“Ҳалол” – доим хизматга шай

all
Тўйимли ва покиза таомлар тайёрлаш ҳамда дид билан дастурхон тузаш – милий удумларимиз орасида ўзига хос аҳамиятга эга. Зеро, пазандалик инсонларга меҳнат ва яшаш қобилиятини таъминлаш учун керак. Шукрки, юртимизда овқатланиш шохобчалари тобора кенг қулоч ёйиб, аҳолига баҳоли қудрат хизмат кўрсатмоқда. Бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам мижозларга манзур бўлмоқдами?

Шу жиҳатдан олиб қараганда, Сайрам тумани маркази – Оқсувкентдаги “Ҳалол” кафесини хўрандаларга реклама қилишнинг,  ортиқча таърифлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Мана, қарийб олти йилдирки, мазкур кафе ширин ва тотли миллий таомлари билан келувчиларнинг кўнглини олмоқда. Айтиш жоизки, унинг айнан шу йўналишда ташкил топиши таниқли тадбиркор, Сайрам туман маслаҳати депутати Акмал Исоқовнинг номи билан боғлиқ. Маълумки, одатда овқатланиш шохобчаси ташкил қилинса, бўлди, мижозлар ўз-ўзидан келишаверади, деган нотўғри тушунча шаклланган. Бу, бир жиҳатдан, тушунарли ҳол. Айни пайтда савдо ва овқатланиш тизимини –  тадбиркорликнинг қийин йўналишлари сирасига киритиш мумкин. Биринчидан, ҳозир ошхона, чойхона ва кафелар сони йилдан-йилга ортиб боряпти. Иккин-чидан, кескин рақобат шароитида ошхона нуфузини ушлаб туриш осон эмас! Мазкур маскан эса Оқсувкентда “Ҳалол” номи билан фаолият кўрсата бошлаган дастлабки кафелардан бири саналади. Эътиборли жиҳати, йиллар ўтиб, ҳамон шу йўналишда хизмат кўрсатиб
келмоқда.
– Келувчиларнинг аксарияти оилавий байрамларини бизда ўтказишади, – дейди кафе маъмури Нозимбек Тўламетов. – Ошпазларимиз – ўз касбининг моҳир усталари. Айрим пазандаларнинг таомларини йироқ-йироқдан излаб келадиганлар ҳам бор…
Шу ўринда айтиш жоизки, ҳар қандай ошпазни пазанда деб айта олмаймиз. Агар ошпаз масаллиқларни саралаб, ювиб, артиб, тўғраб, пишириб, дастурхонга тортишгача бўлган жараёнда ўз маҳорати, истеъдоди ва дидини ишга солсагина, пазанда даражасига кўтарилар экан. Кафе бош ошпази Баҳодир ака Абдуғаниевнинг бу хусусдаги фикрларига эътибор берайлик:
– Таомнинг сифатига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Овқат, айниқса, витаминларга бой бўлиши керак. Бунда кўкатлар, сабзавотлардан унумли фойдаланиш яхши натижалар беради. Ошпазлик ҳам нозик ҳунар. Тозаликни, покликни ёқтиради. Инсоннинг ҳам таъби нозик. Озгина ножўя ҳаракат, сиз сузиб келган таомга шубҳа билан қарашга олиб келади ва мижоз бундан ранжиб колиши мумкин.
Ишчилар билан мулоқот асносида уларнинг кафе соҳиби Акмал Исоқовнинг иш юритиш усулидан мамнун эканликлари пайқалди.  Дарҳақиқат, Акмал Абду-ҳолиқ ўғли узоқни кўзлаб иш юритадиган тадбиркорлардан. Зеро, унинг бизнеси шахсий дунёқараши, яшаш тарзи, қолаверса, умрининг мазмунига айланган йўриқлар асосида ташкил этилган.
Муҳими, кафе ходимларида қатъий ишонч бор. Элга кўрсатаётган ишларининг нафидан уларнинг кўнгиллари равшан. Бош ошпазлар Баҳодир Абдуғаниев, Барно Тошниёзова, Феруза Қўшмето-валар олий тоифали, тажрибали мутахассислардир. Уларнинг ёрдамчилари – Муҳаббат Умарқулова, Лола Сотибол-диевалар кафе илк ташкил топган кундан буён сидқидилдан хизмат этишмоқда. Катта официантлар Гулшона Исоқова, Нодир Сайдазимов, шунингдек, уларнинг ёрдамчилари Мафтуна Аҳмедова, Умида Рўзақулова, Шерали Убаевларнинг хизматидан мижозлар хурсанд.
– Кафемиз 150 ўринга мўлжалланган, – дейди Нозимбек. – Шунингдек, миллий услубда ишланган сўрилар, махсус жиҳозланган 30 кишилик зал ҳам бор. Асосий эътибор, хизмат кўрсатиш маданиятига қаратилади. Бугунги кунда кафеда мижозларга жами 30 хил миллий таом, жумладан, беш хил сомса, саккиз хил кабоб, қимиз, салқин ичимликлар, ўрик шарбатлари таклиф қилинмоқда. Бизда нархлар ҳам паст. Масалан, кабоб – 170 тенге.  Гўштнинг нархи кўтарилмагач, биз ҳам ош-овқат баҳосини оширмадик. Қолаверса, раҳбаримиз Акмал Исоқов буни қатъий назорат қилиб туради.
Дарҳақиқат, таомномани кўриб, ҳозирги нарх-наво кўтарилган пайтда кафедаги баҳоларнинг бирдек тургани гувоҳи бўлдик. Шу ўринда хўрандаларнинг фикрларини билиш учун уларнинг айримларига мурожаат қилдик.

Ойниса Олломуродова, уй бекаси:
– Аввало, кафе ходимларининг хушмуомалалигини айтмоқчиман. Бу – келувчиларга яхши кайфият бағишласа, иккинчидан, кафеда истаган таомингизга буюртма берсангиз, дарҳол тайёрлаб келишади. Раҳбариятга, ишчиларга соғлик ва омад тилайман!

Шоҳруҳ Давлатов, тадбиркор:
– Кафеда пишириладиган гуйру лағмон, палов ва қозон кабоблар жуда мазали. Шахсан ўзим ушбу кафенинг домий мижозиман. Ошпазларнинг қўл-кўзлари дард кўрмасин!
“Ҳалол” кафеси ҳақидаги мухтасар мақолани таниқли пазандалардан бирининг “Таом тайёрлаш – илмга асосланган санъат”, деган сўзлари билан якунламоқчиман. Бинобарин, ушбуни ёзишдан мақсад – юртимиздаги кўпгина кафелар қаторида ўз ризқ-насибасини топиб, элга манзур бўлаётган инсонларни мақташ эмас, балки улар ҳақида икки оғиз илиқ сўз айтиш эди. Юртдошларимизга беминнат ва ҳалол хизмат қилаётган кафе ходимларига эса эсонлик, келгуси ишларида муваффақият ёр бўлсин!

З.АҲМАДЖОНОВ.
Тасвирда: “Ҳалол” кафеси ходимлари.

Изоҳнинг ҳожати йўқ