-4 конференция уюштирилади, бизнес бўйича маҳорат сабоқларини эса, йирик миллионерлар, миллиардерлар ўтишади.
– Ўқишда аълочилар қаторида стипендия олсанг керак?
– Стипендияни ҳамма талабалар қатори оламан. Бизнинг химия-биология факультетида ўқиш қийин. Шунинг учун ҳозирча аълочиман, деб айтолмайман. Бешга озгина етмай қолди…
– Ўзинг энг яхши кўрган ўзбек шоири ёки ёзувчиси ким?
– Тоҳир Маликни ўқиганман. “Шайтанат” жуда катта таассурот қолдирган.
– Суҳбат учун раҳмат! Келгусидаги ўқиш ва ишларингда муваффақият, омад тилаб қоламиз!
З. АҲМАДЖОНОВ суҳбатлашди.

