Алоқа | Обуна

Жаҳон чемпионатига қуръа ташланди!

Ўтган ҳафтада Россиянинг пойтахти Москва шаҳрида, аниқроғи, Кремлда 2018 йилда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига қуръа ташлаш маросими ўтказилди. Миллионлаб мухлислар кутган айни қуръада севимли терма жамоаларимизнинг қайси гуруҳлардан жой эгаллаганликларини билиб олдик.
Демак, 14 июнь куни очиладиган мундиални мезбонлар билан Саудия Арабистонининг терма жамоалари очиб беришади.
Шунингдек, “А” гуруҳидан Миср ва Уругвай терма жамоалари ҳам ўрин олди. Бу гуруҳда Россия билан Уругвайнинг имкониятлари юқори баҳоланса-да, осиёлик ва африкаликларнинг чиройли ўйинларни кўрсатишларини ёддан чиқармаслик керак.
“В” тўпида эса — фаворитлар, яққол Испания ва Португалиядир. Қўшнилар 1-турда учрашишади ва уларга Эрон билан Марокаш футболчилари қаршилик кўрсатишади.
“С” гуруҳи — Франция, Австралия, Дания ва Перу. Уч ранглилар биринчи ўрин билан плей-оффга чиқишлари маълум бўлса-да, иккинчи йўлланма учун бирданига 3 та терма жамоа ҳаракат қилади.
“Д” гуруҳида Лионель Месси билан борадиган Аргентина жамоаси ва унга Исландия, Хорватия ва Нигерия рақиб.
Диего Марадона қуръа ташлашда иштирок этганлигини ва у айнан терма жамоасидаги сўнгги учрашувлардан бирини 1994 йилда Нигерияга қарши ўтгазганлигини эътироф этиш мумкин.
“Е” гуруҳидан Бразилия, Швейцария, Коста Рика ва Сербия жой олди. Дунёнинг энг қиммат футболчиси Неймарга эга бразилияликлар, озгина бўлса ҳам, эркин нафас олишлари мумкин — европаликлар асосий рақибдирлар.
“F” гуруҳидан немислар билан Мексика, Жанубий Корея ва Швеция ўрин олди. Италияни мусобақадан чиқариб юборган швецияликлар сафига яна Златан Ибрагимовичнинг қайтиши кутилмоқда.
«G» гуруҳидан Бельгия ва Англия йўлланмаларга асосий даъвогар. Улар Панама ва Тунисдан анча кучли эканликларини ҳамма билади. Лекин жаҳон чемпионатида шов-шувлар кўп бўлишини ҳам эсда сақлаш керак.
Ва, ниҳоят сўнгги “H” гуруҳи. Польша, Сенегал, Япония ва Колумбия. Улар – деярли тенг имкониятдаги терма жамоалар.
Биз газетамизнинг келгуси сонларида ҳар бир гуруҳга алоҳида ва батафсил маълумот берамиз.

Share this Post :

Изоҳнинг ҳожати йўқ

Изоҳ ҳожат